Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уч мингга яқин бомба ва миналарни зарарсизлантирган ўзбек сапёри

Уч мингга яқин бомба ва миналарни зарарсизлантирган ўзбек сапёри

Фото: Xabar.uz

«Хизматдошларимдан икки нафари мина тозалаш ишларида ҳалок бўлди, – деб эслайди бугунги қаҳрамонимиз Шамсиддин Акбархўжаев. – Командиримиз Владимир Меншихнинг, портламай қолган гранаталар, мина, бомба билан сира ҳам ҳазиллашманг, дея огоҳлантиришига қатъий амал қилардик, аммо амал қилганимиз билан салгина қалтис ҳаракат «ухлаб» ётган мина ёки бомани «уйғотиб» юборарди...

Тошкентлик 78 ёшли Шамсиддин Акбархўжаев 2005 йилдан бери Тошкент ахборот технологиялари университетининг «Компютер тизимлари» кафедрасида доцент лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Самимий, камтар, оҳиста сўзлайдиган устознинг шогирдлари ҳам ўзи каби камтар ёшлар.

«Домламиз дарсга кирганида хонада қанақа вазият ҳукм сурмасин овозлари ҳамиша сокин, ҳеч қачон қаттиқ гапирганини ёки бақириб уришганини эшитмаганмиз», дейди доцент Шаҳноза Позилова.

«Устозни кўриб илм қилишга ҳавас уйғонган менда. Устоздан пунктуалликни, талабаларни дарсга қизиқтира олиш усулларини ўргандим», дейди катта ўқитувчи Гулноза Ҳамроева.

«Устоз қаерда бўлса ўша ерда илмга ёшларда қизиқиш уйғонади, ёшларни олимликка, илмга қизиқтириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди», дейди доцент Камола Абдурашидова.

Бугун устозини ёшлар ана шундай ҳурматлаб эслайди ва яхши кўришади.

Саксон ёш остонасида турган устоз ёшлигидаги хотираларини кечагидай эслайди.

– Отам, Нажим Акбархўжаев Политехника университетининг «Математика» кафедраси мудири бўлган, доцент лавозимида ишлаган. Отам 27 ёшида урушга кетган. Болалигимизда кўп бор уқтирарди: «Нимани ният қилсанг ўша бўлади, фақат яхши ният қилиш керак». Урушга поездда кетаётган отамга курсдоши нуқул: «Мен барибир омон қайтмайман, тирик қолишимга кўзим етмайди», деган экан. Ўшанда отам: «Яхши ният қил, Худо хохласа биз албатта омон қайтамиз», дейишига қарамай ўртоғи ўз фикрида қолган. Шу тахлит поезд тўхтаган пайти ҳали уруш бўлаётган жойларга етиб бормасдан ҳамма оёқ чигилини ёзиш мақсадида пастга тушишганида бирданига бомбардимон бошланиб қолади ва ҳаммага ётиш буйруғи берилади. Бомбардимон тинчигач, аскарларни санаб поездга киргизишаётганда ҳалиги омон қайтмаймиз деган курсдошининг бомба остида қолгани аён бўлади...

Шамсиддин аканинг отаси эса яхши ният қилганидек урушдан қайтиб яна ўша севимли ишини давом эттиради. Буни қарангки, отасининг ҳали уруш хотиралари тугамасдан Шамсиддин Акбархўжаев ҳарбий хизматда сапёрлик қилади – уруш тугагач, 20 йилдан сўнг.

23 ёшли Шамсиддин Акбархўжаев 1967 йилгача ҳарбий хизматни Украинанинг Донецк ва Ворошилов вилоятларида Иккинчи жаҳон уруши йилларида жанг майдонларида портламай қолиб кетган снаряд ва миналарни топиш, уларни зарарсизлантириш ишларида фаол қатнашган. Ва ушбу хизматлари учун қаҳрамонимизнинг кўксини кўплаб медаллар безаб турибди.

«Уруш тугаганига анча бўлганига қарамай унинг асоратлари неча юз йилларга татишини ҳарбий хизматдаги фаолиятим давомида яна бир бор гувоҳи бўлдим», деб эслайди яна ўша кунларни Шамсиддин ака. – Чунки 20 йил давомида сапёрлар қаердаки уруш бўлган бўлса ўша ерни портловчи моддалардан тозалаб келишган, мен икки йиллик хизмат давримда уч мингга яқин ана шундай портловчи моддаларни зарарсизлантирдим, мендан кейин ва ҳамон қанчадан-қанча сапёрлар уларни зарарсизлантирмоқда.

– Уруш тугагач одамлар албатта уй жойларини қайтадан қуришади ёки ўша ерда шаҳар бунёд қилишади, зарарсизлантирилмаган мина ёки бомбалар бир умрга қолиб кетиши мумкинми?

– Масалан бир уйга бомба тушди, у 4-5 метр чуқурликда, уй эгаси нима қилади, томни таъмирлайди, полни тешигини тупроқ билан тўлдириб полни ҳам таъмирлаб ўша бомбани устида яшайверади. Лекин буни қанчалик таҳликали ва қўрқинчли эканини фақатгина ўша уй эгаси билади. Бизга жуда кўп хатлар келарди, уйидаги бомбани ёки минани зарарсизлантириб бериш ва ковлаб олиб ташлаш ҳақида.

– Чуқурни ковлаб бомбани қидираётганингизда хаёлингиздан нималар ўтарди?

– Бошида жуда қўрқардик, кейин ўрганиб ҳам кетдик. Аммо ҳар сафар миянгизни бир лаҳзалик портлаш ва сизнинг йўқ бўлиб қолишингиз ҳақидаги фикр тарк этмайди. Қўлга ушлаб уни машинага ортиш ва овлоқ жойга олиб боришнинг ўзиям бир таҳлика. Чунки салгина ҳаракат уни портлашига сабаб бўлиши мумкин...

– Мана бу суратнинг ғаройиб тарихи ҳақида гапириб берсангиз.

– Бу ерда мен 50 килолик портламай қолган бомбани қазиб олаётган лаҳзаларим акс этган. Ушбу суратни олган фотограф 1967 йили «Уруш садоси» деган суратлар танловида ғолиб бўлган. Ва мен ғолиб фотограф Борис Витковни табриклаб хат ёзганман. Ўша хатим асосида 1968 йил «Комсомолская правда» газетасида мен ҳақимда мақола ҳам чоп этилган.

Шамсиддин ака билан суҳбат жараёнида бир нарсани англадик, уруш тугагач йиллар ўтиб ҳам ўз асоратини кўрсатаверади. Оналар умрининг охиригача урушдан қайтмаган фарзандларини кутиб ўтиб кетадилар. Қанчадан-қанча болалар ота меҳридан мосуво бўлади, урушнинг иқтисодий зарари, шаҳарларни вайрон қилиш ва уни тиклаш учун бир неча йиллар кетиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Лекин урушнинг яна бир катта асорати, бомбардимон қилинган шаҳару қишлоқларда портламай «ухлаб» ётган, ҳар лаҳзада уйғониши мумкин бўлган, бевосита кимнингдир умрига зомин бўлиши эҳтимоли катта бўлган мина, бомба, граната каби ажал уруғининг ер қаърида исталган пайти портлаб кетиши мумкинлигидир. Уни олиб ташламасангиз ҳам қачондир, масалан, қурилиш бўлаётганда, ерни ковлаб нимадир экилаётганда барибир портлаши мумкин экан.

Шамсиддин Акбархўжаев урушнинг асоратларини бор бўйи билан ҳис қилган инсон. Шу учун бу дунёда энг қадрлайдиган нарсаси тинчлик ва шундай тинч замонда тинмай меҳнат қилиш. Тошкент ахборот технологиялари университетида дарс бериш асносида қанчадан-қанча талабанинг ўз касбига бўлган меҳрини оширишга ҳисса қўшмади, дейсиз. Қанчадан-қанча ёшларга устозлик қилмади, дейсиз.

«Баъзида командировкаларга вилоятларга чиқсам, «Сиз мени ўқитгансиз домла, уйимда меҳмон бўлинг», дейдиганларни учратиб қоламан. Демак, умрим зое ўтмабди, дея фахрланади устоз.

Шамсиддин Акбархўжаевнинг турмуш ўртоғи Назира ая химик, бир ўғил ва икки нафар қизлари ҳам олий маълумотли. 12 нафар невараси албатта зиёли бобосининг этагидан ушлаган. Баъзилари ҳатто хорижнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олишади.

«Ўзи неварам 10 нафар», дейди суҳбатдошим, Фахриддин укам автоҳалокатдан вафот этгач келиним турмушга чиқиб кетди. Ўғлини ўзим катта қилдим, уйли-жойли қилдим, икки нафар боласи ҳозир менинг невараларим ҳисобланади».

– Демак фарзандингиз уч эмас, тўрт нафар.

– Мен доим болаларимни тўрт нафар деб келаман.

Юнусободнинг Бодомзор мавзесида ана шундай инсон яшайди. Камтаргина ҳаёт йўли давомида жуда катта синовларга қарши тик туриб кураша олган олижаноб қалб эгаси самимий Шамсиддин Акбархўжаев яна бир бор инсонни меҳнат, илмга ташналик юксакликка кўтаришини исботлаб умр кечираётгандек. Биз устоз билан хайрлашиб йўлга чиқдик. Қаердадир болаларнинг қувноқ кулгулари эшитилади. Биз ўтмишда қолган ва шу билан бирга бизга жуда яқин уруш талафотларини ўз кўзимиз билан кўрган одамлардек сукутга чўмганча йўлда давом этдик...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг