Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Урганч бозорига кирган Бош прокурорнинг таъби тирриқ бўлди

Урганч бозорига кирган Бош прокурорнинг таъби тирриқ бўлди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Хоразм сафари қариб, пойтахтга қайтиш арафасида Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозорига кирган Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг таъби тирриқ бўлди. Ҳар ҳолда, Бош прокуратура матбуот хизмати тарқатган хабардан шундай хулоса қилиш мумкин.

Мамлакат бош қонун посбонининг деҳқон бозорига тўсатдан киришининг сабаби бор. Ҳозирги йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган пайтда аҳолини бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жуда муҳим. Нарх-наволарнинг асоссиз оширилишининг олдини олиш ҳам. Бундай муҳим вазифалар эса прокуратура органларига юклатилган. Қоғоздаги ҳисоботларнинг амалда қандай эканини билиш учунми, ишқилиб, жойларга чиққан пайтида Н. Йўлдошев бозорга қараб йўл солворади. Бу гал ҳам одатини тарк қилмаган, чамаси...

Хуллас, Урганч марказий деҳқон бозорига кирган Бош прокурор аянчли манзара гувоҳига айланди. Айтилишича, бозорда коронавирус инфекцияси муносабати билан жорий этилган карантин қоидаларига риоя этиш йўқ даражада! Сотувчилар-ю харидор оддий ижтимоий масофа сақлаш қоидасини писанд қилмайди. Турғун савдо расталарида сотувчи ва харидор ўртасида полиэтилен ҳимоя тўсиғи ҳам ўрнатилмаганига нима дейсиз?! Бозор маъмурияти бунга томошабин бўлиб келгани эса, жуда юмшоқ айтганда, тушунарсиз... Гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари, бундай маҳсулотларни сақлаш камералари санитария-эпидемиология талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бундай манзаралар ҳеч кимнинг кайфиятини кўтармайди. Аксинча, таъбни тирриқ қилиши аниқ. Бош прокурор эса шундай аҳволнинг устидан чиқиб турибди... Нақ Тошкентнинг ўзидан келган генералнинг ҳолатини тасаввур қиляпсизми? Унинг ёнидаги масъулларнинг-чи?! Маҳкама матбуот хизмати «...шу ернинг ўзида Урганч шаҳар ҳокими ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларига бир ҳафта муддатда бозордаги вазиятни амалдаги қонун ва қоидаларга мослаштириш бўйича қатъий талаби» қўйилгани таъкид этади.

Бундай талаб қандай оҳангда айтилгани, натижада маҳаллий нечта раҳбарнинг кўз ўнгида суднинг қора курсиси гавдаланиб, яна нечасининг пайтаваси қурт тушганини илғаётган бўлсангиз керак. Нима бўлгандаям айтилган ва эшитилган гаплар аянчли манзарага яраша бўлгани аниқ. Бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи асоссиз ошишига йўл қўймаслик, акс ҳолда бунинг жавобгарлиги яна бир бор эслатилгани эса анча-мунча мутасаддиларнинг уйқусини қочириши эҳтимоли катта.

Олдинда бир ҳафталик муддат турибди. Бу эса мавзуга қайтилишини англатади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг