Атоқли адиб Носир Фозилов 89 ёшида вафот этди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Давлат мукофоти, «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти (Қозоғистон) совриндори — ёзувчи, таржимон ва муҳаррир Носир Фозилов 13 январь куни 89 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда «XXI аср» газетаси сайтига таяниб, «Дарё» хабар берди.
Ёзувчи Носир Фозилов ўзбек адабиётига ХХ асрнинг 50 йиллари иккинчи ярмида кириб келган, ҳозиргача 70 дан ортиқ китоб чоп эттирган. 30 га яқини муаллифлик асарлари бўлиб, қолганлари таржима китоблардир.
Адиб 1929 йил 10 июнда Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманининг Кориз қишлоғида туғилган. Болалиги уруш даврига тўғри келгани, ҳам ўқиб, ҳам ишлагани боис тенгдошларидан анча кеч, 1949 йили ўрта мактабни тугатган. Сўнг Тошкентга келиб, дорилфунунга ўқишга кирган, 1954 йили олий таълимни тамомлаган. «Гулхан», «Шарқ юлдузи» каби журналларда ва «Ёш гвардия», Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётларида турли лавозимларда ишлаган.
Адибнинг биринчи ҳикояси «Ленин учқуни» газетасида 1953 йили босилган бўлса, биринчи китоби 1959 йили «Ирмоқ» номи билан чоп қилинган. Сўнгра «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш қаноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиссалари» (1970), «Дийдор», (1979), «Танланган асарлар» 2 жилдлик (1983—84), «Болалигим — пошшолигим» (1989), «Бир отар тўппонча» (1995) каби ўнлаб китоблари нашрдан чиққан.
Носир Фозилов таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. Абай, Мухтор Авезов, Собир Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижалил Нурпеисов каби кўплаб қозоқ адиблари асарларини ўзбекчага ўгирган. Қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тиллардан ҳам кўплаб сара асарларни ўзбекчалаштирган.
Ёзувчига 1985 йили «Шум боланинг набиралари» китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғафур Ғулом номидаги, 1986 йили қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги, «Устозлар даврасида» асари учун эса Ҳамза номидаги Давлат мукофоти берилган. 1994 йили Қозоғистон президенти таъсис этган «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти совриндори бўлган. 1990 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони, 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 2011 йили эса «Топдиму йўқотмадим» китоби учун Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter