Яна Омбудсман. Оғир шароитда яшовчи 13 та оилага уй-жой берилишига эришди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зуҳра Реймова Нукус шаҳридаги бир нечта маҳаллаларни айланди. Доимий равишда оғир турмуш шароитида яшаётган фуқаролар муаммоларини ўрганиш давомида Минтақавий вакил маҳалла биносида яшаб келаётган аёл мурожаатини эшитди, дея хабар беради Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати.
Аниқланишича, ушбу оила истиқомат қилаётган бино яшаш учун мўлжалланмаган нотурар жой ҳисобланади. Қолаверса, аёлнинг соғлиғи кундан-кун ёмонлашиб, вақтида даволанишга қўли калталик қилгани сабаб ҳозирда оғир хасталик туфайли тўшакка михланиб қолган.
Мурожаатни назоратига олган Зухра Реймова дастлаб, хаста аёлни шаҳар шифохонасининг кардиология бўлимига жойлаштириб, унинг соғлиғи малакали тиббиёт ходимлари томонидан назоратга олинишини таъминлади, маҳаллаларни айланиш давомида ночор аҳволда яшаётган яна 12 та оила хонадонида бўлиб, уларнинг ҳам мурожаатларини қабул қилди. Зуҳра Реймова суҳбатлашган фуқароларнинг сўзларига кўра, улар кўп маротаба тегишли давлат ҳокимияти ва идораларга мурожаат қилишган бўлса-да, улар эътиборсиз қолдирилаверган. Ачинарлиси, ушбу оилалар орасида ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам мавжуд. Минтақавий вакил мазкур мурожаатларни ўз назоратига олгач, ушбу оилаларга маҳаллий ҳокимият ҳисобида турган уй-жойлар ажратилди. Ҳозирда 13 та оиланинг барчаси янги уйларга кўчиб ўтишган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter