Япония Ўзбекистонга тиббий ускуналар тақдим этади
Япония ҳукумати «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида Ўзбекистон тиббий муассасаларига замонавий жиҳозлар тақдим этади.
Тошкентда бўлиб ўтган грант шартномаларини имзолаш маросимида Япония элчиси Такаши Ҳатори ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов қатнашди.
Грантларнинг умумий миқдори 290 минг долларни ташкил этади. Битимлар доирасида Самарқанд шаҳридаги 2-сонли туғруқхона, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали ҳамда Шаҳрисабз шаҳри тиббиёт бирлашмаси замонавий ускуналар билан таъминланади.
«Япония бундан кейин ҳам Ўзбекистонда юқори сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга ҳисса қўшишда давом этади», – дейилади Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси хабарида.
Кунчиқар ўлка турли йўналишлар қаторида соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш борасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Япония томони «Инсон хавфсизлигини таъминлаш» тамойилига содиқ қолган ҳолда кўмак кўрсатишда cобит эканини билдирган.
2022 йил август ойида Япония умумий қиймати 4,6 миллион долларни ташкил этувчи тиббий-диагностика ускуналари тақдим қилган.
2022 йил февраль ойида эса икки давлат расмийлари Қорақалпоғистондаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган ҳужжатни имзолаган. Лойиҳа доирасида муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион доллар) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter