Японлардан кам жойимиз борми?
Яқинда Фейсбукда бир лавҳага кўзим тушиб қолди. Воқеа Полшада қайд этилган. Катта трассадан ўтиб кетаётган машиналардан биридаги йўловчи ойнадан турли шиша идишларни улоқтирди. Кейинги машинадаги одам ўша машинани тўхтатиб танбеҳ берди. Шиша улоқтирган йўловчи узр сўради ва ташлаган нарсаларини йиғиштириб олди. Эътиборлиси, бошқа ҳайдовчилар ҳам тўхтаб, бу ҳаракатни маъқуллашди, яъни ҳеч ким озодалик, атроф-муҳит ободлигига бефарқ бўлишмади.
Россияда ўтказилган футбол бўйича Жаҳон чемпиоантида ҳам японияликларнинг ўйиндан сўнг стадионни ҳар хил чиқиндилардан тозалаши кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Айниқса, Япония терма жамоаси аъзоларининг ўйинда ютқазиб, чемпионатни тарк этаётганига қарамасдан, ўзларига ажратилган хонани тозалаб, стол устига «Раҳмат» деган ёзувнинг қолдириши ҳам юксак маданият белгиси. Ёки бўлмаса, ҳаж мавсумида икки япониялик ҳожининг атрофда сочилиб ётган «баклашка»ларни йиғиштириб юриши ҳам уларнинг тозаликка бўлган эътибори нақадар юксаклигини кўрсатиб, ҳамманинг ҳайратига сабаб бўлди.
Бизнинг бу борада улардан кам жойимиз борми? Албатта, йўқ. Азалдан саҳарлаб келинлар, уй соҳибалари хонадонлари атрофини аввал сув сепиб, тозалаб супуришган. Туй-маракалар олдидан қўшнилар ёппасига ҳашар уюштириб, чала қурилишларни ниҳоясига етказишган. Тозалик, ободонликка катта эътибор қаратилган, қайси уй атрофи, кўча-куй нотоза бўлса, оқсоқоллар, маҳалла фаоллари танбеҳ бериб, бундай номаъқул ишларга барҳам беришган. Айниқса, сувга тупурган, ариқларга чиқинди ташлаганларга яхшигина сабоқ бериб қўйилган.
Кўп узоққа бормайлик, пойтахтимизда мана 2-3 ой бўлдики, ариқлар, каналлар атрофи тозаланиб, ободонлаштирилмоқда. Энди бу жойларни кўриб кўнглингиз яйрайди, қилса бўларкан-ку, деган ўй ўтади ичингиздан. Албатта, аслида кенг кўламда амалга оширилаётган «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларининг туб мақсади ҳам мамлакатимизни янада обод қилиш, энг муҳими, одамларнинг, айниқса, ёш авлод қалбида «Ободлик кўнгилдан бошланади», деган ғояни мустаҳкам шакллантиришдир.
Юртимизда бир хайрли анъана бор — ҳар йили катта байрамлар арафасида умумхалқ хайрия ҳашарлари ўтказилади. Шу баҳона кўп жойлар тозаланиб, обод бўлиб, мафтункор қиёфага киради. Бу йилги ҳашар Мустақиллик байрамининг 27 йиллиги ҳамда Қурбон ҳайити байрамлари арафасида, яъни 18-19 август кунлари ўтказилади.
Бугун, 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ушбу масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Бош вазир ҳашарни техника хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда ташкил этиш ҳамда ҳашарчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор бериш зарурлигини таъкидлади. «Ҳашар миллий қадриятимиз, айниқса, муқаддас қадамжолар, қабристонларни обод этиш муҳим вазифамиз бўлиши керак», — деди Бош вазир.
Йиғилишда Ўзбекистон экологик ҳаракати ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги жойлардаги аҳоли дам олиш масканларида ҳашар ўтказиш ташаббуси билан чиққани маълум қилинди. Унда, шунингдек, Қурбон ҳайитини муносиб тарзда, юқори савияда ўтказиш, тадбирлар ўтадиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш борасида ташкилий вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Қурбон ҳайити муносабати билан ҳайит намози ўқиладиган 2 мингга яқин масжидларда, 8,5 мингдан ортиқ муқаддас қадамжоларда, қабристонларда, шунингдек, истироҳат боғлари, бозорлар ва одамлар гавжум бўладиган жойларда аҳоли учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.
Мутасаддиларга бозорларда савдо хизматини юқори савияда йўлга қўйиш, нарх-навонинг сунъий равишда ошишининг олдини олиш бўйича зарур тадбирлар белгилаш вазифалари топширилди. Айниқса, байрам кунлари жойларда ташкил этиладиган савдо расталари ва умумий овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш зарурлиги юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига алоҳида топшириқлар берилди.
Юқорида японияликларнинг озодаликка бўлган эътибори ҳақида мисоллар келтирдик. Кунчиқар мамлакатда экологик маданият, теварак-атрофга ҳурмат билан қараш, табиатни асраб-авайлаш болаликдан шакллантириларкан. Шунинг учун бу тарбия японияликларнинг қон-қонига сингиб кетган ва биз бунинг исботини кўрдик. Албатта, биз ҳам оиламизда фарзандларимизни покизалик руҳида тарбияласак, Ватанимизнинг ҳар бир жойи ўз уйимиз каби саранжом-саришта, тоза бўлиши кераклигини уларнинг руҳига жойлай олсак, кўнгил ва юрт ободлигига эришган бўламиз.
Абдуғани Абдураҳмонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter