Туғилибоқ бўғилган сафар ёхуд автомобиль транспорти агентлиги учун журналист вақти «бир тийин»ми?
Икки кун аввал аввал почтамизга юқори ташкилотдан хат келди: Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги томонидан Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига медиатур уюштирилар эмиш. «Тошкент—Хўжанд—Қўқон—Тошкент» автобус йўли очилиши муносабати билан, синов автобусида журналистлар бориб, жараённи ёритишлари керак эди. Ҳам саёҳат, ҳам ижод деганларидек, раҳбариятдан рухсат сўраб, сафарга бормоқчи бўлдик. Агентлик матбуот хизмати билан боғланганимизда хушмуомалалик билан рўйхатга қўшиб қўйишларини айтишди.
Хуллас, менга ўхшаган чегара хатламаган ёш мухбирга катта имконият эди бу. Эрталаб айтилган вақтда фотограф билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги биносига бордик. Бизни кутиб олиб, рўйхатга тиркаб қўйишди. Дастлаб «меҳмондўстлик» ёмон бўлмади. Автобус кечикаётгани ва айрим «техник» сабабларни айтиб, ошхонада кутиб туришни маслаҳат беришди. Соатга қараб турдим. Нақ бир соатни ошхонада ўтказдик. Орамизда янгиликлар сайтлари, телевидение вакиллари, матбуотчилар ва ахборот агентликлари вакиллари бор эди. Ҳамма бўлажак сафар ва тассуротлар ҳақида гапирарди.
Хуллас«автобус келди» деган қулоққа ёқадиган гап эшитилгач, қўзғалдик. Яп-янги автобусга авайлабгина чиқдик. Ичкарида уч-тўртта йўловчи отахонлар бор эди.Тележурналистлар аллақачон кадр йиғишни бошлашди. Шу онда жуда ғалати воқеа содир бўлди. Ўзини бошқарма бошлиғи дея таништирган киши «бугун Тошкент—Хўжанд—Қўқон—Тошкент» автобус йўналиши ҳали қатновга тўлиқ тайёр эмаслиги, бугун фақат мутахассислар синов тариқасида юборилишини, махсус текширувдан сўнг, маълумотларни тақдим этилишини»ни маълум қилди. Бу нутққа фақат «марҳамат қилиб энди автобусни бўшатиб қўйинглар, ҳурматли журналистлар» деган гап етишмади холос.
Майли, йўналиш бўйича қандайдир камчиликлар бордир, билмадиг-у, ўзини «автомобиль транспорти агентлиги» дея номлаган ташкилот ўттиздан зиёд журналистни медиатурга таклиф этишдан аввал (ваҳоланки, хабар анча олдин тарқатилганди) ушбу масалада қанақа камчилик борлигини фақат охирги сонияларда англаса? Сафар бир кун аввал ёки эрталабнинг ўзидаёқ бекор қилинса ҳам майли эди. Иккинчидан, шунча журналистнинг ярим кунлик иш вақти ўғирланди, бундан ким зарар кўради? Учинчидан журналист ердан чиққан қўзиқоринмикан, пул бўлса уни қаергадир таклиф қилиб, хоҳлаган вақтингда қайтараверсанг? Хуллас, саволлар кўп.
Бир шеригимиз ўз таассуротини қуйидагича изҳор этибди:«Уч кун аввал Матбуот ва ахборот агентлигидан хат келди: «Тошкент – Хўжанд – Қўқон – Тошкент» йўналиши бўйича илк автобус қатнови (синов) йўлга қўйилади. ОАВ вакиллари ёритсин, деган мазмунда. Бугун эрталаб автомобил транспорти агентлиги биносида 30 дан ортиқ журналист тўпландик. Ҳамма хурсанд, Тожикистонни айланиб келамиз деган ўйда. Бир пайт агентлик бошқарма бошлиғи келдию, бу техник синов эди, сизларни ким чақирди дегандай қилиб, ҳаммага жавоб бериб юборди. Шундан сўнг журналистлар сўкина-сўкина ортга қайтиб кетди».
Охиргиси эса ошиб тушди: хуноб бўлиб ишга қайтиб келсак, бошқа бир ОАВда ҳозиргина биз боролмай «доғда қолган» йўналиш ҳақида мақола чиқиб, унда «албатта бу янгиликлардан одамлар мамнун экани» ҳақида ёзилибди.
Аслида турли «ёғли» ташкилотларнинг журналистлар учун шунақа сафарлар уюштириши ғалатироқ. Бу бизда журналистларнинг узоқ ҳудудлар билан ишлаши масаласи яхши йўлга қўйилмагани, соҳанинг ташкилотларга қарамлигидан далолат беради. Журналистика ҳам медиабизнесга айланмас экан, турли ташкилотларнинг хайрия шаклидаги медиатурлари-ю, қуюқ кофебрейкли тадбирларига мафтун бўлиб кетувчи соҳа ходимлари топилаверади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter