Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хивада темир йўл вокзали барпо этилди

Хивада темир йўл вокзали барпо этилди

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 апрелдаги қарорига мувофиқ, 2017-2018 йиллар давомида умумий қиймати 35,9 миллион АҚШ доллари бўлган Урганч – Хива оралиғида янги темир йўл участкасини қуриш, янги Хива вокзалини барпо этиб, атрофни ободонлаштириш ишлари белгиланган эди.

«Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизматининг хабар беришича, бунёдкор темирйўлчилар томонидан ўтган йилнинг ўзидаёқ қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Дастлаб Урганч вокзалидан Хива шаҳригача умумий узунлиги 33,78 км (асосий йўл 29,6 км) бўлган темир йўлни замон талаблари даражасида бунёд этиш ишлари амалга оширилди. Ўтган қисқа вақт давомида ушбу муҳим лойиҳа доирасида режалаштирилган 93та сунъий сув иншоотлари, 5 та кўприк ва 1 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. Шунингдек, Хива шаҳрида вагонларга техник хизмат кўрсатиш ва станция биноси янгидан қурилиб, замон талабларига мос тарзда жиҳозланди.

Эндиликда бунёд этилган янги линияда ташишлар «Урганч» ва «Хива» станциялари орқали амалга оширилади.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати

Лойиҳа доирасида Хива шаҳрида бир вақтнинг ўзида 200 йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган, миллий услублар билан уйғунлашган замонавий Хива вокзали ҳам барпо этилди.

Янги  вокзал биносининг ташқи кўриниши Хоразм меъморчилиги намуналарини ўзида мужассам этган. Вокзал сўнгги русумдаги асбоб-анжомлар билан жиҳозланди. Бу ерда замонавий VIP зали, она ва бола ҳамда  тиббиёт хоналари қурилди. Лойиҳага кўра,  бинонинг кираверишида замонавий ва маҳаллий услублар уйғунлашган кўркам фойе қад ростлади. Режага мувофиқ, унинг олдида мусиқали фаввора ўрнатилди.

Хива вокзали рўпарасида янги миллий услубдаги меҳмонхоналарга кўзингиз тушади. Уларнинг яқинида эса «Хива-Локомотив» парки ҳамда замонавий гипермаркет бунёд этилмоқда.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати

Хива шаҳрида темир йўл вокзали қурилиши билан бирга, туризмни ривожлантириш мақсадида янгидан янги меҳмонхоналар ҳам бунёд этилмоқда. Айни дамда «Ўзбекистон темир йўллари» МЧЖ томонидан 74 нафаргача меҳмонни қабул қилувчи, барча қулайликларга эга меҳмонхона қурилишининг якуний ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳудудда 84 ва 56 ўринга мўлжалланган яна икки меҳмонхона, 70 ўринли ресторан  ҳам қад кўтармоқда. Бундан ташқари, «Хива-Локомотив» истироҳат боғи барпо этилмоқда. Унда 57 сотихли кўл, 27 хил аттракцион, амфитеатр, замонавий савдо расталари фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг