Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёмғир ёғар эди шивалаб...

Ёмғир ёғар эди шивалаб...

Севимли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти соҳиби ва бетакрор драматург Ўлмас Умарбековнинг «Кузнинг бир куни», «Одам бўлиш қийин», «Шошма, қуёш», «Ёз ёмғири», «Фотима ва Зуҳра» каби асарларини севиб ўқиганмиз. Хўш, шундай ажойиб асарлар яратган инсоннинг муҳаббати қандай бўлган?..

Ўшанда 1954 йилнинг баҳор ойлари эди... Ёмғир шивалаб ёғарди. Ҳозирги Амир Темур хиёбони майдонида жойлашган ТошДУда (айни пайтдаги Ўзбекистон Миллий университети) шахмат-шашка мусобақаси ўтказилади.

Кеч бўлиб қолгани учун ёшлар етакчиси Ўлмаснинг таклифи билан йигитлар қизларни уйигача кузатиб қўядиган бўлишади. Ўлмас Зуҳрага ҳамроҳ бўлади. У ўзбек филологияси факультетининг 1-курсида ўқийдиган бу истараси иссиқ қизни кўп учратган, аммо очиқ-ойдин гаплашмаган эди.

– Сиз қайси кўчада турасиз? – деб сўрайди Ўлмас.

– Ётоқхонада, – жавоб беради Зуҳра (қиз Тошкент шаҳридан бўлса-да, болалар уйида тарбияланган, ҳеч кими бўлмагани боис ётоқхонада яшаркан).

Уларнинг суҳбати тезда қовушиб, ётоқхона олдига етиб келишганини ҳам сезмай қолишди.

Зуҳра хонасига кирганида қувончдан юраги ҳапқирарди. Уни кўрган қизлар, ғолиб бўлдингми, дея ўраб олишди. Зуҳра шахмат мусобақасида эмас, ҳаёт остонасида ўз ўрнини топган эди.

Шундай қилиб, ТошДУ филология факультети, журналистика бўлимининг 3-курс талабаси Ўлмаснинг ишқи Зуҳрага тушди. 1956 йилнинг кузида уларнинг тўйи бўлди.

Ўлмас Зуҳранинг туғилган кунига аёллар яхши кўрадиган француз атири совға қилди ва кўп бор такрорлайдиган сўзини айтди: «Ҳар доим ясаниб, мана шундай гўзал бўлиб юринг».

Ўлмас Умарбеков ёзувчи сифатида танилиб қолган пайтлар жуда кўп хориж сафарига чиқишига тўғри келарди. Шунда доимо ёнида Зуҳрасини ҳам олиб кетарди. Ёзувчининг «Ўз аризасига кўра» асари қаҳрамони ўз аёлига «Мен сизга дунёни кўрсатдим, дунёга эса фахрланиб сизни кўз-кўз қилдим», дейди. Бу сўзлар, шак-шубҳасиз, Зуҳрага айтилган эди. Уларнинг жуфтлигига чинакамига ҳамма ҳавас қиларди.

Ўлмас аканинг бошқа ёзувчиларга ўхшамаган фазилатлари кўп эди. Бу асарларни, асосан, йилда бир марта бериладиган таътилда ёзар, бекорчиликни хуш кўрмас эди. Ижодкорларда кўп учрайдиган инжиқликлар унга бегона бўлган.

Тинимсиз меҳнат, ижод Умарбековнинг соғлигига путур етказди. 1989 йилнинг кузида адибнинг овози бўғила бошлади. Врачлар нафас олиш йўлида без борлигини айтишди. Операция қилинди. Москвада касал ётган Ўлмас Умарбеков Зуҳрани чақирди. Рўзғорнинг борига ҳам, йўғига ҳам чидаган рафиқасига ўз миннатдорчилигини билдирмоқчи бўлди-ю, айтолмади. Фақат кўзига ёш олди, холос.

– Менга айтинг, мен ўлсам, қандай яшайсиз? – деди адиб сўзларини зўрға танлаб.

Бу сўзни ҳазилга олган аёли кулимсираб жавоб берди:

– Ҳамма қатори...

– Ҳамманинг эри, ака-укаси, қолаверса, ўғли бор. Сизларни эса мен ёлғиз ташлаб кетяпман.

– Ҳали сиз кўп яшайсиз. Кўрмагандай бўлиб кетасиз. Биз... бирга ўламиз.

Ёзувчи сапчиб кетди.

– Сиз ўлманг, сиз яшашингиз керак. Қизимиз Умидани ўзингизга ўхшаган инсон қилиб тарбиялаб, катта қилинг. Кейин... ўзим чақириб оламан. Фақат сиздек фариштадек аёл билан у дунёда бирга яшай олишга рухсат бормикан?

Ўлмас Умарбековнинг кундан-кунга аҳволи ёмонлашарди. Бора-бора тилдан ҳам қолди. Уни кўришга келганлар билан қоғоз-қаламда «гаплашарди» ёки лаб қимирлашлари билан эрининг нима демоқчилигини тушунган хотини кўмаклашарди.

Бир куни Москвада кучли қор ёғди. Касалликдан ранги синиққан ёзувчи Зуҳрани имлаб чақириб, каравотининг бош жойини кўрсатди. Лабларини қимирлатиб, нималарнидир гапирди. Ҳеч ким англамаган сўзларни аёли тушунди:

– Яна қор ёғди, қорни ёмон кўрамиз-ку! Баҳорни, ҳовлимизни соғиндим. Райҳон ҳиди, ер ҳидини жуда-жуда... Ўлсам, ўз юртимда ўлай. Арзирли мол-мулк ҳам қолдирмаяпман... Чиғатойга эмас, ота-онамнинг қабри ёнига кўминглар.

Москвалик врачлар Ўлмас Умарбековнинг жуда қисқа, кўпи билан икки ойлик умри қолганини билдиришди. Уйга қайтишгач, хотинига беморни табибга қайтариш керак, дея маслаҳат беришди. Ҳакимлардан олиб келинган ҳар бир қўлбола дорини аввал Зуҳра ўзи ичиб кўрар, ҳеч қандай беҳаловатлик сезмасагина эрига берарди. Ёзувчи врачлар хулосасидан орттириб яна тўрт йил яшади.

 ...Ҳали унинг сўнгги – «Қизимга мактублар» асарининг бўёғи қотмаган эди. 1994 йилнинг 10 ноябрида қаҳри қаттиқ ўлим Ўлмас Умарбековнинг машҳурлигидан-да, Зуҳра Умарбекованинг жасоратидан-да устун келди. Ўша куни улар илк бор учрашган дамлардагидан ҳам кўпроқ ёмғир ёғди. Табиат гўё бутун борлиғи билан ўксиб-ўксиб йиғларди...

Эл ардоғидаги адиб, машҳур инсон жасади солинган тобутни кўтарган минглаб одамлар жала ёққан кўчаларни тўлдириб, ўзи васият қилганидек, ота-онаси қўйилган Тошкентдаги «Минор» қабристони томон кетишарди...

Иззат Аҳмедов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг