Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекистон учун уятли ҳолат». Пул бола ҳаётидан афзалми?

«Ўзбекистон учун уятли ҳолат». Пул бола ҳаётидан афзалми?

Фото: «Medaboutme.ru»

2019 йилнинг 10 ойи давомида 28 та оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилди. Айнан таълим муассасаларида 11 та ҳолат кузатилиб, уларда 333 киши жабрланди. Ачинарлиси, уларнинг 206 нафарини болалар ташкил қилади.

Озиқ-овқат – ҳаётдаги табиий эҳтиёж бўлиш билан бирга, инсон саломатлигини таъминловчи муҳим омилдир. Қолаверса, соғлом ва тўғри овқатланиш одамга аъло кайфият бағишлаб, фаолият унумдорлилигини таъминлайди. Шу боис ҳар бир инсон тановул қилаётган луқмаси ва унинг сифатига эътиборли бўлиши талаб этилади.

Ҳаракат бор, аммо натижа...

Сўнгги вақтларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Хабарингиз бўлса, шу йилнинг 27 сентябрь санасида Бекободдаги 15-мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари овқатдан заҳарланиб шифохонага ётқизилган эди. Шунингдек, 30 сентябрь куни Андижон шаҳридаги «Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy» нодавлат таълим муассасасида ошпазнинг лағмон хамирини тайёрлаб қўйиб, уч кундан сўнг истеъмолга берганлиги оқибатида 98 нафар ўқувчида умумий заҳарланиш кузатилган. Бундан ташқари, 7 октябрь куни Самарқанд шаҳридаги Сиёб деҳқон бозорида жойлашган «Бахтиёр» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш объектида хот-дог тайёрлаш учун қўлбола майонездан фойдаланиш натижасида 25 нафар фуқаро гуруҳли овқатдан захарланган. Орадан бир кун ўтиб, яна Андижон вилояти, аниқроғи, Андижон туманидаги 35-умумтаълим мактабида 27 нафар ўқувчида бундай ҳолат қайд этилган.

Афсуски, кунда-кунора содир бўлаётган бу каби кўнгилсиз воқеалар кишини жиддий ташвишга солмоқда. Нохуш ҳолатларнинг аксарияти таълим муассасаларида содир бўлаётгани эса янада ачинарлидир.

— 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида мамлакатимизда санитария-эпидемиология осойишталикни таъминлаш, хусусан, одамларнинг жамоат жойларида, таълим муасасаларида овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича соҳа ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Бозоров. Жумладан, юртимиз маҳаллаларида, таълим масканларида давра суҳбатлари ўтказилиб, мавзу юзасидан фуқароларга атрофлича маълумотлар берилди. Профилактик тадбирлар натижасида жами 23 минг 450 литр уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари истеъмолдан олиниб, ўрнатилган тартибда йўқ қилинди. Аммо ўз ишига масъулиятсиз муносабатда бўлаётган баъзи инсонлар туфайли соҳа ходимларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари етарлича самара бермаяпти. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, овқатдан заҳарланиш ҳолатларига энг биринчи галда таом тайёрланадиган жойда санитария-гигиена талаб ва меъёрларига мутлақо риоя этилмаслиги сабаб бўлмоқда. Натижада 2019 йилнинг 10 ойи давомида 28 та оммавий заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Айнан таълим муассасаларида 11 та ҳолат кузатилиб, уларда 333 киши жабрланди. Ачинарлиси, уларнинг 206 нафарини болалар ташкил қилади.

Мактаб ва боғчани текшириш мумкин эмас...(ми?)

Маълумки, мактабгача таълим, мактаб ошхоналарида ота-оналар, мактаб раҳбарлари ва жамоатчилик назоратлари ташкил этилиши зарур. Аммо тан олиб айтиш керак, бугун юртимиз таълим муассасаларида айни йўналишдаги ишлардан кўнгил тўлмайди. Биргина жорий йил 8 октябрь санасида Андижон туманидаги 35-умумтаълим мактабида ўқувчининг онаси томонидан уй шароитида тайёрлаб олиб келинган «торт» маҳсулотининг туғилган кунни нишонлаш тадбирида истеъмол қилиниши туфайли 27 нафар ўқувчида овқатдан заҳарланиш ҳолатининг қайд этилиши сўзимиз исботи, албатта.

— Авваллари санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда санитария қоидалари, меъёрлари, гигиена талабларига амал қилинишини ўрганиш, педагог ходимлар ва тарбияланувчиларнинг соҳага доир билимларини ошириш ҳамда давлат санитария назоратини амалга ошириш масалалари бўйича мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида соҳа ходимлари томонидан 3-4 марта текширувлар ўтказилган, — дейди Муҳаммаджон Бозоров.Шу йил 25 апрель санасида Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача ҳамда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг таълим муассасаларидаги санитария-эпидемиологик ҳолатни текшириш тадбирлари чекланди. Бунинг оқибатида таълим муассасалари раҳбарлари, соҳада фаолият юритувчи тадбиркорларда масъулиятнинг сусайиши кузатилмоқда. Агар тадбиркор ёки муассаса раҳбарларига жойида камчиликлари кўрсатилиб, бартараф қилиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилмас экан, бундай ҳолатлар такрорланиши табиий. Бунинг учун амалдаги тартибларни қайта кўриб чиқиш ва саломатлик билан боғлиқ бўлган манфаатлар биринчи ўринга қўйилиши лозим.

Айрим тадбиркорлар уларга яратилган имтиёзлар ва шароитларни суиистеъмол қилиб мажбурият ва жавобгарликни унутиб қўйишмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилмоқда. Аммо айрим тадбиркорлар яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш ўрнига, берилган кафолатларни суиистеъмол қилаётгани ачинарлидир. Энг ёмони, уларнинг ўз ишига масъулиятсиз муносабатда бўлиши оқибатида кўплаб инсонлар ҳаёти хавф остида қолаётир.

Жорий йил 12 октябрь куни айни шу масала Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисида ҳам кенг муҳокама қилинди.

Танзила Норбоева,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси:

— Аслида овқатдан оммавий заҳарланиш деган гап — бизнинг Ўзбекистон учун жуда ҳам уятли ҳолат. Чунки халқимиз азал-азалдан тоза, покиза ва ҳалол овқатланишга жуда катта эътибор беради. Бироқ айрим тадбиркорлар мўмай даромад илинжида ушбу масалага панжа орасидан қараяпти. Улар мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган кафолатларнинг асл моҳиятини англаб етмаётгани оқибатида бундай ҳолатлар республикамизда деярли ҳар куни учрамоқда. Ўз навбатида аҳоли, айниқса, ёшлар ва болалар соғлом овқатланиш маданиятига риоя этмаётгани ҳам ташвишли ҳолатдир.

Алишер Шодмонов,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:

— Овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари камайиши учун бунга йўл қўйган шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилиши лозим. Тадбиркор қонундан ҳам, Худодан ҳам қўрқсин. Ҳозир улар иккаласидан ҳам қўрқмаяпти. Чунки юзлаб мактаб ўқувчиларини заҳарлаб қўйиб, озгина маъмурий жарима билан қутулиб кетяпти. Албатта, бундан кейин яна бемалол ишини давом эттиряпти.

Мамлакатимизда санитар-эпидемиологик назоратни кучайтириш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳ қонунчиликка киритиладиган тегишли ўзгаришлар бўйича таклифларни шу ҳафта аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига киритади. Биз шундай мақсадга эришамизки, ҳар бир фуқаромиз умумий овқатланиш жойида ҳам, мактаб-боғчада ҳам қўрқмасдан овқатлана оладиган бўлади.

Янги тизим қандай самара беради?

Жорий йил 9 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, санитария-эпидемиологик марказлари негизида иккита тизим — назорат инспекцияси ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш агентлиги шаклланадиган бўлди.

— Шу ўринда кўпчиликда нега деган савол туғилиши, табиий, — дейди М. Бозоров. — Сабаби, шу пайтгача тизимнинг вазифалари битта органда мужассамлашган эди. Яъни ишлаб турган тизим ҳам ижро, ҳам назорат функциясини олиб борарди. Бу эса соҳада манфаатлар кўзланишига сабаб бўлиб келаётган эди ва айрим тушунмовчилик ҳамда муаммоларнинг юзага келишига олиб келарди. Эндиликда янги тизим ишга тушгач, бундай англашилмовчиликлар ўз-ўзидан барҳам топади. Қолаверса, соҳадаги профилактик тадбирларнинг таъсирчанлиги ортади.

Хулоса ўрнида

Тозалик бор жойга барака инади, дейди кексаларимиз. Дарҳақиқат, озодалик ҳар бир бошлаётган ишимизнинг муваффақиятини таъминловчи муҳим жиҳат саналади. Шундай экан, барчамиз ҳаёт тарзимида тозаликка эътибор қаратсак, фойдадан холи бўлмайди. Зеро, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, ҳамиша ва ҳар ерда гигиена талабларига риоя этсак, ҳеч бир хасталик саломатлигимизга хавф сола олмайди.

Дарвоқе...

Таҳлилларга кўра, сўнгги уч йилликдаги 85 та овқатдан заҳарланиш ҳолатининг 58 фоизида ботулизм касаллиги қайд этилган. 27 та ҳолат уй шароитида тайёрланган сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, 15 таси тўйхона ва емакхоналардаги салат ва таомлар, 16 таси эса болалар боғчаси ва мактаблардаги талабга жавоб бермайдиган даражада пиширилган овқатлар натижасида рўй берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг