«Йил аёли-2018» миллий танловига старт берилди
Бугун, 1 декабрдан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Йил аёли-2018» миллий танловининг биринчи босқичи старт олди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Танлов ҳар йили ибратли аёлларни аниқлаш, уларнинг фаолияти билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништириш, илғор хаёт ва иш тажрибасини оммалаштириш, аелларнинг ўз касбига бўлган фидойилиги ва ижодкорлик қобилиятини рағбатлантириш, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш билан бирга, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.
Танловнинг дастлабки босқичи 10 декабрга қадар республика ҳудудлари бўйлаб ўтказилади.
Ҳудудий босқичлар ғолиблари иштирокчиларнинг фаолияти юзасидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганилади ва ҳар бир туман/шаҳардан 1 нафардан номзод саралаб олинади.
Ғолибларнинг ҳужжатлари «Йил аёли» миллий танловининг Республика босқичига тавсия этилади.
20 декабрга қадар танловнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтади.
Танловда «Гран-при», 1-,2-,3-ўрин ва 10 та номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади ҳамда танлаб олинган номзодларнинг ҳужжатлари Республика ташкилий қумитасига тавсия этилади.
Хотин-қизлар қўмитасининг «Йил аёли» мукофоти билан тақдирланадиган номзодлар тўғрисида ҳудудлардан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- маълумотнома (объективка – охирги уч ойдаги 3х4 ўлчамли рангли расм ва меҳнат дафтарчаси асосида тўлдирилган бўлиши шарт);
- тавсифнома (фаолияти давомида эришган ютуқ ва кўрсаткичлари, меҳнат жамоаси эришаётган ютуқлардаги ҳиссаси, ижтимоий-сиёсий фаолиги ва ҳоказолар);
- иштирокчи фаолиятини акс эттирувчи маълумотлар, альбом ва кўргазмали материаллар;
- яшаш жойидан маълумотнома.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Йил аёли» мукофоти соҳибаларини эълон қилиш ва тантанали тақдирлаш маросими Янги йил байрами арафасида Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Ғолиблар тантанали равишда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter