Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тепса-тебранмаслар дастидан дод!» — Бухоро туманидаги маҳалла аҳолиси муаммоларга «кўмилиб қолди»

«Тепса-тебранмаслар дастидан дод!» — Бухоро туманидаги маҳалла аҳолиси муаммоларга «кўмилиб қолди»

Бухоро вилояти, Бухоро туманидаги «Гулшанобод» МФЙ, Жонбобо аҳоли пунктидаги муаммолар ҳақида аввал ҳам сўз юритилганди.

Таҳриятимизга ушбу аҳоли пунктидан навбатдаги мурожаат келди. Унда қайд этилишича, мазкур ҳудудда 2012 йилда намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйлар 2014 йилда фойдаланишга топширилган.

«Ботиб қолган» қишлоқ

«Бу уйлар қуриб топширилдию, камчиликлар тўғрисида бирор масъул раҳбар бош оғритишни истамади. Аҳоли сифатсиз қурилган уйларни ҳар йили таъмирлаш ва раҳбарларга мурожаат қилишдан чарчашди. Йўллар абгор ҳолатга келиб қолган. Қишки мавсумда бу йўллардан пиёда юриб бўлмайди. Ер ости сизот сувларнинг яқинлиги ҳисобига шўрланиш жудаям баланд, бу эса уйларга таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Кўчаларда ёритиш чироқлари йўқ. Тунда дайди итларнинг дастидан кўчага чиқиш қўрқинчли. Уйлар қурилган катта йўлдан марказий канализация тармоғи ўтган, лекин хонадонлар негадир бу тармоққа уланмаган. Уйларнинг олд ва орқа томонлари қурилиш чиқиндиларига тўлиб кетган (ўтган йили ҳам бу ҳақда бонг урилганди). Аҳолининг олдинги мурожаатидан сўнг уйларнинг олд томонидаги қурилиш чиқидиларини тозалашга махсус транспорт воситалари жўнатилди ва аҳолининг ўзи томонидан ёқилғилар олиб берилиб, қисман атроф тозаланди. Аммо чиқинди ташланиши тўхтамаяпти» — дейилади мурожаатда.

Электр тизимидаги «ишкаллар»

«Энг қизиғи шундаки, мазкур аҳоли пунктининг ўзи Бухоро туманига қарашли бўлса-да, хонадонлар «Когон туман электр тармоқлари»га уланган. Қишлоқ бир кунда 5-6 соатгача электр тармоқларидан узилиб қолади. Бу ҳолат анчадан буён давом этмоқда. «Когон туман электр тармоқлари»нинг биргина аҳоли боғланиши мумкин бўлган рақами эса доим банд ҳолатда», деб ёзади мурожаат муаллифи.

Шу аҳоли пунктида яшовчи фуқаронинг айтишича, 2019 йилда уйидаги электрон ҳисоблагич «Когон туман электр тармоқлари» корхонаси томонидан замонавий электрон ҳисоблагичга алмаштирилган. Шундан сўнг унинг муаммолардан боши чиқмай қолган: «Янги ҳисоблагич ўрнатишгандан сўнг ҳар куни чироқ ўчиши бир томон бўлса, менинг ҳар ойда тўлайдиган тўловларим бир томон. Чунки бу ЗАМОНАВИЙ ВА АҚЛЛИ» деб ўрнатилган ҳисоблагич бир ойда 200 000 сўм, баъзан эса 250 000 минг сўмгача электр энергияси сарфланган деб кўрсатади. Ваҳоланки, уйда бир кунда 2-3 соат, баъзан 5-6 соатгача чироқ йўқ. Шу масалада Когон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбарига бир неча маротаба ариза билан мурожаат қилдим. На бир ходим келди, на аризамга жавоб қайтарилди. Жорий йилнинг 20.01.2021 куни ҳам яна ариза билан мурожаат қилганимда, аввалига айбни ўзимга ағдаришди, гўёки менинг уйимда қисқа туташув бор ва бу ҳисоблагич шунинг ҳисобига кўп ҳисоблайди деб. Вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб, эртагаёқ одам жўнатамиз деб юборишди. Мана бир неча кун ўтган бўлса ҳам, на бир сас, на бир садо бор», дейди у.

Бу масканда ҳақиқатда кўп муаммолар йиғилиб қолган, асосийлари:

  • Аҳоли масканида ёритиш тармоқлари ўрнатиш;
  • Электр энергиясидаги узилишларни ҳал қилиш;
  • Канализация тармоқларига улаш;
  • Йўлларни таъмирлаш;
  • Дайди итларга чора кўриш;
  • Чиқиндилардан тозалаш.

Маҳаллий аҳоли ҳеч бўлмаганда шу муаммолари ечим топишидан умидвор.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг