Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Узумчиликка субсидия бериш бўйича янги низом тасдиқланди

Узумчиликка субсидия бериш бўйича янги низом тасдиқланди

Фото: Xabar.uz

Ҳукумат қарори (327-сон, 10.06.2022 й.) билан Узум кўчатларини шпалерга (ёғоч ва бошқа синувчан устунлардан ташқари) кўтариш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга асосан, субсидия:

- хўраки ва кишмишбоп токзорларни барпо этган талабгорга – Боғдорчиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;

- саноатбоп токзорларни барпо этган талабгорга – Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.

Субсидия барпо қилинган токзорларда узум кўчатларини кўтариш мақсадида шпалерни ўрнатиш (қуриш) ишлари якунлангандан сўнг фақат бир маротаба, бир дона шпалер учун 15 минг сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорини қоплаш учун ажратилади.

Талабгор субсидия олиш учун шпалерни ўрнатиш (қуриш) ишлари якунлангандан сўнг хулоса олиш учун туман ишчи гуруҳига аризани ёзма ёки электрон шаклда юборади.

Ўрганиш натижаси юзасидан 1 кунда ижобий ёки салбий хулоса берилади.

Тегишли Агентликлар туманлар қишлоқ хўжалиги бўлимлари билан биргаликда 5 йил мобайнида шартномада кўрсатилган параметрларнинг бажарилиши юзасидан мониторинг олиб боради.

Жамоатчилик назорати субъектлари томонидан субсидия предметидан мақсадли фойдаланилмаётган ёки яроқсиз ҳолдалиги аниқланса, бундай ҳолатлар видеотехника воситалари орқали ёзиб олиниб, 2 кун муддатда туман ишчи гуруҳига тақдим қилиниши мумкин.

Хабар ўз тасдиғини топган тақдирда тегишли Агентлик томонидан рағбатлантирилади. Рағбатлантириш талабгордан ундирилган субсидиянинг 5 фоизи миқдорида амалга оширилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан тасдиқланган Виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисмини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг бир қисми (ҳар бир виночилик асбоб-ускуналарини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи, бироқ 300 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори) қоплаб берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг