Хитойга бормоқчи бўлаётган ўзбекистонликлар диққатига: тавсия ва огоҳлантиришлар
Сўнгги кунларда Хитойнинг турли ҳудудларида, жумладан, Пекин шаҳри аҳолиси ўртасида COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг янги ҳолатлари рўй бергани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Элчихонаси Хитойда бўлиб турган ва мазкур мамлакатга келишни режалаштираётган ватандошлардан қуйидагиларга эътибор қаратишларини сўрайди:
- ХХР Ҳукуматининг коронавирус тарқалишини тўхтатиш ҳамда касаллик оқибатларини бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва кўраётган чора-тадбирларига қатъий риоя этиш.
- 2021 йил 19 январдан эътиборан хорижий мамлакатлардан пойтахт Пекинга келадиганлар соғлигини назоратга олиш учун карантин муддати 28 кунгача узайтирилди. Хориждан Хитойнинг бошқа шаҳарлари орқали Пекинга кирмоқчи бўлганлар пойтахтга киришдан олдин ўша шаҳарларда 21 кун карантинда бўлади. Пекинга етиб келгач, уларнинг саломатлиги 7 кун давомида яна кузатувга олинади.
- Хитойдан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган ватандошларга «Сиан-Тошкент-Сиан» йўналишида чартер ҳаво қатновларини амалга ошираётган Хитой авиакомпанияси хизматларидан фойдаланиши тавсия этилади. Талабалик гувоҳномасини тақдим этган талабалар учун авиачипта харид қилишда чегирма мавжуд.
- Ўзбекистон фуқаролари ХХР ҳудудидан Сеул шаҳрига (Корея Республикаси пойтахти) етиб олиши ва аэропорт транзит ҳудудидан чиқмаган ҳолда ҳафтанинг ҳар жума куни «Uzbekistan Airway» AЖ амалга ошираётган «Тошкент-Сеул-Тошкент» йўналишидаги рейслар орқали Ватанга қайтишлари мумкин.
- Ўзбекистонга қайтган ва ўқишни/меҳнат фаолиятини давом эттириш мақсадида Хитойга қайтишни режалаштираётган ватандошларларга таълим муассасаси/иш берувчи билан боғланиб, ўзларининг Хитойга қайтишлари бўйича маслаҳатлашиб олиш тавсия этилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter