Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентга яна «Boeing» келмоқда. Унинг афзалликлари нимада?

Тошкентга яна «Boeing» келмоқда. Унинг афзалликлари нимада?

Фото: «Ўзбекистон ҳаво йўллари»

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ҳамда «Boeing» корпорацияси навбатдаги «Boeing 787-8 Dreamliner» йўловчи самолётини етказиб бериш бўйича шартномани имзолади. Ушбу қўшимча самолётни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг миллий авиаташувчиси 2020 йилгача ўз паркида ушбу турдаги олтита самолётга эга бўлади.

Жорий йилнинг май ойи ўрталарида етказиб берилиши кутилаётган учинчи «Dreamliner» МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита «Boeing 787-8 Dreamliner»дан йўловчи ўриндиқларининг сони кўплиги — умумий сони 270 (бизнес классда 24 та, иқтисод классда 246 та) ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа «Boeing 787-8 Dreamliner» ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага CО2 ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи «GE Aviation» компаниясининг GEnx-1B двигателлари ўрнатилган.

«Dreamliner» самолётларининг келиши билан МАК авиапарки ноёб авиапарк даражасига етди. Авиакомпания авиатранспорт бозоридаги талаб ва вазиятдан келиб чиқиб, ўз ҳаво флотидан унумли фойдаланмоқда, шунингдек, яқин ва узоқ йўналишларда самарали фаолият юритиб, янги йўналишларни очмоқда ва йўловчиларни узоқ масофаларга юқори даражадаги қулайлик билан ташимоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда «Boeing 787-8 Dreamliner» самолётларига буюртма берган биринчи буюртмачидир. Авиакомпания «Dreamliner»ларнинг тижорат эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган. 2017 йил 27 июлда эса Ўзбекистон миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта ушбу русумдаги самолётда Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг