Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Вақф» раиси «Малибу-2» олдими?

«Вақф» раиси «Малибу-2» олдими?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилганига роппа-роса бир йил бўлди. Мазкур фонд Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида ташкил этилгани ҳам маълум.

Ўтган вақт давомида «Вақф»нинг асосий фаолияти хайрия ишларидан иборат экани, айниқса, «аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш»га алоҳида аҳамият берилаётгани ҳақида кенг жамоатчилик етарлича тасаввур ҳосил қилиб улгурди. Фонд амалга ошираётган ишлар кўлами хусусида ҳам ахборотлар кам эмас: оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарлардан тортиб, имом-хатиблар жумъа мавизаларида бу ҳақда алоҳида икки оғиз бўлсин маълумот беришни канда қилишмаётир. Бу — тушунарли, албатта. Зеро, фонд фуқароларнинг хайрияларини муҳтожларга етказиш билан шуғулланар экан, амалга ошираётган ишлари ҳақида соҳиби эҳсонларга умумий тарзда маълумот берилиши мутлақо табиий.

Шунга қарамай, фонд маблағлари сарфланишига оид ҳар хил хабарлар ҳам йўқ эмас. Бир қанча вақт муқаддам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Д.Ҳошимов ҳибсга олингани, у «Вақф»  хайрия жамоат фондига ўтказиб берилган кўчмас мулклар ва таъмир учун ажратилган катта маблағ билан боғлиқ коррупцион схемаларда иштирок этгани гумонланаётгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Мазкур хабар расмий тасдиқланмаган бўлса-да, расман инкор этилгани ҳам йўқ.

Бугун эса «Вақф»  хайрия жамоат фонди раиси ўзига «Малибу-2» хизмат машинаси олганлиги ҳақида хабар тарқалди

Бу хабарнинг шов-шув бўлаётгани боисики, юқорида айтдик, фондга тушаётган асосий маблағлар фуқароларнинг хайр-эҳсонидан иборат. Улар фақатгина хайрия мақсадларида ишлатилиши шарт. Шундай экан, ушбу хайрия ташкилоти раҳбари фонд пулига қимматбаҳо хизмат машинаси харид қилиши соғлом тасаввурга кўпам сиғмайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирча бу хусусида изоҳ бергани йўқ. Идора билан боғланганимизда «Малибу можароси» ўрганилаётгани, яқин келажакда атрофлича маълумот берилажаги айтилди.

Кутамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг