Андижонда хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фойдаланишга топширилди
Андижон шаҳрида хотин-қизлар тадбиркорлик маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Марказнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.
Марказда аёлларнинг бизнес юритиш кўникмалари шакллантирилади, маслаҳатлар берилади ва амалий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек марказ узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни касблар бўйича қайта тайёрлашга ҳам кўмаклашади.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади. Махсус дастурларни муваффақиятли ўзлаштирганларга туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига кўра, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит берилади.
Бунинг учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди банкларга ҳар йили 100 миллиард сўм ажратади, унинг камида ярми қишлоқ жойлардаги хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.
Тадбирда Андижон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича мутахассисларга фаолиятида фойдаланиш учун планшетлар топширилди.
Тадбир очилишида Андижон шаҳридаги ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмалари ташкил этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter