Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хоразм ҳокимлигига суд қарори «копейка»ми?

Хоразм ҳокимлигига суд қарори «копейка»ми?

Фото: Президент матбуот хизмати

Урганчлик Ўктам Раҳмонов не умидлар билан тадбиркорликка қўл урмаганди денг. Турмуш ўртоғи чевар, ўзи қўли гул уста. Бири ёқа, бири енг бўлиб, кийим-кечак ва мебел ишлаб чиқариш цехлари очса, неча одамнинг қозони қайнайди?!

Енг шимариб ишга тушган Ўктамбой Хитойдан 12 та замонавий тикув машинаси, мебел ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган техник жиҳозлар келтирди. Камига банкдан 60 миллион сўм кредит ҳам олди.

Бу орада (2018 йил, май) тикув цехи ва мебел дўкони учун 500 кв.метр ер майдони ажратиб беришни сўраб, Урганч туман ҳокимига мурожаат қилди. Мурожаати қанотлантирилиб, туман ҳокими қарори билан «Ғалаба» қишлоғининг «Қумработ» маҳалласидан 5 сотих ер майдони ажратиб бериладиган бўлди.

Туман ҳокимининг мазкур қарорини вилоят ҳокими тасдиқласа — кифоя. Шу билан расмиятчиликлар ниҳоясига етиб, хотиржам ишни келган жойидан давом эттираверади. Қолаверса, вилоят ҳокимлигининг махсус комиссияси аллақчон хулоса қилиб бўлган, унга кўра, туман ҳокимининг қарорни тасдиқлаш учун ҳеч қандай монелик йўқ.

Ишлари бир маромда кетаётганидан хурсанд тадбиркор дўкон ҳамда цех биноси пойдеворини тиклашни бошлаб юборади.

Бироқ ҳадемай айни кўпкарида манглайига урилган отдек, шаштини пасайтурувчи омиллар пайдо бўлишини у қаёқдан билсин?!

Ўктам Раҳмоновга ер ажратиб бериш тўғрисидаги Урганч туман ҳокими қарори қабул қилингани даврдаёқ урчиган муаммо 2018 йилнинг ёзига келиб баттар чигаллашди. Бу вақтга келиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан тадбиркорларга ер онлайн аукционда сотилиши белгиланди. Бу эса вилоят ҳокимлиги масъуллари учун шу давргача туман ҳокимининг Ўктам Раҳмоновга ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги қарорини тасдиқламаслик учун бир баҳона бўлди. Ҳеч ким Ўктам Раҳмоновга Президент қарори қабул қилинишидан бир ой аввал Урганч туман ҳокими қарори билан ер ажратиб берилгани, бу эса қонуний тарзда амалга оширилгани билан қизиқмади.

Умид билан вилоят ҳокимининг сайёр қабулига борган Ўктам Раҳмоновнинг қўйни пуч ёнғоққа тўлдирилди.

Навбатдаги сайёр қабуллардан бирида эса вилоят ҳокими Ф.Эрманов Урганч туман ҳокими қарори ва махсус комиссия томонидан тайёрланган вилоят ҳокими қарори лойиҳаси қонунийлигини ўрганишни вилоят прокуратураси масъулларига топширди. Қонун муҳофизлари тадбиркор Ўктам Раҳмоновга Қумработ маҳалласидан берилган 5 сотих ер туман ҳокимининг қарори билан асосли равишда берилгани ва бу юзадан вилоят ҳокими қарори ҳам қабул қилиниши лозимлигини таъкидлаб хат тақдим қилди.

Шундаям амалда ўзгариш бўлгани йўқ.

Аксинча, орадан роппа-роса бир йил ўтиб, Урганч туман ҳокими ҳеч қандай асослантирилмаган ҳолда ўзи чиқарган 2018 йил 18 июндаги қарорини бекор қилиш тўғрисида янги қарор чиқарсами?!

Бир пайтлари Хоразмда «Қатиб олдим, туфак!» деган болалар ўйини бўларди. Бу ўйин қоидасига кўра айтилган топишмоқ ёки бирор саволга нотўғри жавоб берган болага бирор бир машаққатли вазифани бажариш топширилади. Масалан: бирор жойга югуриб бориб-келиш. Агар ўйин иштирокчилари учгача санагунча «Қатиб олдим, туфак!» деса, вазифани бажариш масъулиятидан соқит бўлади.

Ҳокимлик мутасаддилари кўча чангитиб юрган болача эмаски, «Қатиб олдим, туфак!» деганча ўз қарорини янги бир қарор билан бекор қилворса?!

Шундан сўнг Ўктам Раҳмоновнинг сарсон-саргардонлиги бошланди: сайёр қабулларда оёғи тўзди, Олий Мажлис Сенати депутатларига арзи ҳол қилди, неча бор прокурор, судьялар билан рўбарў келди.

Югур-югур, чоп-чоплар натижасида Урганч туман маъмурий суди туман ҳокимининг 2018 йил 18 июндаги қарори бекор қилиш тўғрисидаги янги қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Бироқ суд қарори ёшулли жанобларининг столи устида чанг босганича қолиб кетди.

Тоқати тоқ бўлган тадбиркор яна судга ариза билан мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унинг аризасига асосан Урганч шаҳар маъмурий суди (2019 йил, 7 июнь) Хоразм вилоят ҳокимлиги зиммасига Урганч туманининг «Қумработ» маҳалласининг 87-88-қисм контуридан тикувчилик цехи ва мебел дўкони қуриш учун 500 кв. метр ер майдони ажратиб бериш мажбуриятини юклади. Хоразм вилоят маъмурий суди эса мазкур қарорнинг «мажбурият юклаш» қисмини ўзгартириб, тадирбиркорга «доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаш мажбуриятини юклансин» дея янада аниқроқ қилиб қўйди...

Шундаям иш олдинга силжимаётганига нима дейсиз? Хоразм вилоят ҳокимлиги мутасаддилари суд қарорини шунчаки бир парча қоғоз деб қабул қилган шекилли. Йўқса, Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган суд қарори аллақачон сўзсиз ижро қилинган бўлур эди. Ҳатто, суд қарори Мажбурий ижро бюроси Урганч шаҳар бўлими иш юритувида бўлса-да, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари олдида ҳеч ким ип эшолмайдиган кўринади.

— Аслида ишларимнинг бундай чигалликларга уланиб кетишида вилоят ҳокими теварагида юрган айрим «учар»лар билан муносабатимиз совуқлашиши сабаб бўлди, — дейди Ўктам Раҳмонов. — Ер майдони бериш бўйича тузилган вилоят ҳокимлиги қошидаги комиссия аъзоси бўлган ана шу «учар»лардан бири мендан 12 кишилик овқатланиш столи қанча сўмлигини сўраган эди. Мен соддалигимга бориб, бу жиҳознинг аниқ баҳосини айтибман. Кейин билсам, у шу нарсани совға қилишимни кутган экан.

Тадбиркорнинг ҳасрат билан таъкидлашига кўра, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси раҳбари Қудрат Бекжонов: «Мен бу ерда бошлиқ бўлиб ишлар эканман, ҳеч қачон сенга ер берилмайди!» деган экан...

Ажабланарли жиҳати шундаки, Урганч туманининг Қумработ маҳалласи «Обод маҳалла» дастурига тушган ҳудуд саналади. Ўктам Раҳмонов пойдеворини тиклашни бошлаб қўйган ҳудуд эмишки, экин майдони саналаркан. Гир атрофи дўконлар, болалар боғчаси ва турар жойларга аллақачон ажратиб берилган ҳудуднинг фақат Ўктамбойга теккан қисми экин майдони деган баҳонада қурилиш ишларининг тўхтатиб қўйилгани кишиниинг кулгисини келтирмайдими?!

— Баъзан ҳаммасини йиғиштириб, Россияга ишга кетсаммикан деган хаёлга бораман, — дея гапидан давом этади тадбиркор. — Лекин Президентимиз икки ишчи ўрни яратган тадбиркорни бошга кўтараман, деб турганда қўлимдан келадиган ишни ўз юртимда нега қимаслигим керак?

Тадбиркорнинг гаплари тўғри, қатъияти таҳсинга лойиқ. Бироқ ундаги иштиёқ ва қатъият маҳаллий раҳбарлар томонидан сўндираверилса, хайрли ишга сунъий тўсиқлар қўйилаверса, қачон тонг отади?! Кўряпсиз, ҳатто суд қарори ҳам масалага ечим бўлаётгани йўқ. Бундай вазиятда иштиёқ ва қатъиятга путур етиб, фуқароларнинг наинки маҳаллий раҳбарлар, ҳатто адолатга нисбатан ишончи қолмаслиги мумкин.

Хоразм вилояти ҳокимлиги мутасаддиларига шу керакми?

Сарви ОЗОД, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг