Халқаро армия ўйинлари ғолиблари пул ва ҳарбий унвонлар билан тақдирланди
17 сентябрь куни «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасининг Амфитеатрида «АрМИ-2022» ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз байроғини юқори кўтарган ҳарбий хизматчиларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Олий Мажлис депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 15-27 август кунлари йилнинг энг нуфузли ҳарбий мусобақаларидан бири бўлган «АрМИ–2022» Халқаро армия ўйинларида вакилларимиз 7 та олтин, 10 та кумуш, 5 та бронза медалларига эга бўлишди. Шунингдек, 22 та шахсий ва жамоавий рекорд натижаларни ҳам қайд этиб, 37 та давлат ичида умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.
Байрамона тадбирда вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича навбати билан саҳнага чиққан ҳарбий жамоаларнинг ҳар бир аъзосини қутлаб, пул мукофотларини топширишди. Яъни, ғолиб ва совриндор бўлган ҳарбий хизматчиларимиз лавозим маошларига мос равишда ўн, олти ва уч баравари миқдорида пул мукофоти ҳамда бир пағона юқори малака тоифалари билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, маросим давомида Халқаро армия ўйинларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга муддатидан олдин навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter