Ёлғон устига ёлғон, фириб устига фириб...
Карим Салимов (исм-фамилияси ўзгартирилди) ўттиздан ҳатлаганига кўп бўлгани йўқ. Шу ёшида олти марта (!) судланиб улгурган. Биринчи марта судланганида ҳали йигирма олтига тўлмаган эди.
Ўшанда фирибгарликда айбланган К.Салимовнинг жонига Амнистия акти оро кирганди. Орадан бир йил ўтиб, яна шу жиноятга қўл урди, бу сафар ҳам қонунларимиздаги инсонпарварлик тамойиллари сабаб нақ жазодан қутулиб қолди. Орадан икки йил ўтиб, яна-тағин кетма-кет фирибгарликка қўл урдики, қонундаги енгилликларда «ҳақи қолмагани» боис озодликдан маҳрум этиш жазосига лойиқ кўрилди. Шундан кейин ҳам қилмишларидан тўғри хулоса чиқарса, қани?!
Йўқ, ўрганган кўнгил ўртанишини қўймас экан: тайинланган жазони ўтаб чиқасола «эски ҳунари»ни яна такрорлади. Натижада яна «ичкари»га равона бўлди... Хуллас, қилмишларига монанд судланиши ҳам бир-бирига уланиб, тайинланган жазони ўтаб юрган пайтида унга яна бир марҳамат кўрсатилди: охирги тайинланган жазо — 4 йил озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмай қолган 2 йил 7 ой 18 кунлик муддати ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилди...
Не тонгки, унга буям кор қилмади. Яна жиноятга қўл урди. Яна фирибгарлик жиноятига... Аввалига тоғаси Ш.Шерматовга тегишли чорвачилик фермер хўжалигининг экин майдони ўзига тегишли эканини айтиб, 800 000 (саккиз юз минг) сўм эвазига К.Маматқуловга «ижарага» беради. Келишувга мувофиқ, К.Салимов «ижарага берган» экин майдони учун минерал ўғит етказиб бериши керак эди, бунгаям пул оладию амалда ҳеч нарса қилмайди. Шунга қарамай ёлғон устига ёлғон, фириб устига фирибни давом эттираверади. Энди К.Маматқуловни лаққа тушириб, тоғасига тегишли қорамоллар ўзиники эканига ишонтиради ва икки бош бузоқни унга тўрт миллон сўмдан кўпроққа баҳолаб, сотиб юборади...
Тоға-ку, жиянининг бундай қилиқларига чидар, тишини тишига босиши мумкин. Бироқ содда-баёв К.Маматқулов-чи? Ерга берган пулига куйди, ўғитга берган пулиям ҳавога учди. Энди икки бош бузоқнинг пулигаям тушсинми?! Йўқ, бунақаси кетмайди: тегишли органга мурожаат қилди.
Натижада Карим Салимов еттинчи бор (!) суднинг қора курсисига ўтирди. Жазо қонун доирасида тайинлаган бўлса-да, илгаригига қараганда оғирроқ туюлиши мумкин. Бироқ бундан бошқа чораям йўқ-да: ҳадеб жиноятга қўл ураверганга нисбатан мурувват кўрсатилавермайди, ахир?!
Иномжон Олимов,
Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги
Тергов бўлими терговчиси,
лейтенант
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter