Тошкент вилояти ҳокими тасдиқланди
Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Тадбир давомида Тошкент вилояти ҳокимлигига номзод тақдим этилди ва депутатлар томонидан тасдиқланди.
Давлат раҳбари сўзининг аввалида йиғилганларни яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан табриклади ва Тошкент вилояти мамлакатимиз тараққиётида етакчи ўрин тутишини таъкидлади.
— Тошкент вилояти республика ялпи ички маҳсулотининг 11 фоизини, саноат маҳсулотининг 18 фоизини таъминлайди. Гўзал табиати, унумдор замини, ноёб қазилма бойликлари билан алоҳида ажралиб туради. Бу ерда мамлакатимиз иқтисодиётининг фахри бўлган йирик корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Энг муҳими, кўпни кўрган, ҳаёт синовларида тобланган, меҳнаткаш, тадбиркор ва олижаноб халқи бор, — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шу билан биргаликда кейинги вақтларда вилоятда шунга яраша дадил ҳаракатлар сезилмаётгани, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича улкан салоҳият тўлиқ ишга солинмаётганини таъкидлаб ўтди. Ўтган йили инвестициялар ҳажми 2019 йилга нисбатан 17 фоизга кам бўлган. Шу боис жорий йил январда Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган эди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлат раҳбари Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Даврон Ҳидоятов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.
Д.Ҳидоятов 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996-2009 йилларда банк тизимида, 2014 йилгача автосаноат тармоғида фаолият юритган. 2014-2020 йилларда Хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Чилонзор тумани ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Халқ депутатлари, вилоят фаоллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикрларини билдирди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Даврон Ҳидоятов Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter