Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари ер солиғидан озод этилди

Ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари ер солиғидан озод этилди

Фото:«Xabar.uz»

Ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида 88 минг 123 гектар қамишзор майдони бўлиб, 475 минг 864 тонна қамиш етиштирилади.

Қарорга мувофиқ, мазкур ҳудудлардаги кичик саноат зоналарида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилади.

Бунда қамишларнинг ўриб олиниши натижасида атроф-муҳитга, ҳайвонот оламига, кўчиб юрувчи қушларга зарар етказмайдиган тарздаги саноат усулида фойдаланилиши мумкин бўлган қамишзорлар майдонлари реестри шакллантирилади.

Мазкур қамишзорлар реестри асосида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш учун инвесторлар жалб этилади.

Қарорга кўра республикада 2019 йилда 60 минг куб.м, 2020 йилда 190 минг куб.м ҳамда 2021 йилда 330 минг куб.м ёғоч қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турлари ишлаб чиқарилади.

2022 йил 1 январгача ёғоч қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар олиб кирадиган хом ашё, асбоб-ускуналар, уларнинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан озод этилди.

Вилоят ҳокимларига тадбиркорларга терак ва павлония экиш учун балл бонитети паст ерларни ажратиш вазифаси юкланди.

Ёғочбоп дарахтлар плантацияларини ташкил этган тадбиркорлар 2022 йил 1 январгача терак, павловния ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари учун ер солиғи тўламайди.

Қонунчиликка мувофиқ, ёғоч-пайраха плиталар ва ёғочдан ясалган шунга ўхшаш плиталар ёки қатрон ёки бошқа органик боғловчи моддалар шимдирилган ёки шимдирилмаган бошқа ёғочсимон материалларни олиб кирувчи юридик шахслар импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилган эди. 2019 йил 1 майдан мазкур имтиёз бекор қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг