Тунги вақт учун махсус хизматлар ташкил этилади
Энди тунги вақтда (соат 18:00 дан 06:00 га қадар) амал қиладиган механизмлар жорий қилинади ва ривожлантирилади. Бу ҳақда 30 апрель куни имзоланган «Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида сўз боради.
Хусусан, қуйидагилар ташкил этилади:
- махсус ташкил этиладиган «туризм кўчалари»да жойлашган умумий овқатланиш корхоналари, кўнгилочар ва савдо объектлари, маданият ташкилотлари фаолиятини жамоат хавфсизлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлаган ҳолда тўсқинликсиз амалга ошириш;
- туризм намойиши объектларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш учун зарур инфратузилма ва муҳандислик-коммуникациялар тизимини янада яхшилаш;
- маданий-кўнгилочар ва концерт томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур шароитлар яратиш;
- махсус автобуслар (shuttle-bus) қатновини йўлга қўйиш;
- туризм намойиши объектларининг фаолият олиб боришига рухсат беришнинг ягона тартибини жорий қилиш ва туризм намойиши объектларини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш.
Янги тартибга кўра тунги вақтда фаолият олиб борувчи туризм намойиши объектларининг узлуксиз фаолият кўрсатишини таъминлаш учун давлат томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
- фаолият юритаётган туризм намойиши объектлари атрофи узлуксиз ёритилиши таъминланади, шу жумладан, мазкур ҳудудлар энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбалари билан жиҳозланади;
- туризм намойиши объектлари «Хавфсиз шаҳар» концепциясига интеграция қилинади;
- «туризм кўчалари»да жамоат хавфсизлиги нормалари ва талаблари доирасида «хавфсизлик чақирув тугмалари» ўрнатилади ҳамда Wi-Fi зоналари ташкил этилади.
Шунингдек, тунги вақтда фаолият олиб бораётган туризм намойиши объектларига:
- объектларнинг ички қисми, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш, шу жумладан, фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш жойларида маълумотларни камида ўттиз кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш ва «Хавфсиз шаҳар» концепциясига интеграция қилиш;
- биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни камида 10 метр масофада ёритиш;
- объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган тарзда жиҳозлаш, бунда, тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан аҳолининг тинчлигини бузмаган ҳолда фойдаланилади;
- объектларни ёнғин ўчириш воситалари, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўпламига эга тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;
- бинонинг барча учун кўринарли жойларида ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари акс эттирилган маълумотларни акс эттириш талаби белгиланади.
Тунги вақтда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш, улар фаолиятига бюрократик тўсиқлар қўйиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ҳаракатлар тақиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter