Йигирма йиллик уйқу ёхуд ўз журналистини танимайдиган халқ...
1997 йил 15 январь куни Прагада Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга «Озодлик» радиосининг мухбири томонидан мана бундай савол берилади: «Демократия ва эркин матбуот қандай бўлмоғи лозим?»
Жавоб эса қуйидагича: «...жамоатчиликнинг, халқнинг ҳокимиятга нисбатан, президентга нисбатан, мансабдорларга нисбатан билдирган фикрини ифодаловчи матбуотгина демократик матбуот ҳисобланади. Одамларда ҳар хил фикр бўлиши табиий, ҳокимият биттасига ёқади, биттасига ёқмайди, биттасининг хафачилиги бор, биттасининг аламзадалиги, биттасининг норозилиги, биттаси нима исташини ўзи ҳам билмайди. Матбуот буларнинг ҳаммасини ифодалаб бериши керак. Ўн хил, юз хил бўлса ҳам ҳаммасини бериш керак, шунга биз чидашимиз даркор. Ана шундагина демократик матбуот бўлади».
Шу ўринда И.Каримов мухбирнинг «сиз ислоҳотлар суръатини жадаллаштириш, республикада очиқ ва эркин жамият барпо этиш фурсати келганини қайта-қайта таъкидлаяпсиз, аммо ҳар қандай воқеа-ҳодиса юзасидан саволга президентга чиқишга муваффақ бўлинсагина жавоб топиш ва жавоб олиш мумкин. Бироқ ҳокимиятнинг пастки бўғинларига тушган сари бу иш оғирлашиб бораверади, ҳатто имконсиз бўлиб қолади?» деган саволига шундай жавоб беради: «Нега деганда бизларда қўрқинч бор, вазир бўлса ҳам, ҳоким бўлса ҳам бу одамлар ўзидан қўрқади, совет даврининг тарбиясини олган, менга ортиқча масъулият керак эмас, менга тинчлик керак деган бизда шундай одат бор. Шунинг учун бундай воқеалар кўп бўлади. Ҳокимлар саволларга жавоб беришга қўрқади, жойлардан сўрасангиз ё улар мужмал жавоб беради, ё мутлақо жавоб бермайди, биз бу ярамас одатдан воз кечишимиз керак. Афсуски, баъзи одамларни уйғотиш қийин бўляпти».
«Янгича ишлаш ва фикрлаш давр талаби» китобига муҳрланган ушбу суҳбатдан сўнг сизда баъзи мулоҳазалар туғилиши табиий. Хўш, нима учун уйғонмадик, сабаби президент истаганидек эркин матбуотга йўл очилмади. Ҳаттоки яна бир хориж мухбирининг бир пайтлар Самарқанддаги ягона мустақил телевидение студияси ҳеч қандай сабабсиз Россия телевидениесининг «ТВ-6» дастурини юртимизда ретрансляция қилиш учун белгиланган каналдан фойдаланиш борасида қайсидир вазирликнинг тақиқига дуч келганини айтади. Шунда президент: «Мен бу ҳолга зимдан кураш бормоқда, деган бўлардим. Кимдир кимгадир бирон нарсани бермаган, қандайдир манфаатлар тўқнаш келиб қолган, мен бугуноқ бу масалани текширишга топшириқ бераман. Мени айнан «ТВ-6»нинг тақиқлаб қўйилгани эмас, ушбу можаро ташвишлантиради. Мен ҳозир Россия «НТВ» кўрсатувларини бажонидил томоша қилган бўлардим... лекин уни нега кўрмаяпмиз, мен буни ҳатто тушуна олмайман...»
Демак, бу борада, матбуотнинг бўғилиши борасида ҳаттоки И.Каримовнинг ҳам тушунмаган ҳолатлари кўп бўлган...
Охирги танқидий мақолани 2009 йил муҳаррир топшириғи билан «Оила ва жамият» газетасида ёзган эканман. Тунги клублар ҳақидаги мақолани ёзиш учун роса сарсон бўлганим эсимда. Кечаси «мен журналистман, мақола ёзишга келдим» десангиз киргизмаслигини билмаганманда. Ва иккинчи кун дам олишга борадиганлар ниқобини кийишга мажбур бўлганман. Ярим кечаси учгача ўтириб бир бетлик мақолани ёзиб тушгача муҳаррирга топширганман. Аммо тунги клубнинг манзили, эгаси кўрсатилмаган мақола ёзилганди ўшанда ҳам. «Манзилини кўрсатсак, тепадагиларга тегиб кетилади», дейишарди. Тепадагилар ким эди. Нимага тегиб кетмаслик керак эди. Бу саволга ҳамон жавоб йўқ.
Аммо бора-бора ҳеч қайси нашр танқидий мақола бермай қўйди. Ишга кела келгунимча йўл-йўлакай кўрган маммоларимни қоғозга туширардиму аммо беролмасдим. Ҳаттоки масалан «лой йўллар асфалтланди» деб ёзсак, «лой»ни олиб ташлашарди, шунчаки йўл асфалтланди деб ёзишимиз керак эди. Афсуски у пайтлар сайтлар эътибор кам, деярли йўқ эди. Кўпчиликдан «журналистлар қўрқоқ», «журналистлар маддоҳ», «журналистлар ҳамма нарсага бефарқ қараб турди», деган гапларни эшитамиз. Бу гаплар албатта оғир ботади. Аммо бир хил мавзуда ёзиш бизнинг бадимизга урмаганмиди? Ўзини ҳақиқий журналистман деб ҳисоблайдиган журналист нимага ёзмаётганидан қайғурмасмиди?!
Албатта қош қўямиз деб кўз чиқардик. Етмиш йиллар давомида эзилган халқнинг руҳини кўтариш учун ҳаётнинг фақат оқ томонларини кўрсатиб уларни руҳлантириш учун жуда қаттиқ куч ташладикки оқибатда бу порахўр, юлғич, фирибгар, масъулиятсиз, очкўз мансабдорларга қўл кела бошлади.
Журналистларнинг ким томонидан бундай жиловлангани ҳалигача бизга қоронғу. Муҳаррирлар ўз жойидан ажраб қолишдан қўрққани учун ҳам танқид беришмайди, дейдиганлар ҳам кўп эди. Аммо 1 700 номдаги нашрнинг 1 700 муҳаррири бирдан қўрқоқ бўлиб қолиши ақлга сиғмайдиган гап. Ҳаттоки журналист танқид ёзса муҳарриргача етиб бормаган пайтлар бўларди. Бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари ўзи суробини тўғрилаб қўя қоларди. Демак, уларга ҳам тепадан топшириқ шундай бўлган. Ишдан бўшаб бошқа жойга кетай десангиз ҳамма жойда хўроз бир хил қичқираётган пайтлар эди.
Мана алал-оқибат ҳамма калтак журналистнинг бошида синди. Ижтимоий тармоқлар орқали кузатаман, бирор журналистнинг мақоласи ёки ўзи ҳақида гап кетса одамларимиз «ўзи у ким», деган саволни беради. «Фалончи журналистку», десангиз, «танимас эканмиз» деган жавобни эшитасиз. Энди биз талаб қилишга ҳаққимиз борми? Ҳақиқатни ёзаман деган журналистнинг йўқотилган йиллари учун ким жавоб беради? Бутун бир миллатнинг бошига қора кунларни солган порахўрликнинг, жиноятнинг урчиб кетишига, барча соҳаларда бошбошдоқликнинг авж олишига сабаб бўлган юрт душманларини вақтида фош қилишимиз, уларни тўхтатиб қолишимиз учун тўсқинлик қилган кимлар эди?
Ҳар йили соҳа байрамимизда Ислом Каримов: «журналистлар нега танқидий мақолалар ёзмаяпти?», деган саволни берарди. Ва мана шу гаплардан кейин бизда озроқ умид уйғонарди, демак яна танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиш имкони пайдо бўларканда деб. Аммо яна ўша эски ҳаммом, эски тос. Ростдан нега ёзмасдик, биз ёзмасмидик. Йўқ, бизга ёздиришмасди. Ўзбек журналистикасининг 20 йил ўтган умрига ачинаман, умримга ачинаман. Ахир бу ҳаётда бир марта яшаймиз. Битта касб танлаш имконияти бор. Агар у яхши кўрган касбинг бўлсаю, жон-жаҳдинг билан ишлагинг келсаю, аммо имкон беришмаса — ёзолмасанг, айтолмасанг, ғайратинг, шижоатинг, жасоратинг 20 йил орасида йўқолиб қолса алам қиларкан.
Тарих олдида биз нима деб жавоб берамиз? Нега биз шунча йил давомида йўлимизни йўқотиб қўйдик? Нега бизга ёздиришмади? Нега биз ортимиздан юраги ёниқ шогирдларни етиштириб чиқаролмадик? Бунинг учун ким жавоб беради? Қачон жавоб беради? Устозларимиз Дадахон Ёқубовдек, Карим Баҳриевдек журналистларимизнинг умри зое кетди. Улар миллий журналистикамизга жуда кўп ҳисса қўшишлари мумкин эди. Ёниқ қалби, тийрак қарашлари, ҳеч кимникига ўхшамайдиган кўрсатувлари, мақолалари билан юртга кўп фойдаси тегиши мумкин эди. Ҳали ҳам кеч эмас. Аммо йиллар давомида йўқотилган туйғулар, ишончсизлик, умидсизликни уйғотишга яна қанча вақт керак?
Кўпчилик совет матбуотини мақташади. Тўғри, ўша пайтлари бирор мансабдорни танқид қилсанг ўша пайти ишдан олинарди. Ва келаётган раҳбар ўзидан қўрқиб унинг хатоларини қилмасликка ҳаракат қиларди. Аммо бугунги матбуот танқид қилинаётган объектнинг камчиликларини кўрсатиб бериши билан хатоларини ҳам кўра оладиган мақолалар ёзадиган бўлиши керак. Афсуски, ҳозир биз танқид деб ёзаётганимиз яна ўша собиқ даврни эслатяпти. Одамларнинг тақдирини узил-кесил ҳал қилиш, ҳокимни осонгина ишдан олиб ташлаш бу масаланинг ечими эмас. Матбуотнинг кучи фақат қоралашга эмас, ўша қора томонларнинг нега қора бўлиб қолганини асослаб бера оладиган бўлиши шарт. Журналист бугун ҳокимдан, мансабдордан бир қадам олдинда юриши, қилган хатоларининг аянчли томонларини мулоҳазалари, таҳлил билан кўрсатиб бера олиши керак.
Матбуотимиз эркин сўзлай бошлаганига икки йил бўлди. Шу давр давомида биз нари борса икки-уч нафар депутатимизни таниймиз. Ўтган 20 йил давомида ўз сўзини эркин айтишга имкони яратилган биргина депутат отилиб чиққанида бугунга келиб уларнинг сафи анчага кенгайган бўлармиди. Бир шижоатли, жасоратли инсон бошқаларни ўзига эргаштириши сир эмаску. Ахир бундан йигирма йиллар олдин Ўзбекистоннинг биринчи президенти ҳам айнан депутатларга қайта-қайта мана шундай деб мурожаат қилмаганмиди: «Депутатларнинг вазифаси фақатгина сессияларда қатнашиш, ҳокимни сайлашдангина иборат эмас, улар вилоят ҳаётига фаол аралашмоғи, муаммолар ечимига ижобий таъсир кўрсатмоғи, зарур бўлса вилоят раҳбарларининг, жумладан, ҳокимнинг ҳам фаолиятини назорат қилиш, ҳокимиятнинг ишини холисона баҳолаш, камчилик ва нуқсонлар ҳақида рўй-рост гапириш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш масалаларида ўз ҳиссасини қўшиши лозим. Бу ишларни амалга оширишда жамоатчилик билан бир қаторда оммавий ахборот воситаларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ҳаётимизда содир бўлаётган салбий ҳолатларни очиб ташлашда, уларга қарши курашишда журналистларимизнинг қатъий ва муросасиз бўлиши талаб этилади...». «Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз». 259-бет. Тошкент. «Ўзбекистон» 1999 йил.)
Аммо нимагадир президентнинг барча айтганларининг тескариси қилинди. Йигирма йил давомида халқнинг номидан муаммоларни кўтариб чиқадиган журналистнинг сўзи бўғилди, шу боис ҳеч ким журналистни эсламай қўйди, ҳамма матбуотни унутди, жавобгарликни унутди, ўзи хон кўланкаси майдон бўлди. Хўш, нималарни йўқотдик? Аввало одамларнинг матбуотга, журналистга ишончи йўқолди, сиёсий онги қотиб қолди, телевидение орқали бериб бориладиган жаннатдан хабарлар туфайли бозорда товони ёрилиб арава судраб юрса ҳам шукр қиладиган зомбилар пайдо бўла бошлади. Матбуотни, сўз эркинлигини бўғиш халқнинг онги, тафаккури шаклланмай қолишига сабаб бўлди. Энг катта фожиамиз ҳам мана шу.
20 йилдан бери депутатлар ҳам, ҳоким ҳам ўзгармади. Нега? Чунки улар биларди президент минбарда туриб гапиради, эртага унут бўлади, президент гапининг орқасидан тушадиган журналист ўлик, депутатни, ҳокимни президент ёнида туриб танқид қиладиган журналист уйқуда, гўёки ҳамма журналистга йилларга татийдиган уйқу дори берилган-у карахт ва жим. Мен президентнинг танқидни куюниб минбарлардан туриб гапирганларига гувоҳман, заррача юзакилик кўрмаганман. Демак, унинг ижросига қолганда атрофдагилар қўл силташган, кўз юмишган, биринчи галда матбуотни бўғишган. Жаннатдан хабарлари билан бориб-бориб биринчи президентнинг ҳам кўзини бойлашган. И.Каримов ҳам қаерга борса, шодон халқни кўрган, атлас кўйлак кийиб фаровон юрт ҳақида қўшиқ хиргойи қилиб пахта тераётган аёл-қизларни кўрган. Ва кўрганларига ишонган, ишонтиришган. Танаси бошқа дард билмас деганларидек бугун бирор мансабдор олдига уйимда ноним йўқ ейишга деб борган фуқарони кўнглидан ҳис қилолмайди, худди президентимизда ҳам шундай бўлган. Олдиндан тайёрлаб қўйилган қўли кўксида фаровон ҳаётига шукр қилиб яшаётган одамларни кўриб, адолатсизликларни тасаввур қилолмаган. Тасаввурни ким уйғотади? Журналист уйғотадида. Журналист кетма-кет телевидение, матбуот орқали ҳақиқий аҳволни кўрсатиб борганида, таҳлилий мақолалар ёзилганида президентнинг кўзи ҳам боғланмасимиди? Иллатлардан эртароқ қутулармидик.
Бугунги вазиятни кузатадиган бўлсак, журналистнинг эркин сўзи ҳам ҳали ҳамон йўлда қолиб кетмоқда. Барча сайтларни кузатаман, оммавий ахборот воситаларини кузатаман, оғриқли қандай мавзу бўлса журналист кўтариб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Аммо йигирма йиллар давомида жавобгарликни унутган мансабдорлар эса ҳамон уйқуда...
Юқорида мисоллардан кўриниб турибдики, И.Каримов барча маърузаларида барча соҳаларни аёвсиз танқид қилган. Аммо бу танқидларга матбуот ҳеч қачон ўз муносабатини билдирмаган. Масалан, бугун кузатаяпмиз, бир мавзу қайта-қайта қаламга олинганда ўз самарасини бермоқда. Аммо ўша пайтлари президент қилган маърузалардаги танқидларга на ёзувчилар на журналистлар тўхталмаган, тўхталишига йўл қўйилмаган. Унинг ўрнига ютуқларимиз ҳақидаги маърузаларидан катта-катта иқтибослар келтириш урфга айланган... Хўш, ўша йўл қўймаган тепадагилар ким эди, улар ҳозир қаерда?
Бугун журналистга халқнинг ишончи қолмади. Тепада ўтирган, халқ душманига айланиб улгурган баъзи мансабдорлар журналист, матбуот билан умуман ҳисоблашмай қўйди. Йилларимиз ҳавога совурилди. Шунинг оқибатида жамиятда парокандалик юз берди. Ижтимоий тармоқларда аҳолидан гарчи бугун журналистика жонланган бўлса-да, «журналистлар ўлик», «журналистлар маддоҳ» деган таъна-дашномларни эшитамиз. Улардан хафа бўлишга ҳаққимиз йўқ, улар ўз журналистларини танимаслигидан ранжишга ҳаққимиз йўқ, чунки йиллар давомида халқ дардини айтолмадик, уларнинг жонига ора киролмадик, шунинг учун улар бизни танимайди, журналистни нафақат лўттибоз мансабдорлар, балки халқ ҳам тан олмайди. Бир оилада 20 ёшга кирган бола жиноятга қўл урса, унинг ота-онаси ҳам қўшилиб жавоб беради. Бизнинг совурилган йилларимиз учун ким жавоб беради???
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter