Туркия билан ҳамкорлик: касалликлар масофадан туриб аниқланади
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассисларидан иборат делегация Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Akgun Group» компанияси билан расмий учрашувларни бошлади. Бу ҳақда вазирлик матбуот ҳизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Akgun Group» компанияси ўртасида англашинув меморандуми имзоланиши кўзда тутилган. Ҳужжатда Ўзбекистонда касалликларни масофадан туриб барвақт аниқлаш ва профилактика қилиш, шунингдек, аҳолининг узоқ умр кўриши учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича тажриба алмашиш масалалари акс этган.
Шунингдек, касаллик ва ўлим кўрсаткичларини пасайтириш учун соғлиқни сақлаш тизимига юқори технологиялар, сезувчан (сенсор) қурилмалар, тармоққа доир ускуналар ва маълумотларни қайта ишлаш техник воситаларини ўз ичига олувчи «Ақлли тиббиёт» концепциясини жорий қилишга эътибор қаратилган.
Ушбу компания тажрибасини ўрганган ҳолда «Ягона тиббий ахборот маркази» концепцияси ҳам ишлаб чиқилади.
Маълумот ўрнида: «Akgun Group» компанияси 1986 йили тузилган бўлиб, соғлиқни сақлаш секторини бошқаришнинг ахборот тизимлари, шунингдек, шаҳарлар ва бошқа худудий бўлинмалар учун комплекс ечимлар ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Туркиянинг давлат ва хусусий шифохоналари, стоматологик клиникалари ва бошқа тиббиёт ташкилотларига хизмат кўрсатиш бўйича етакчи корхоналардан бири саналади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter