Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

«Тўнкалар қабристони»: Китоб туманида тоғ ўрмонлари аёвсиз кесилмоқда

«Тўнкалар қабристони»: Китоб туманида тоғ ўрмонлари аёвсиз кесилмоқда

Фото:«Xabar.uz»

Даҳшатли манзара

«Яқин келажакда энг қиммат нарса — тоза ҳаво бўлади». Бу ижтимоий тармоқдаги муноқашалардан мен эшитган ташвишли, аммо тагида ҳақиқат кўриниб турган гаплардан биридир.

Қашқадарё вилояти, Китоб туманида улғайганман. Ёшлигимизда баҳор чоғи мактабда тоғларга саёҳат орзуси бошланарди. Чунки қишлоқнинг шимоли-шарқида жойлашган Каттақир, Сўқари, Қўшчинор тоғ ёнбағирлари ва адирлари, Қорамомо чўққиси атрофидаги дўланазор, ёнғоқзорларнинг табиати баҳорнинг «иликузилди» пайтида одамга жон киргизарди.

Аммо бу йил қишлоққа бориб, не кўз билан кўрай-ки, биз ёшликда кўрган ажойиб ўрмонлар жуда ғариб аҳволга тушиб қолибди (суратларга қаранг). Яқин-яқингача бу ёнбағирлар кўм-кўк дарахтзорлар эди. Ҳозир эса қуруқ тўнкалар қолибди. Онда-сонда бир-иккита чалажон дарахтлар шумшайиб турибди. Минг орзулар билан борган жойинг ўзгача чиқса, ўзинг ҳам шу дарахтлар каби касалланиб қолар экансан. Ахир, бу келажак авлодга нисбатан хиёнат эмасми? Бутун бошли ўрмон кесилиб кетса-ю, ҳамма қўлини қовуштириб турса? Саҳрога айланган Орол ўрнида ўрмон барпо этиш ташаббуси бўлаётган вақтда, биз тоғдаги хушҳаво жойларда, тап-тайёр ўрмонни йўқ қилиш билан бандмиз. Бу не бедодлик?

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Агар дарахт кесишга барҳам берилмаса, мамлакатимиз учун сув-ҳаводек зарур ўрмонлар, экотуризм учун қулай ҳудудлар қўлдан кетади, энг ёмони иқлим ва атроф-муҳитга катта зарба берилади.

 Аҳоли нима дейди?

Ориф Пардаев, Китоб туманидаги 50-мактаб директори: - Тоққа чиқдим-у юрагим эзилди. Афсуски, одамлар томонидан тоғ ўрмонларини ўтин қилиш ҳануз давом этмоқда. Айбдорлар ёнимизда, улар ўз ҳамқишлоғимиз, тумандошимиз. Экология бўйича масъуллар нима учун маош олишаётганини ҳам билмаяптилар, чоғи. Мана шу тоғ ёнбағирларида 20 дан зиёд булоқлар бор эди. Ҳозирда улардан асар ҳам қолмади. Қадимгилар бир дўлана қирқ йилда дарахт бўлади, дейишади. Қирқ йиллик дўлананинг умри ўн беш минутда тамом бўлмоқда. Аҳвол шу тариқа давом этса, Китоб тумани дарахтзорлари, теп-текис адир ва бутазорга айланади.

Нуриддин Тўрақулов, мустақил ижодкор: - Шу тоғлар этагидаги Искана қишлоғида истиқомат қиламан. Тан олиш керак, сўлим гўшалар бўлишига қарамасдан экологик ҳолат йилдан йилга ёмонлашиб бормоқда. Дарахтлар асосан Тўпчоқ, Искана, Говхона, Биркунли қишлоқлари аҳолиси томонидан фаол кесилмоқда. «Ётиб қолгунча отиб қол» қабилида машина-машина ўтин қилиб, пуллаётганлар ҳам сероб. Яъни, бу ерда бизнес ҳам кетяпти. Дарахтлар кесилаётганининг асосий сабаби бу ўтин тақчиллиги, газнинг йўқлигидадир. Маҳаллий аҳоли қишдаги совуқда омон қолиш учун дарахт кесишга мажбур. Бир-икки марта «экология»дан келиб сиёсат қилишди, айримларга жарима солишди. Шундан сўнг вазият сал тинчигандек бўлди. Аммо бу вақтинча бўлиб чиқди. Қишлоқдагилар баллонлик газ ишлатади, шунингдек, арзон кўмир ҳам келиб туради. Табиий газ узилганига эса ўн йилча бўлиб қолди.

Сафар Тўраев, ишчи: - Шу халқнинг оддий вакили сифатида менинг мулоҳазам бошқачароқ. Агар халққа табиий газ ва электр энергияси узлуксиз берилса, тоғдаги дарахтларга биров тегмайди. Халқ буни мажбурликдан қиляпти. Тасаввур қилинг, уйингизда газ,чироқ йўқ, лекин уйни иситишга мажбурсиз. Ибтидоий усуллар: ўтин ва таппига қайтиш бўлиши шундан, буни очиқ тан олиш керак. Экология масалани назоратга оладиган кучлироқ тизимнинг ўзи йўқ бу ерда. На туман ҳокимлиги ва на бошқа ташкилотнинг парвойига келади бу масала. Бўлмаса аллақачон муаммо билан шуғулланишар эди. 

Шу ўринда…

Журналист ва филолог Элдор Асановнинг ушбу иқтибоси ва унга илова қилган сурати эътиборимни тортди.

Фото: Элдор Асанов канали

«Вашингтон, Жоржтаун. Дарахтларни ҳимоя қилиш учун улар шундай ўраб олинар экан. Тегинганга жазоси бор экан» дея ёзади муаллиф.

Табиат кечирмайди

Биз бугун ўз қилмишларимиз билан табиатга катта зарар етказяпмиз, буни турли сабаблар билан оқлашга уриняпмиз. Ваҳоланки, келажакда тоза ҳаво, дарахтлар, экология масаласи  муҳимлардан муҳими бўлиши ҳозирдан равшанлашиб қолган. Аҳоли сони, табиат неъматлари ва ресурсларига бўлган талаб соат сайин ўсмоқда. Демак, табиат билан қўпол муносабатда бўлиш эмас, муаммога жўялироқ ечим топиш керак.  

Аввало, Китоб тумани ҳокимлиги, экологик муаммолар билан шуғулланувчи мутасаддилар мазкур муаммога сергакроқ бўлсалар яхши бўларди. Лекин шу йил кузда Китоб тумани марказидаги азим чинорларнинг аямай қулатилгани ва хушманзара кўчалар ялангликка айлангани бу умидимизни соя остида қолдиради...

«Кенжа»миз бўлган Ўзбекистон экологик партиясининг ҳам ҳудудларда фаоллашишини чин дилдан истардик.

Шунингдек, маҳаллий аҳолига инсоф берсин. Биз ҳам ўз неъматларимизни ўзимиз асрашни ўрганайлик. Болта кўтариб ўрмон кесишга кетаётган ҳамқишлоғимизни бу йўлдан қайтариб, ўша ялангликка битта бўлса ҳам кўчат ўтқазайлик. Зеро, табиат билан қасдлашсак,  барибир енгиламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг