Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда 61та замонавий ҳожатхона қурилади. Бепул «Wi-Fi» ҳам бўлади (фото)

Тошкентда 61та замонавий ҳожатхона қурилади. Бепул «Wi-Fi» ҳам бўлади (фото)

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Тошкент шаҳар ҳокимининг аввало аҳолимиз, қолаверса, пойтахтимизга ташриф буюрадиган туристлар ва меҳмонлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва уларга кўрсатилаётган сервис хизматини яхшилашга қаратилган қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида замонавий меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Замонавий санитария-гигиена шаҳобчалари ҳам шу йўналишдаги ишларнинг бир қисмидир. Ҳозирда шаҳримизда бу борада ташкилий ишлар бошлаб юборилган. Лойиҳаларда она ва болалар, имконияти чекланган инсонлар учун алоҳида шароитларни яратиш, шунингдек, бошқа қулайликларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Ҳозирда шундай шаҳобчалардан 2 таси фойдаланишга топширилди. Уларнинг бири Яккасарой туманидаги Аския бозори ёнида жойлашган. Уни қуриш учун 100 млн.сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Иккинчиси эса Алишер Навоий номидаги кинотеатр яқинида иш бошлади. Бу лойиҳа учун эса 85 млн. сўм сарф қилинди. Лойиҳа 2019 йилнинг инвестиция дастурига киритилган бўлиб, маблағларнинг 50 фоизи тадбиркор томонидан тўланмоқда, 50 фоизи эса “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси томонидан қопланади.

Шаҳримизда 10 га яқин замонавий санитария-гигиена шаҳобчасини қуриш бўйича иш олиб бораётган тадбиркор Мирзобек Жўраев, бундай муассасаларни ташкил этишда улар атрофида wi-fi ҳудудини яратиш ҳамда сайёҳлар учун муҳим маълумотларни жойлаштиришга эътибор қаратаётганлигини маълум қилди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги кинотеатрнинг олд томонида барпо этилган шаҳобчага шаҳар харитасининг тасвири туширилган. Унда эса пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, бозорлар, супермаркетлар, метро йўналишлари, фавқулодда хизматлар бўйича чақирув рақамлари ҳақида маълумотлар келтирилган. Келгусидаги лойиҳаларимизда эса қулайликларни янада оширишни режалаштирганмиз,-дейди тадбиркор.

Замонавий санитария-гигиена шаҳобчасини барпо этган тадбиркорларга солиқ тўловида имтиёзлар белгиланган. Ўз навбатида улар томонидан ҳам имконияти чекланган инсонлар ва ободонлаштириш хизмати ходимлари учун бепул хизмат жорий этилган. Маълум қилинишича, жорий йилнинг охиригача Тошкент шаҳрида 61 та замонавий санитария-гигиена шаҳобчаси қуриб, фойдаланишга топширилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг