Умра сафари нархлари яна ошиши мумкинлиги маълум қилинди
Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча йирик мусулмон мамлакатларга Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилиши ортидан подшоҳликдаги барча хизматларга талаб ошган. Ўз навбатида бу ўзбекистонлик зиёратчилар учун Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирлари нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатади, деб хабар беради Ўзбекистон мусулмонлари идораси.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 17 март ҳолатига 21 мингдан ортиқ зиёратчи Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёдроғи Умра амалларини тўлиқ адо этиб, Ўзбекистонга қайтиб келган.
Ҳозирда 5,6 минг нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.
«5 март кунидан эътиборан, подшоҳликка ПЗР-тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинди. Яна бир қувонарли жиҳати — эндиликда Саудиядан Ўзбекистонга келаётган зиёратчиларимиздан ҳам ПЗР-тести талаб этилмайдиган бўлди.
Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.
Бу, ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Умра сафари тўлови қимматлашган ва бунга Мусулмонлар идораси изоҳ берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter