Хотин-қизлар қўмитаси йиллар мобайнида фақатгина турли тадбир ва йиғилишлар ўтказиш билан чекланиб, аёллар ва ёш қизларга чинакам ёрдам бермаган
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 февраль куни хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда қайд этилишича, йиғилишда ўтган йиллар мобайнида хотин-қизлар манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича самарали механизм яратилмагани алоҳида таъкидланган. Хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари йиллар мобайнида фақатгина турли тадбир ва йиғилишлар ўтказиш билан чекланиб, ижтимоий вазияти оғир оилалар, аёллар ва ёш қизларга чинакам ёрдам бериш бўйича самарали фаолият олиб бормаган. Бунинг оқибатида жойларда кўплаб масалалар тўпланиб қолган, уларнинг ечими бўйича аниқ манзилли ишлар амалга оширилмаган.
Ўтган йили жамоатчилик назорати гуруҳлари ташкил этилиб, хотин-қизлар ҳаётидаги муаммолар ўрганилди. 2017 йил жами 5 миллиондан ортиқ хонадонга кириб борилиб, оилалар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Жумладан, 22 мингта оилада ажрашиб кетишнинг олди олинди, 36 минг фуқаро ишга жойлаштирилди, 14,5 минг юртдошимизга имтиёзли кредит олишда ёрдам берилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, бу оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим ишларнинг бир қисми холос. Ҳали бу борада амалга ошириш зарур бўлган қатор долзарб вазифалар турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter