Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаммаси инсон учун, инсон қадри учун! (фото)

Ҳаммаси инсон учун, инсон қадри учун! (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида 11-12 ноябрь кунлари Фарғона вилоятига медиа-тур ташкил этилди.

Республикамиздафаолият юритаётган ОАВ ходимлари, блогерлар ҳамда маҳаллий ОАВ ходимлари иштирокидаги медиа-турнинг дастлабки манзили Фарғона шаҳридаги касб-ҳунар мактаби бўлди.

Мактабда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида ташкил этилган дарахт экиш акциясида журналистлар мактаб ҳудудида рамзий маънода кўчат экишни бошлаб беришди. Фарғона шаҳри бўйлаб 2 миллионта кўчат экиш режалаштирилган, ҳокимият вакиллари бу режани 3 миллионтага етказишни айтиб ўтишди.

Медиа-тур иштирокчилари 40 минг аҳоли яшаши учун замонавий ва экологик шаҳар барпо этиладиган майдонда ҳам бўлишди.

— Бу ерда 300 гектар ер майдонида кўпқаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда хизмат кўрсатишнинг барча турлари мавжуд ЭКО шаҳарча қурилади. Бу лойиҳа 5 йил давомида босқичма-босқич қуриб битказилади, — дейди Фарғона шаҳар ҳоким ўринбосари Дилшод Омонов. – Умумий 258 та 9, 12, 16, 25 қаватли уйлар қурилади. Умумий 40 мингдан ортиқ аҳоли кўчиб келиб яшаши учун барча шароитлар яратилади.

Олтиариқ туманида 2016 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини музлатиш корхоналарининг сони 16 та бўлган бўлса, бугунги кунда бу рақам 103 тага етди.

– Биз дастлаб фермер хўжалигимизда етиштирган маҳсулотларимизни шартнома асосида бошқа музлаткичларда сақлаб келардик. Бир куни маҳсулотларимизни ўзимиз сақлаш ҳақида ўйлаб қолдик, — дейди тадбиркор-фермер Нуриддин Алиқулов. – Миллийбанк Фарғона филиалидан кредит олиб Голландиядан илғор технологияларни сотиб олдик, биноларни эса ўз ҳисобимиздан қурдик. Музлатгичимиз 2 минг тоннадан 3.5 минг тоннагача маҳсулот сақлаш сиғимига эга. Хўжалигимизда етиштирилаётган мевалардан ташқари боғларда пишиб етилган мева ва сабзавотларни хам сифатли сақлаб юртимиз ҳамда хориж бозорларига етказиб берамиз.

«FERGANA GLOBAL TEXTILE» масъулияти чекланган жамияти 2018 йилда ташкил этилган. Айни кунда бу ерда 1200 нафар ишчи доимий иш билан банд. Ишчиларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. Пахта тўлиқ қайта ишлаб мато ҳолатига келтирилади ҳамда бўяш ишлари ҳам шу ерда амалга оширилади. Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 18 млн. долларни ташкил этади. Маҳсулотлар Хитой, Туркия, МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.

Бағдод туман марказидан 12-13 км. узоқликда жойлашган Бағдод тажрибаси сифатида алоҳида эътироф этилган «Мурувват» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик. Бу ерда барпо этилган «Гулистон» шаҳарчасида 61 та кўпқаватли турар-жой барпо этилган бўлиб, уйлар ўз эгаларига топширилган.

—Жорий йилнинг бошида бу жойлар қир-адирлик, ташландиқ, фойдаланишга яроқсиз ерлар бўлган, — дейди Боғдод туман ҳокими Восилжон Назаров. – 50 та 5 қаватли, бир йўлакли 20 хонадонга мўлжалланган жами 1000 та хонадон қурилиши режаланган эди. Вилоят ҳокими, вилоят сектор раҳбарлари, кунлик штаби аъзоларининг саъй-ҳаракатлари, кўмаги билан яна 11 та кўпқаватли уйлар қурилиб, уйлар сони 61 тага етказилди. Кўриб турганларингдек, 1252 та хонадонли уйлар тез фурсатда қуриб битказилди.

Қўқон эркин иқтисодий зонаси жорий йилнинг 10 ойи давомида 44 миллион долларлик қийматга эга бўлган маҳсулот экспорт қилинган. Бу ерда айни пайтда 5000 нафар ишчи меҳнат қилишмоқда.  Йил охирига қадар ишчи ўрни 6000 нафарга етказилади.

—2019 йилда 864 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, бор-йўғи 9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. 2020 йилда 1,5 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб 28,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган, — дейди Қўқон ЭИЗ раҳбари Фаррух Раҳмонов. — Жорий йилда айни кунгача 44 миллион долларлик экспортни амалга оширдик. Йил охиригача бу кўрсаткични 55 миллион долларга етказишни режа қилганмиз.

Медиа-тур иштирокчилари Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган бир неча корхоналар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, «KOKAND BICYCLES» масъулияти чекланган жамияти йилига 70 минг дона велосипед ишлаб чиқариш қувватига эга корхона. Лойиҳа қиймати 3,4 миллион доллар. Ишчилар сони 70 нафарни ташкил этади.

«ANDELAI» қўшма корхонасида йилига 1,2 миллион дона эркаклар кўйлаги ишлаб чиқарилади. Бу ерда 275 нафар хотин-қизлар доимий иш билан банд.

Кўриб турганимиздек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли яшариш ислоҳотларининг самараси вилоятларимизда ўз аксини топмоқда. Шу жумладан, бугунги кунда Фарғонада ҳам кўп янгиланишлар, замонга мос ўзгаришлар бўлмоқда. Барча қилинаётган ишлар вилоят аҳолисини турмуш тарзини яхшилаш, аҳолининг яшаши, ишлаши учун кенг имкониятлар яратишдир. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳаммаси инсон учун, инсон қадри учун! Ишонч билан айтамизки, бундай эзгу ишлар ҳали давом этаверади.                             

Солижон Зоиров,
Муаллиф олган суратлар

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг