Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уй эгаси фақат долларда гаплашади. Кўнсангиз, шу...

Уй эгаси фақат долларда гаплашади. Кўнсангиз, шу...

Фото: «Zagranitsa»

Ҳар қандай давлатда бўлганидек Ўзбекистонда ҳам ички меҳнат миграцияси кузатилади. Кимдир олий ўқув юртини тамомлагандан сўнг Тошкент шаҳрида ишда қолади, кимдир Тошкентга вилоят ёки тумандан ишга келади. Шундай экан, Тошкент шаҳрига келган шахс олдида бир қанча муаммолар пайдо бўлади. Бу муаммоларнинг энг асосийлардан бири уй-жой ижарасидир.

Тошкент шаҳрида ижарада туриш учун авваламбор уй керак. Эҳтиёждан келиб чиқиб у бир, икки ёки уч хонали квартира ёки ҳовли бўлиши мумкин. Таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистонда ижарага олиш/бериш тартиби бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Квартира топишнинг бир нечта усули бор. Бу «квартира бозори», газета, интернет, кўчадаги (дарахт ё устунларга ёпиштирилган) эълонлардир. Аввало шуни эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон ҳудудида пул бирлиги сўмдир. Шунга қарамай кўплаб квартира эгалари ижара ҳақини АҚШ долларида белгилайди. Нимага деган саволга аниқ жавоб йўқ. Кимдир нархларнинг ошиб кетаётганини рўкач қилади, кимдир сўм қадрсизланиб кетаётганини. Аслида барчаси баҳона. Агар Ўзбекистон фуқароси иш жойидан маошни АҚШ долларида олаётган бўлса, марҳамат, ижара ҳақини долларда тўласин, аммо юртимизда ким долларда иш ҳақи олади? Ўз навбатида, бу ерда бир нечта муаммо пайдо бўлади.

1. Масалан, бир талаба Тошкент шаҳридаги нуфузли олий ўқув юртини тамомлади. Унинг иқтидори ва билимини ҳисобга олган ректорат ходимлари битирувчини бир вазирликка йўллашди. У суҳбатдан ўтди ва иш бошлайдиган бўлди. Иш ҳақи 1 миллион 500 минг сўм этиб белгиланди. Тошкент шаҳрида энг арзон ижара ҳақи 100 долларга (ўрта ҳисобда 810 000 сўм) тенг. Таъкидлаш жоизки, 100 долларлик квартиралар одатда шаҳар четида ёки транспорт (айниқса метро) қатнови ноқулай бўлган жойда бўлади. Марказдаги 1 хонали квартираларнинг ойлик ижараси нархи камида 150 доллардан бошланади (икки ва уч хонали 200-300 долларлик квартиралар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади). Афсуски, уй эгаларининг аксарияти сўмда ҳисоб-китоб қилишни истамайди. Молия вазирлигига ишга кирган янги ходим ҳар ойда 100 долларни қаердан олади? Бунинг устига долларнинг расмий курси ўзгариб туради, кўпинча кўтарилади.

2. Йигит уй топгандан сўнг уй эгаси билан шартнома тузади. Шартномада кўрсатилган ҳар ойлик ижара ҳақи (де-юре) 300 минг сўм, аслида эса (де-факто) 100 доллар + коммунал тўловлар. Бундан ташқари, йигит интернетдан фойдаланади, ахборотларни билиш учун телевизор кўради, ёзнинг иссиқ кунларида кондиционердан фойдаланади, натижада барчасини ҳисобга олган ҳолда ижара ҳақи бир ойда ўртача 1 миллион сўмни ташкил қилади. Яъни, ҳар ойда олаётган маошининг 50 фоизи ижарага кетмоқда. Уй эгаси эса ижара шартномасида кўрсатилган 300 минг сўмдан келиб чиққан солиқни тўламоқда.

Тўғри, буни ҳам тартибга солиш мумкин. Профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, солиқ ва прокуратура органлари ходимлари Тошкент шаҳри бўйлаб битта мониторинг ташкил қилишса барчаси аён бўлади. Бунинг учун нотариал тасдиқланган барча шартномалар ўрганилади ва ҳақиқий ҳаёт билан қиёсланади. Ишонинг, «200-300 минг сўмлик» кўп шартномалар аслида «100-150 долларлик» бўлиб чиқади.

Савол туғилади: ижара берувчининг виждони борми? Ҳаётимиздаги барча ҳаракатларни фақат қонун билан тартибга солиш тўғри эмас, яъни турли хил текширувлар, мониторинг ёки жазо. Ижара тўловининг минимал ставкаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган, Ўзбекистонда яшаш шароити барчага маълум, ҳеч бўлмаса виждонан ижара ҳақи сўмда олиниб, ижара тўлови ҳаётга, кўпчилик олаётган иш ҳақига мос равишда белгилансин. Агар кўпчилик ўз маошининг 50-70 фоизини ҳар ойда ижара берувчига бераверса, у қачон ўзи учун уй ёки машина сотиб олади, оиласи, фарзандларининг келажаги учун пул йиғади?

Кўпчилик юқоридагиларни ўқиб, «шартнома тузилаётганда нимага ижарачи ҳақини талаб қилмайди, нимага ўз ҳуқуқини билмайди?» дейишингиз мумкин. Бунинг сабабини қуйидаги телефон орқали қилинган суҳбатдан билиб олишингиз мумкин. Суҳбат бир хонали квартира ижараси ҳақида.

— Ассалому алайкум.

— Салом.

— Квартирани ижарага бераётган экансиз. Қизикдик.

— Квартирада ўзингиз турасизми? Неча кишисизлар? Студентмисиз?

— Йўқ, оилам, учта фарзандим бор. Студент эмасман. Ота-онам ҳам келиб туради баъзида.

— Уй меники эмас. Мен маклерман. Уй эгаси оилалиларни ёмон кўради, айниқса болаларингиз бўлса. Студентлар умуман қўйилмайди. Унга ортиқча муаммо керак эмас, аммо уни кўндиришга ҳаракат қиламан.

— Қизиқ. Ижара ҳақи қанча?

— Ижара ҳақи 150 доллар, ками йўқ. Уй метронинг олдида. Шартнома қилиб беради. Бундан ташқари свет, газ, телефон ва сув ҳақини ўзингиз тўлайсиз. Керак бўлса, телевизор олиб келиб беради. Бир уйни кўринг, агар маъқул келса, менинг ҳақим 50 фоиз.

— Қанақа хақ?

— Уйни топиб берганим учун. Менга 75 доллар берасизлар.

— Хўп, ака, сўмда тўласа бўладими? Мен давлат ишида ишлайман. Ойликни сўмда оламан.

— 150 доллар, тамом-вассалом. Ўзи бу квартира 200 доллар, янаям арзон қилиб қўйдик, клиент бўлмагани учун. Уй эгаси сўмда гаплашмайди, фақат долларда гаплашади.

— Тўғри тушунинг, мен долларни ҳар ойда қаердан оламан?

— Э-э-э, бошимни қотирманг. Хоҳласангиз шу, хоҳламасангиз бошқа. Саломат бўлинг.

Шу билан суҳбат ниҳоясига етди. Агар фуқаро Америкада яшаб, иш ҳақи долларда бўлганида, балки муаммо бўлмасди. Аммо бу ер Ўзбекистон ва бизнинг миллий валютамиз — сўм.

Сиз суҳбатда келтирилган фактлар билан ҳаётдаги муаммоларни қиёсланг. Уй эгаси оилали инсонларни ва болалиларни ёмон кўради, 150 доллардан бошқасини истамайди, барча харажатларни ижарачи тўлайди ва маклерга 75 доллар берилади.

Энди маош 1 миллион 500 минг сўм дейлик, марказдаги 1 хонали квартира эса камида 150 доллар (ўртача 1 миллион 215 минг сўм). Ойлик маошнинг ярмидан кўпи ижарага сарфланмоқда. Болаларни кийинтириш, ота-онага ғамхўрлик қилиш, кундалик озиқ-овқат ва бошқа харажатлар ҳисобга олинса, умуман ҳаёт кечиришнинг ўзи қийин бўлиб қолади.

Сиз «агар оилали бўлса нимага турмуш ўртоғи ишламайди, ишласа ижарада туришга ҳам қийналишмайди» дейишингиз мумкин. Унда келинг, бир ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик:

Ойлик ижара ҳақи

(бир хонали квартира)

Ойлик даромад

(икки киши учун)

Ойлик харажат

(уч киши учун)

 

 

 

 

 

150 доллар

(1 миллион 215 минг сўм )

 

 

Эр (давлат иши) —

1 миллион 500 минг сўм маош

 

Ўртача йўлкира ҳақи —

125 минг сўм

Ўртача тушлик харажати –

415 минг сўм

Ўртача уй учун озиқ-овқат –

300 минг сўм

 

 

Хотин (таълим тизими) —

800 минг сўм маош

 

 

Ўртача коммунал тўловлар —

100 минг сўм

Ўртача 5 ёшли фарзанд учун –

200 минг сўм (боғча ва б.)

Бошқа майда харажатлар –

50 минг сўм

Жами

1 215 000 сўм

2 300 000 сўм

1 190 000

Ойлик харажатларга ижара ҳақини қўшсангиз, 2 миллион 405 минг сўм бўлаяпти. Кўриб турганингиздек, икки кишининг ойлигидан минимал эҳтиёжлар учун 105 минг сўм етмаяпти. Ушбу жадвал ўртача ҳисобланди, яъни йўлкира — 25 кун фақат метрода битта йўналишда бориш ва келиш, тушлик нархи — бир порция овқат ўртача 8 минг сўм бўлган тақдирда ва ҳоказо. Ҳали юқоридаги ойлик харажатларга дори-дармон (касал бўлиш эҳтимоли бор), турли хил харажатлар (дўстлар билан учрашув, меҳмон келиши), кийим-кечак ва бошқалар киритилмади. Бир ойда ҳеч бўлмаганда бир марта вилоятга бориб ота-она ва қариндошларни кўриб келиш, миллий урф-одатлар билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш харажатлари умуман инобатга олинмади.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Тошкент шаҳрида ижара тўловини аниқ ва ҳаётга мос равишда белгилаш зарур. Масалан, пойтахтда ҳар бир м2 учун ўртача 15 минг сўм бўлса, шунда бир хонали квартира (ўртача 40 м2) учун ижара ҳақи 600 минг сўмни ташкил этади. Агар ижара ҳақи 600 минг сўм бўлса, бу Тошкентда ишлаётган одамларнинг иш ҳақига ҳам мос келади десак, муболаға бўлмайди. Ойлик солиқ 10 фоиз бўлса, ижара берувчи ҳар ойда давлат ғазнасига 60 минг сўм миқдорида солиқ тўлайди.

Табиий савол туғилади. Битта квартира талаб даражасида ремонт қилинган ҳамда барча қулайликларга эга бўлса-ю, бошқа квартира бўм-бўш, битта стол ва каровати бўлса, ижара нархининг бир хиллиги мантиққа тўғри келадими? Бунинг учун ижара муносабатларида уй шароитини инобатга олиш зарур. Шунда уйнинг ҳолатига қараб ижара ҳақи ҳар бир м2 учун 10-20 минг сўм оралиғида ҳисобланади. Уйнинг ҳолати эса уй эгаси ва ижарачи томонидан аниқланади.

Ижара ҳақини АҚШ долларида беришни эса фақатгина маъмурий жазо ва мониторинг билан ҳал қилса бўлади. Қачонгача ижарага берувчилар солиқдан қочади ва барча муаммолар ижарачининг бўйнида тураверади? Тўғри, иложи йўқлигидан ижарачилар кўп нарсаларга кўз юмишади ва индашмайди, аммо сабрнинг ҳам чегараси бор-ку!

Маълумотларга кўра, яқин орада аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси» асосида зарур бўлган даромадларни аниқлаш йўли билан таъминланади. Бу 2017 – 2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасига киритилган. Умид қиламизки, юқорида айтилган фикрлар ҳам ҳисоб-китоб вақтида инобатга олинади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, ижара тўлови билан боғлиқ муаммолар нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ҳам кузатилмоқда. «Business Insider» маълумотига кўра, кўплаб ривожланган давлатларда ижара ҳақи ўртача маошнинг салкам 50 фоизини ташкил этмоқда ва бу ижарачиларнинг чўнтагига жиддий зарар етказмоқда. Масалан, Сан-Францискода бир хонали квартиранинг бир ойлик ижараси нархи ўртача маошнинг 47 фоизига, Лондонда 45, Гонконгда 44, Токиода 42, Нью-Йорк, Сингапур ва Римда 40 фоизига тенг. Тўғри, балки бизнинг ижара берувчилар ва маклерлар ҳам «жаҳон тажрибасини ўрганган» ҳолда нархни белгилашаётгандир, аммо ҳеч бўлмаса ривожланган давлатлар қаторига қўшилиб олайлик, кейин ижара ҳақи маошимизнинг 50 фоизини ташкил этсин. 

Мутасадди идоралар Тошкент шаҳридаги ижара билан боғлиқ вазиятни ўрганишади, муаммони қонун доирасида ҳал қилишади деб умид қиламиз.

Улуғбек Акбаров

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг