Тиббиёт ва техника уйғунлиги

Бугун бутун дунёда барча соҳалар илдамлик билан ривожланмоқда. Айниқса, “техника асри”да рақамли технологияларнинг соҳаларга аралашуви иш унумдорлигини ошириш баробарида ортиқча ҳаракат ва харажатдан сақламоқда.
Биргина тиббиёт мисолида айтадиган бўлсак, ҳозирда рақамли технологияларни жалб қилиш орқали бемор картасини шакллантириш, зарур дори воситаларини “электрон рўйхат” орқали бериш йўлга қўйилди. Ҳозирда соҳани янада ривожлантириш учун кўплаб янгиликларга қўл урилмоқда. Хусусан, дастурий муҳандис Азимхон Султонхўжаев асос солган “Scalesoft” компаниясининг қилаётган янгиликлари алоҳида эътиборга молик. 2018 йилда фаолиятини йўлга қўйган мазкур компания бугун IT соҳасида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
Маълумки, беморларнинг маълумотномаси электрон тарзда тўлдирилиши ортидан, уларнинг киберҳужумга учраш хавфи юқори бўлади. Айниқса, бугун бу каби ҳолатлар кўп бор учраб турибди. Улар томонидан яратилган дастур эса беморлар маълумотларининг киберхавфсизлигини таъминлайди.
Инновацион ёндашув ва хавфсизлик чоралари
– АҚШда ўқиб юрган кезларимда мазкур соҳага қизиққанман, – дейди Азимхон Султонхўжаев. – Кейинчалик Ўзбекистонда дастурлаш бўйича компания ташкил қилдик. Таъкидлаш лозимки, бугун юртимизда барча соҳаларда, жумладан тиббиёт соҳасида ҳам туб ўзгаришлар бўлмоқда.
Айниқса, “Рақамли Ўзбекистон 2030” дастури доирасида соҳани рақамлаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бунда электрон тиббий карталар, телемедицина платформалари ва замонавий диагностика кабилар мавжуд бўлиб, бугун ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Биз ишлаб чиққан дастур ҳам соғлиқни сақлаш тизимида бўлаётган рақамлаштириш жараёнларининг давоми дейиш мумкин.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳар қандай электрон ҳужжат киберҳужумга мойил бўлади. Уларни ҳимоя қилиш эса мураккаб вазифа. Мазкур муаммога ечим топиш мақсадида Splunk ва CrowdStrike дастурларидан фойдаланган ҳолда замонавий ҳимоя тизимини ишлаб чиқдик. Мазкур янгилигимиз беморларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилади ва рухсатсиз киришнинг олдини олади. Шу билан бирга, маълумотлар базаси шакллантирилиб, яхлит операцион тизим ишлаб чиқишда ҳам мазкур дастур анчайин самарали.
Рақамли инновациялар ва самарадорлик
Улар 2019 йилда юртимиздаги Cardioservice Hospital компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Азимнинг ишлари ҳамкорликда сезиларли ўзгаришларга олиб келди: операциялар самарадорлиги ошди, реал вақт режимида маълумотларни синхронлаштириш тиббий карталарга киришдаги кечикишларни камайтириб, тиббий ёрдам кўрсатиш тезлигини оширди.
“Scalesoft” маълумотларни бошқаришни оптималлаштириш учун Azure, Kafka ва Azure LoadBalancer’дан фойдаланиб ишончли маълумотлар архитектурасини ишлаб чиқди. Ушбу инновацион тизим маълумотлар оқимининг узлуксизлигини таъминлаш билан бирга шифохоналарнинг операцион самарадорлигини оширади.
Бундан ташқари, Азимхон бошчилигидаги жамоа OpenSSL дастури ёрдамида шифрлаш протоколларини интеграция қилди. Натижада маълумотларни ҳимоя қилиш кучайтирилиб, касалхонанинг киберхавф-хатарларга қарши барқарорлиги ошди.
Янги имкониятлар
Ушбу ютуқлар Cardioservice Hospital’ни Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш инновациялари етакчиларидан бирига айланишига йўл очиб берди.
Мазкур дастурнинг имкониятлари янада кенг. Хусусан, у қишлоқ ва шаҳар шифохоналарини боғловчи “кўприк” вазифасини ҳам бажара олади. Маълумки, бугун юртимиз аҳолисининг тахминан 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Баъзи ҳолатларда у ерда тиббий хизматдан фойдаланишда сифатли тиббий инфратузилманинг оқсоқланиши кўзга ташланади. А. Султонхўжаевнинг реал вақт режимида маълумотларни синхронлаштириш ва тиббий карталарга хавфсиз масофавий киришни таъминлайдиган инновациялари ушбу қийинчиликларни енгишда қўл келади.
Мазкур тизим шаҳар касалхоналари ва қишлоқ клиникалари ўртасида узлуксиз алоқа таъминлаб, узоқ ҳудудлардаги беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам олиш имконини беради.
Cardioservice’дан ташқари инженер Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда фаол иштирок этиб, турли касалхоналарнинг эҳтиёжларига мослашадиган ечимларни яратмоқда. Унинг машинавий ўқитиш ва сунъий интеллект бўйича тажрибаси беморлар эҳтиёжларини прогноз қилиш, ресурсларни оптималлаштириш ва якуний ташхис қўйиш жараёнларида ёрдам беради.
Ҳозирда АҚШнинг Стэнфорд университети магистранти бўлган Азимхон Султонхўжаевнинг келгусидаги режалари улкан. У келгусида компанияси фаолиятини кенгайтиришни, халқаро тиббий муассасалар билан ҳамкорликда йирик ҳажмдаги ечимларни жорий этишни режалаштирмоқда. Шунингдек, бемор парваришини ва операциялар самарадорлигини ошириш мақсадида сунъий интеллект воситаларини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.
Азимхон каби дастурчиларнинг бугун қилаётган янгиликлари, Янги Ўзбекистондаги барча соҳалар ривожи учун жуда муҳим. Юқорида таъкидланган маълумотлар у асос солган компаниянинг нечоғлик салмоқли фаолият олиб бораётганидан нишона. Умид қиламизки, улар фаолиятини янада кенгайтириб, юртимиз тиббиёт соҳаси ривожига ўз ҳиссаларини қўшишади.
САДРИЙ, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter