Япония Оролбўйида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 2 миллион доллар ажратади
12 сентябрь куни Тошкентда Япония ҳукуматининг «Оролбўйида иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги орқали ўзини ўзи таъминлашни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси бўйича алмашув нотаси имзоланди. Унга мувофиқ, Кунчиқар ўлка минтақада иқлимга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 280 миллион иена (2 миллион АҚШ доллари) миқдорида беғараз кўмак ажратади.
Алмашув нотаси Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг юртимиздаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман томонидан имзоланди.
Япония элчихонаси хабарида Токио Ўзбекистонда барқарор жамият қуриш йўлида ҳамкорликни давом эттириши таъкидланган.
БМТ Тараққиёт дастурига кўра, ушбу йирик лойиҳадан Хўжайли, Чимбой, Кегейли ва Нукус туманларида яшовчи кўп минг сонли аҳоли бевосита фойда кўради.
Бошланғич босқичда маҳаллий жамоаларга янги ва оқилона қишлоқ хўжалиги амалиёти, жумладан, ердан қандай қилиб кўпроқ даромад олиш усуллари ўргатилади. Бу жараёнда иқлимга чидамли ижтимоий хизматлар, тоза ичимлик сув ва барқарор энергиядан фойдаланиш, аҳоли саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратилади.
Лойиҳа доирасида Япониянинг инновацион қишлоқ хўжалиги технологиялари бўйича тажрибасидан фойдаланилади.
Бугунги кунда Орол денгизи минтақасида иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий фаровонлик муаммоларига глобал даражада эътибор берилмоқда.
Минтақага ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш, экологик ҳолатни барқарорлаштириш бўйича вазифалар белгилаган.
Европа Иттифоқи минтақа учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 5 миллион евродан зиёд маблағ ажратган.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) ўртасида Орол денгизи инқирозига қарши курашишга қаратилган 5,6 миллион долларлик қўшма лойиҳа имзоланган.
Германия минтақада иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит деградацияси салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида 700 минг евро миқдорида навбатдаги молиявий кўмакни йўллаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter