Тунги клуб қотилларининг омбудсманига очиқ хат
Куни кеча «Газета.uz» интернет нашрида журналист Никита Макаренконинг «Маънавият Тошкентни барбод қиладими» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Ушбу мақолага кўплаб зиёлилар муносабат билдирмоқда, мулоҳаза ва мунозаралар айтиляпти. Хусусан, таҳририятимизга педагогика фанлари доктори, Республика маъавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари Муҳаммаджон Қуроновнинг фикр-мулоҳазалари билдирилган мактуб келиб тушди. Уни қуйида эътиборингизга ҳавола этамиз.
«Салом, азиз ватандошим Никита!
«Маънавият» Тошкентни барбод қилади» мақолангиз зўр чиқибди. Табриклайман. Чунки унда маънавият нима, деган саволга дунёдаги энг нотўғри жавобни айтибсиз. Чунки одамнинг нимани қандай тушунишини унинг маънавияти ҳал қилади. Сиз тарихда қоласиз. Тунги клуб қотилларининг омбудсмени бўлиб. Энди дарсликларга «Никитанинг маънавияти», деган тушунчалар кирса, ажабланманг.
Нега шу мақолангизни 2018 йил 11 августгача ёзмадингиз? Ўшанда ҳам Сиз «олабўжи», деб қўрқитаётган маънавият бор эдику!
Озгина эътиборли бўлганингизда маънавиятчиларнинг «тунги клубларни ёпиш муаммо ечими эмас. Одамларнинг маънавиятини юксалтириш керак», деган позициясини телеканал, ижтимоий тармоқлардан билиб олардингиз.
Тунги клуб қотилларининг омбудсмени. Келинг, ғояларингиз кучини бир синаб кўрайлик. Маънавият: Сизнингча маънавият «Фуқаролар эркинлигини чеклаяпти». Лекин аслида маънавият тунги клублардаги қотилларга қарши курашмаяптими? Сиз билан менинг ҳаётимиз, соғлиғимизни ҳимоя қилмаяптими?
Сизнингча маънавият «маданий муҳит, хавфсиз инфратузилма, либерал жамият, ижодкор, иштиёқманд одамларга, кўнгилочар тадбирлар, дўстона муҳитга қарши, дебсиз. Тўғрисини айтинг. Ер юзида бирор соғ одам сизга қўшиладими? Қўшилса, сиз ҳимоя қилаётган тунги клуб қотиллари қўшилади.
Сизнингча, маънавият «Жамият жуда оғриқли қабул қиладиган» нарса. Айтингчи, «Тунги клублар хавфсиз бўлсин. Одамлар ақлини ичиб, ҳайвон бўлиб, бир-бирини ўлдирмасин», деган позиция қандай жамиятга оғриқ беради? Ўзи Сиз қандай жамиятнинг аъзосисиз?!
Ҳурматли Никита. Яхши биласиз, буюк маънавиятчи Иоанн Златоуст «Ёвузлик ва қонунсиз ҳаёт қалбларни ўлдиради» деган эди. Келинг, қалбларимиз ўлмасин. Биргалашиб, тунги клублардан маънавиятни эмас, ёвузликни, қонунсизликни ҳайдаб чиқарайлик.
Нима дейсиз?
Муҳаммаджон Қуронов»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter