Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хатирчи туманида Амир Темур давридан келаётган 1000 туп кўчат экилди

Хатирчи туманида Амир Темур давридан келаётган 1000 туп кўчат экилди

Фото: «Olx»

Азалдан Ўрта Осиё сархил мевалари-ю, полиз экинлари билан машҳур. Айниқса, узумчилик борасида бизнинг боғбонларга тенг келадигани йўқ. Шу кунга қадар узумнинг юзга яқин навлари яратилган бўлиб, улар асосан, дастурхонбоп ва қуритиладиган йўналишидаги навлардир. Ўзбекистон узумлари селекциясининг отаси Ризамат ота номи берилган «Ризамат» узум нави том маънода ушбу навларнинг гултожиси ҳисобланади.

Аммо охирги йилларда технологияларнинг тараққий этиши натижасида кўпгина ривожланган мамлакатлар олимлари томонидан мавжуд навларни чуқур таҳлил қилиш ва улар устида молекуляр тадқиқотлар олиб борилиши оқибатида келиб чиқиши асли бизнинг диёрлардан бўлган кўпгина навлар баъзи хусусиятлари ўзгартирилган ҳолда қайта нав сифатида дунё юзини кўрмоқда. Бу эса ўша навларни валюта ҳисобига юртимизга олиб келиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Шунинг учун ҳам маҳаллий навларни молекуляр тадқиқ этиш ва замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда янги навларни яратиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланиб бормоқда.

Кейинги йилларда ҳукумат эътиборининг ушбу соҳага янада чуқурроқ қаратилаётганлиги эса узумчилик соҳасининг истиқболли эканлигидан далолатдир. Хусусан, 2018 йилнинг 2 март санасида Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига қилган ташрифи чоғида Хатирчи тумани токзорларида етиштириб келинаётган узум навларини замонавий геном технологияларидан фойдаланиб генетик таҳлил қилиш керакли тўғрисида топшириқ берган эди.

Шу муносабат билан, Геномика ва биоинформатика марказининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, биология фанлари доктори Забардаст Буриев ҳамда асли навоийлик бўлган ходим Илёсбек Нормаматов 2018 йилнинг 18-19 март кунлари Навоий туманининг қатор Олтинсой, Учқора ва Акмал Икромов қишлоқ фуқаролар йиғинларида бўлиб, узумчилик соҳаси билан яқиндан танишдилар. Деҳқон ва фермерлар билан суҳбатлашиб, ушбу соҳада уларни қийнаётган муаммоларни ўрганишга ҳаракат қилдилар. Маҳаллий узум навлари етиштирилаётган хонадонлар ва фермер хўжаликлари кўздан кечирилди.

Натижада, ушбу худудларда Амир Темур давридан буён етиштириб келинаётган энг қадимий «оқ дум» ва оммалашган «қизил дум» узум навларидан барг намуналари йиғилиб, марказга олиб келинди. Молекуляр тадқиқотларни амалга ошириш учун ушбу намуналардан геном ДНК ажратилиб, микросетеллит маркерлар ёрдамида генотипик жиҳатдан ўрганишга киришилган бўлса, бошқа бўлим ходимлари томонидан намуналардан ин витро шароитида кўпайтириш учун ўсув қисмлари ажратиб олинди. Назорат намуналари сифатида «Тагапский» кишмишбоп узум нави ҳамда генетик жиҳатдан яхши ўрганилган, Италия селекциясига мансуб «Моррастел» навлари олинди. Таҳлил натижаларига кўра узумнинг ушбу икки маҳаллий турлари ўзаро бир-биридан фарқ қилиб, ҳар икки нав ичида ҳам хилма-хиллик мавжудлиги аниқланди.

Хусусан, қадимий узум «Оқ дум» навида генетик хилма-хиллик кўплиги (25% гача) ва ноёб генотиплар мавжудлиги аниқланди. Бу эса, ўз навбатида «Оқ дум» навининг тозалиги 75% ни англатади. «Қизил дум» узум навларида генотипик хилма-хиллик даражаси 20% гача эканлиги ва нав тозалиги 80% га тенглиги аниқланди. Компютер дастури асосида навларнинг шажараси ўрганилганда «Оқ дум» нави икки гуруҳга бўлиниб, бир гуруҳи «Қизил дум» навига яқин эканлиги, иккинчи гуруҳи эса узоқ тарихга эга эканлиги маълум бўлди. «Қизил дум», нави бўйича намуналар ҳам икки гуруҳга ажралиб, бир гуруҳи «Тагапский» кишмишбоп узум навига яқин «қариндош» эканлиги, иккинчи гуруҳи эса биринчисидан фарқли равишда ажралиб чиқди. Натижалар шуни кўрсатди-ки, «Қизил дум», навида «Оқ дум» навига нисбатан нав тозалиги юқорироқлиги кузатилди. Шундай бўлсада, ҳар икки навда ҳам хилма-хиллик хусусияти юқорилиги аниқланди.

Махсус озуқа муҳитида етиштирилаётган ток ўсимликлари вирус ва бошқа инфекциялардан тозаланиб, соғломлаштирилди. Соғлом ўсимликлар махсус озуқада кўпайтирилди ва 2019 йилнинг апрел ойига Хатирчи туманига 1000 туп кўчат олиб келинди ва экилди. Аҳамиятли жиҳати ушбу ўсимликлар Ўзбекистон шароитида замонавий ин витро усулида олинган илк ўсимликлар ҳисобланади. Умид қиламизки, бугун ташкил этилаётган бу каби токзорлар ҳали кўп йиллар давомида халқимиз дастурхонини файзи бўлиб хизмат қилади.

Мирзакамол Аюбов,
Катта илмий ходим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг