Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўрт оёқли халоскорлар ёки жониворларга оид ўнта ғаройиб воқеа

Тўрт оёқли халоскорлар ёки жониворларга оид ўнта ғаройиб воқеа

Тўрт оёқли халоскорлар Шнауци.

Хабарингиз бор, яқинда интернетда мушукни аёвсизларча қийнаб ахлат қутисига ирғитган ўсмирнинг видеоси тарқалди. Ачинарлиси, йигитча бундан заррача пушаймон эмас, у қийқириб шодон кулади. Ваҳоланки, ҳайвонлар – табиат оламидаги ёқимли мавжудот бўлиб қолмай, гоҳида инсон ҳаётини асраб қолувчи халоскорлардир. Бу борада одамзоднинг энг яқин дўстлари мушук ва итдан ташқари ёввойи ҳайвонлар ҳам муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзади. Қуйида одамларни хавфли вазиятлардан қутқарган жониворлар билан боғиқ 10 та воқеа ҳақида ўқийсиз...

Беҳаловат мушукнинг шумликлари

2007 йилнинг октябрида, тунги соат иккиларда Труди ва Грег Гай хобгоҳда ухлашаётганди. Кутилмаганда уларнинг Шнауци лақабли мушуги югуриб келиб диванга чиқди-да, панжаси билан бекасининг бурнига тегиб уйғота бошлади. Аввалига Труди бу ҳаракатни жониворнинг шумлигига йўйиб уйқу аралаш эътибор бермади. Мушук безовта бўлиб ҳаракатини тўхтатмагач, қандайдир жиддий ҳодиса рўй берганини англади. Труди эрини уйғотди. Уйни кўздан кечирган Грег ертўлада газ қувури ёрилгани ва иншоот заҳарли ҳидга тўлаётганини аниқлади. Қутқарув хизматига қўнғироқ қилдилар ва уйни тезда тарк этдилар.

Воқеа жойига етиб келган ўт ўчириш хизматчилари, агар мушук уларни ўз вақтида уйғотмаганида уй кўкка совурилиши мумкинлигини айтишди...

Шнауци Грей-Фоллз шаҳри (Монтана штати) ҳайвонлар жамғармаси томонидан «Бинафшаранг панжа» мукофоти билан тақдирланди.

Ҳужумга шайланган йиртқич

Ретривер

2010 йилнинг 2 январида Британия Колумбиясида (Канада) истиқомат қилувчи 11 ёшли Остин ўрмонда ўтин тераётганди. Унинг ёнида вафодор ва содиқ дўсти – Фаришта лақабли тилларанг ретривер ити бор эди. Ўша кеча кучук ўзини қандайдир ноодатий тутди: жонивор қандайдир нотинч эди. Бу беҳуда эмас экан. Ит боладан бир неча одим нарида ҳужумга шайланаётган пума – Америка ёввойи мушугини пайқаб қолди. У дарҳол йиртқичга ташланди ва тенг бўлмаган жангга киришди. Бахтга кўра яқин ўртада полициячи юрган экан. У ретриверни бурдалашига бир баҳя қолган пумани отиб ташлади.
– Фаришта менинг яхши дўстим эди, энди эса янада қимматли дўстимга айланди, – деди Остин итига катта гўшт бўлагини бериб.

Шерлар қуршовидаги қиз

Тўрт оёқли халоскор шерлар.

2005 йили Кениядаги қишлоқлардан бирида 12 ёшли қизалоқ ўғирлаб кетилди. Тахминларга кўра, уни мажбуран эрга бермоқчи бўлишган. Қизалоқ бир ҳафтага яқин тутқинликда яшади.

Энг қизиғи, полиция уни топганида ёнида ўғрилар эмас, балки учта улкан шер бор эди.

Афтидан, йиртқич арслонлар ўлжа излашган ва тасодифан қизалоқ билан ўғрилар тўдасига дуч келишган. Жиноятчилар баҳайбат ва оч шерларни кўргач, йиғлаётган қизни уларга ташлаганча бир зумда ғойиб бўлишган. Шунга қарамай, шерлар қизалоққа тегмади, аксинча, худдики у ўз болаларидек муносабатда бўлишди.

Тўсиқ устидан тушиб кетган болакай

Горилла.

1996 йилнинг августида Брукфильд (Иллинойс штати) ҳайвонот боғида бахтсиз ҳодиса юз берди. Уч яшар болакай беш метрли тўсиқ устидан ҳайвонларни сақлаш майдончасига тушиб кетди. У ерда эса Бинти Жуа лақабли улкан горилла бор эди. Қаттиқ зарб билан тушган бола ҳушини йўқотди.

Ота-онаси ва ҳайвонот боғига ташриф буюрганлар тинчи бузилган горилланинг ҳаракатини даҳшат ичра кузатардилар, холос. Бунга қарама-қарши ўлароқ, Бинти Жуа болакайнинг олдига хотиржам яқинлашди ва енгилгина кўтариб, бошидаги жароҳатни кўздан кечира бошлади. Кўп ўтмай, ҳайвонот боғи хизматчилари келишди ва майдончага йиқилиб тушган болакайни ҳеч бир монеликсиз олиб, керакли тиббий ёрдам кўрсатдилар.

Юрак хуружидан халос этди

чўчқа Лулу.

Вазни етмиш килограмм бўлган Лулу лақабли чўчқа ҳеч бир муболағасиз қаҳрамонлик кўрсатган. У бекаси Жо Энни қўққисдан юз берган юрак хуружидан халос этди. Лулу аёлнинг аҳволи ёмонлашганини кўргач, атрофи ўраб олинган ҳовлидан катта йўлга шошилди. Сўнг кимдир тўхташи ва Жога ёрдам беришидан умидвор ҳолда ёнбошлаб ётиб олди.

Орадан бир соатга яқин вақт ўтди. Бу фурсат ичида жонивор туриб гоҳ катта йўлга югурар, гоҳ бекасининг аҳволидан хабар оларди. Ниҳоят бир машина тўхтади. Унинг ҳайдовчиси Лулу ортидан эргашди ва Жо Энга кўзи тушгач, тез ёрдамни чақирди.

Қаҳрамонлик ва фидокорлик кўрсатгани учун Лулуга ёғда кўпчиб пишган кулча берилди!

Эр диванда, аҳволи чатоқ

қуён Дорри

Кембрижда (Англия) яшовчи Саймон Стеггалл ўз уйида оғир комага тушди. У диванда ётган ҳолда ҳушини йўқотди. Хотини эътибор бермади, чунки оғир иш кунидан сўнг эрини шунчаки дам оляпти, деб ўйлаган эди. Саймон қимирламай ётар ва ростдан пинакка кетганга ўхшарди. Уй қуёни бўлган Дори эса аҳвол жиддий эканлигини пайқади. У Саймоннинг устига сакраб чиқиб, ўзига келтириш учун панжаси билан ура бошлади. Жониворнинг бу ғалати ҳаракатига кўзи тушган Виктория эри ухламаганини тушунди ва тез ёрдам чақирди.

Дорининг қаҳрамонлигидан сўнг уни уй қуёнларини муҳофаза қилиш аъзолиги билан мукофотладилар.

Биргаликда қирғоққа!

халоскор дельфинлар.

2007 йил 27 августда Тодд Эндрис исмли эркак Монтерей шаҳрида (Калифорния штати) серфингда учаётган эди. Кутилмаганда унга оқ акула ҳужум қилиб қолди. Бу йиртқич эркакка бир нечта жиддий жароҳат етказди. Қон йўқотаётган Тодд умидсиз ва чорасиз ҳолда сувда чайқалиб сузар, тирик қолишига илинжи қолмаганди.

Худди шу фурсатда дельфинлар тўдаси унга томон сузиб келди. Улар ўлжасига ташланаётган акулани ҳайдаб юбориб, Тодднинг теварагини ўраб олишди. Сўнг биргаликда қирғоқ томон сузишди. Эркак дарҳол шифохонага юборилди.

Яшавор, Керри!

Керри от.

Шотландиялик фермер Фиона Бойд подадан ажралиб қолган бузоқни онасига қайтармоқчи бўлди. Бу яхшилиги жазоланишини қаердан билсин! Кутилмаганда бузоқнинг ярим тонналик қутурган онаси пайдо бўлди. У Фионага ҳужум қилиб, бир зумда ерга қапиштирди-да, шохлай кетди.

Қўрқиб кетган аёл йиғлаб, бор овозда бақира бошлади. Унинг қичқириғини Керри лақабли от эшитди ва саноқли сониялар ичида бекасининг ёнига югуриб, ҳимояга киришди.

Фиона Бойд бир неча шилиниш ҳамда лат ейиш билан чекланди, холос.

Геймлих услубини қўллаган кучук

Тоби кучук.

Райзинг Санг шаҳри (Мэриленд штати) фуқароси 45 ёшли Дебби Паркхерст жума куни уйда бўлиб, тушлик қилаётганди. Нохосдан томоғига олма бўлаги тиқилиб қолди. Аёл нафас ололмай, бўғила бошлади. Унинг ёнида Тоби лақабли ретривер итидан бўлак ҳеч зот йўқ эди. Жонивор тезда бекасини оёғидан уриб йиқитди ва оёқлари билан кўкрагига босиб, Геймлих услубини қўллай бошлади...

– Дўхтирнинг айтишича, агар Тоби бўлмаганида мен тириклар сафида қолмас эканман, – дейди Дебби Паркхерст.

Итнинг Геймлих услубини қандай қилиб ўзлаштиргани жумбоқлигича қолмоқда. Аммо бу муҳим эмас. Тоби бекасини ўлимдан асраб қолган. Бу эса таҳсинга сазовор эди!

«Ойи-ойи, болакай»

Вилли Квакер тўти

Кўпчилик одамларга тўтиқушларнинг баланд ва ғашга тегувчи қичқириғи ёқмайди, ваҳоланки бу бақир-чақирлар инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Вилли Квакер лақабли тўтиқуш икки ёшли Ханна Куускнинг томоғига нимадир тиқилиб, нафаси қайтганини кўрди-ю, шу ондаёқ қанотларини қоқиб, бор товушида «Ойи-ойи, болакай» деб қичқира бошлади. Бу пайтда Ханнанинг онаси ва энага Меган Ховард ювиниш хонасида эдилар. Хавотирли қичқириқни эшитишгач, ошхонага шошилишди. Ханнага кўзлари тушди-ю дарҳол хавфни бартараф этишди.

Вилли Квакер маҳаллий қаҳрамонга айланди ва «Қизил хоч» ташкилоти маҳаллий филиали томонидан махсус мукофот билан сийланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг