Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда вакциналар сақланадиган йирик омбор фойдаланишга топширилди

Тошкентда вакциналар сақланадиган йирик омбор фойдаланишга топширилди

Бугун, 20 ноябрь куни пойтахтимизда вакциналарни сифатли сақловчи йирик совутгич омбори ишга туширилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Иншоотнинг очилиш маросимида ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этди.

Тадбирда оналар ва болалар саломатлиги ва касалликларнинг олдини олиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, бундай миқёсдаги совуқлик омборининг очилиши соҳада бошланган саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириши алоҳида таъкидланди.

Қолаверса, мазкур омбор мамлакатимизда миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айланиб, вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш бўйича имкониятларни янада кенгайтириши ҳамда юртимизда ишончли эмлаш тизимини яратишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, республика вакциналар омбори катта миқдордаги турли вакциналарни сақлашга мўлжалланган муҳим иншоот бўлиб, деярли 1000 м2дан иборат учта совуқлик камераси (2-8 ° C), ультрасовуқ совутгичлар (3000 л ҳажмли) ва музлатгич хоналар (40 м3) билан жиҳозланган. Шу билан бирга, иншоот иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 м2 қуруқ омборга ҳам эга.

Омборхонада юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари мавжуд. Улар иккита электр тармоғига уланган бўлиб, узлуксиз электр таъминоти учун кучли заҳира дизель генераторига эга.

— Яхши ишлайдиган таъминот тизими ва совуқлик занжирига эга бўлиш самарали миллий иммунизация дастури учун жуда муҳим, — дейди ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан. — ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг бутун миллий таъминот тизими ва совуқлик занжири узлуксиз ишлашига ҳисса қўшадиган ҳамда минтақадаги бошқа мамлакатларга намуна бўла оладиган ушбу объект қурилишида иштирок этганидан мамнун.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев иштирок этди.

Маълум қилинишича, ЮНИСЕФ 2017 йилдан юртимиз бўйлаб жами 21 та вакцина омбори қурилишида амалий ёрдам бериб, хусусан, совутгичли юк машиналари, вакциналар учун контейнерлар ва совуқлик камераларини етказиб берди.

Шу билан бирга, ходимларни ўқитиш ҳамда объектлар эксплуатацияси бўйича зарур қўлланма ва кўрсатмаларни ишлаб чиқишда ҳам яқиндан кўмаклашмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг