Япония Ўзбекистон тиббиётига кўмакни давом эттирмоқчи
Япония «Инсон хавфсизлигини таъминлаш» тамойилига содиқ қолган ҳолда Ўзбекистонда тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича кўмак кўрсатишда давом этади. Бу ҳақда ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори соғлиқни сақлаш тизимига замонавий жиҳозлар топшириш маросимида гапирган.
Япония ҳукуматининг «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 17-сонли оилавий поликлиникага қиймати қарийб 90 минг долларлик ультратовуш текширув ускунаси ва электрокардиограф жиҳозлари тақдим этилган.
Кунчиқар ўлкада ишлаб чиқарилган тиббий аппаратлар хасталикларга тезкор ва аниқ ташхис қўйишда қўлланади.
Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил октябрь ойида айнан «Кичик миқёсли ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам» дастури доирасида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига 270630 АҚШ долларига тенг грант ажратилган эди.
Ўтган йил август ойида Япония томони умумий қиймати 500 млн иенани (қарийб 4,6 млн доллар) ташкил этувчи тиббий-диагностика ускуналари тақдим қилган.
2022 йил февраль ойида эса икки давлат расмийлари Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган ҳужжатни имзолаган. Лойиҳа доирасида муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион доллар) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter