Зарбдор тумани марказининг бош лойиҳаси ишлаб чиқилди, Зоминда 136 миллион евролик завод қурилмоқда
Ўзбекистон президентининг туманлар марказларини обод қилишга қаратилган ташаббусини Жиззах вилояти, Зарбдор тумани аҳолиси ҳам катта хурсандчилик билан қабул қилиб, фаол қўллаб-қувватламоқда.
Биринчи навбатда, туман марказининг замонавий шаҳарсозлик ва архитектура талабларига жавоб берадиган бош лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бунда янги уй-жойлар барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, бугунги тараққиёт даражасига монанд ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва пиёдалар йўлаклари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари тармоқларини юзага келтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишларига киришилган.
Туман марказидаги шоҳ кўча – Мустақиллик кўчаси том маънода қурилиш майдонига айланган. Лойиҳа асосида бу кўча кенгайтирилмоқда. Йўл бўйидаги ўз умрини яшаб бўлган эски турар-жойлар, савдо нуқталари олиб ташланиб, йиғилиб қолган чиқиндилар ҳудудда олиб чиқиб кетилмоқда. Мазкур кўча ҳамда марказдаги кўп қаватли уйлар атрофида ҳеч қандай режасиз қуриб ташланган қурилмалар бартараф этилиб, ҳудуд тўлиқ тозаланди. Яна бир неча ойдан кейин Мустақиллик кўчасининг икки томонида замонавий савдо марказлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари пайдо бўлади.
Ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида янги тармоқни тортиш, мавжуд қувурларни реконструкция қилиш, янги қудуқлар барпо этиш ва мавжудларини таъмирлаш белгиланган.
Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 4 та мактабгача таълим муассасаси барпо этилиши, тиббиёт бирлашмаси, 1-сонли болалар боғчаси каби бир қатор ижтимоий муассасалар бинолари янги кўринишга эга бўлиши ҳам аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратади.
Эски Бўстон аҳоли масканида 500 иш ўрнига эга бўладиган тикувчилик корхонаси қурилиши олиб бориляпти. Мазкур корхонада асосан шу ерда яшовчи, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар иш билан банд бўлади. Тумандаги хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси энг юқори бўлган «Шарқ юлдузи», «Тараққиёт», «Янгикент», «Оқар» қишлоқларида Мирзачўл тажрибаси асосида 250 иш ўрнига эга бўлган 4 та тикувчилик цехи ташкил этилади.
Жиззах вилоятнинг катта салоҳиятга эга туманларидан бири Зоминдир. Туманда Туркия технологияси асосида бир кунда 400 метр куб оқава сувни зарарсизлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланишга йўналтиришга мўлжалланган сув тозалаш иншооти қурилишнинг биринчи босқич ишлари якунланди. «Биоланд» сув тозалаш иншооти яхши самара бериши билан бирга, атроф-муҳитга безарар экани билан ҳам алоҳида ажралиб туради.
Зомин туманида аҳоли учун қулай муҳит яратиш билан бирга, бандликни таъминлаш, ҳудуд ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш мақсадида йирик қувватли завод ва корхоналар ташкил этишга ҳам катта эътибор берилаяпти.
Мисол учун, Даштобод шаҳарчасида узоқ йиллар бўш ётган 40 гектар ерда барпо этилаётган «Зомин-цемент» корхонаси шаҳарчадаги илк саноат корхонаси бўлади. 136 миллион 700 минг евро қийматидаги мазкур ноёб лойиҳанинг амалга оширилиши 400-чидан 700-чи маркагача бўлган юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш имконини беради.
Тартибсиз, эски, сувоғи кўчган 79 та уй кўча бўйини тўлдириб турган Қорасоч Отақулова кўчасида ҳам бунёдкорлик ишлари бошланган. Ихчам, замонавий 92 та уй шу йилнинг ўзида қуриб битказилади, бундан ташқари замонавий бозор, 50 ўринли меҳмонхона, минимаркет, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда тикувчилик мажмуаси ишга туширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter