Тошкентда Муҳаммад (с.а.в.) Ўмон подшоҳига йўллаган мактуб нусхаси намойиш этилди
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида «Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик: Ўмон ислом рисоласи» деб номланган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазма доирасида Ўмон султонлиги тараққиётида исломий қадриятларнинг ўрнига доир экспонатлар, хусусан, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ушбу ўлка ҳукмдорига йўллаган мактубнинг фотонусхаси намойиш этилди.
Маросимда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўмон султонлиги Вақф ва дин ишлари вазирлиги маслаҳатчиси, доктор Муҳаммад бин Саид ал-Меъмарий, мазкур мамлакатнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид ал-Касирий ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Шуҳрат Ёвқочев иштирок этди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов диний бағрикенглик ва тотувлик кўп асрлик тарихга эга қадриятларимиздан эканини таъкидлади. Мамлакат халқаро майдонда ҳам диний бағрикенглик ғоясини кенг тарғиб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарияти таклифи билан 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди.
Ўмон султонлигининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид ал-Касирий кейинги йилларда тинчлик, тотувлик каби қадриятлар, ахлоқий-маънавий фазилатлар хавф остида қолаётганини қайд этди.
«Сўнгги ўн йилликларда она сайёрамиз тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид солувчи талай зиддият ва тўқнашувларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Ихтилофларга батафсил тўхталмоқчи эмасман, аммо айтишим жоизки, уруш ҳамда қашшоқликнинг авж олиши бўладими, ўз сиёсий мақсадларига эришиш учун зўравонлик йўлини тутаёган маҳаллий ва халқаро тузилмаларнинг илдиз отиши бўладими – бари инсониятнинг ёруғ келажагига раҳна солмоқда», – деди Ўмон элчиси.
Шу боис ҳам бугун миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ғояларини тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ аҳамият касб «Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик: Ўмон ислом рисоласи» кўргазмаси ҳам айни шу эзгу мақсадда ташкил этилди.
Тадбир меҳмонлари Ўмон амалий санъати, хусусан, саҳҳофлик, хаттотлик намуналари, шунингдек, ўлка халқи ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар билан танишдилар.
Кўргазма раҳбари, доктор Муҳаммад бин Саид ал-Меъмарийнинг ҳикоя қилишича, ислом дини Ўмон ҳудудига Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлик чоғларида кириб келган. У зот 629 йилда Ўмоннинг икки подшоҳи Абд ва Жайфарга мактуб йўллаганлар. Кейинчалик бу борада элчилар алмашилган ва пировардида Ўмон аҳли ислом динини ихтиёрий равишда қабул қилган.
Ташкилотчиларга кўра, «Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик: Ўмон ислом рисоласи» кўргазмаси ҳозирга қадар дунёнинг қирққа яқин мамлакатида ўтказилган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter