Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

UNWTO: Самарқандда биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди

UNWTO: Самарқандда биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди

«Silk Road Samarkand» сайёҳлик мажмуасининг конгресслар залида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Тадбирда 140 та давлатдан делегатлар, туризм вазирлари ва туризм маъмуриятлари раҳбарлари, халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ташкилий қўмитаси раисининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

«Ўзбекистон ҳукумати Бош Ассамблеянинг 25-сессиясига тайёргарлик кўриш жараёнида сўнгги икки йили давомида туризмга оид вазифаларни белгилаб олди, зарур ҳуқуқий ва бизнес асослари яратилди. Биз муҳим инфратузилмага, жумладан, тарихий жойларни тиклаш, кўприклар ва йўллар қуриш, сув ва энергетика тизимларини янгилашга 1 миллиард доллар сармоя киритдик.

Шунингдек, хусусий сектордан қўшимча 2 миллиард доллар жалб этилди. Хусусий тадбиркорлар томонидан Самарқанд шаҳрида 60 та янги меҳмонхона барпо этилди, яна 40 та меҳмонхона таъмирланди, Самарқанд аэропортида янги терминал қурилиб, фойдаланишга топширилди, шунингдек, Марказий Осиёдаги энг йирик MICE туризм мажмуаси бўлган «Silk Road Samarkand» туристик маркази қурилди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳаларнинг аксарияти яшил инвестициялардир. Масалан, бугунги кунда мажмуада фойдаланилаётган электр энергияси тоғ ёнбағрида ўрнатилган улкан қуёш батареясидан олинади», – деди A.Abduhakimov.

Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили ташкилот томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталди. Хусусан, UNWTO бошқа ташкилотлар, давлатлар билан алоқаларни яхшилаганини, бутун дунёда туризм бозори кенгаяётганини таъкидлади.

«2023 йилда бюджетнинг мунтазам даромади 14,3 миллион еврони ташкил қилади. Сўнгги икки йил ичида молиявий менежментда мисли кўрилмаган муваффақиятга эришдик: UNWTO бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бюджетини икки баравар оширди. Бу маблағлар ташкилотга аъзо давлатларда туризм соҳаси ривожи учун сарфланади, — деди Зураб Пололикашвили. — UNWTO ҳозирда 58 миллат вакилларидан иборат 186 нафар ходимга эга. Биз ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашни кучайтирдик. Шунингдек, гендер тенглигига ҳам амал қиляпмиз. Келажакда Аргентина, Хитой, Ҳиндистон, Ўзбекистон каби давлатлардаги фаолиятимизни янада кучайтириш ниятидамиз. Мақсадимиз туризм соҳасида таълимни кучайтириш, инвестицияларни ошириш ва изчил ислоҳотлар орқали туризм соҳасини янада ривожлантиришдир. Қолаверса, ташкилот сафини янада кенгайтириш ҳаракатидамиз».

Зураб Пололикашвили UNWTOга аъзо давлатларга ташкилотга бўлган ишонч учун миннатдорлик билдирди.

Йиғилишда ташкилот фаолиятига оид ҳисобот тингланди. Шунингдек, туризм соҳасига оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг