Телеканаллар халқни алдашда давом этмоқдами?
Журналист Олимжон Жумабоев ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида Жиззах вилоятида рўй берган қизиқ воқеа ҳақида ёзиб қолдирди.
Маълум бўлишича, Жиззах вилоятининг Бахмал туманига телеканаллардан бирининг мухбирлари ташриф буюрган. (Журналист бу қайси телеканал экани ҳақида аниқ маълумотга эга бўлмагани боис уни келтиришни лозим топмадик. Аслида бу унчалик муҳим ҳам эмас). Оддий деҳқоннинг уйида меҳмон бўлган журналистлар картошка ҳосилини суратга олмоқчи бўлади. Аммо ҳосил яхши бўлмагани боис журналист ажойиб «топилма» қилади: бозордан келтирилган картошкани палак тагига ташлайди. Телевизорга чиқишга иштиёқманд деҳқон гўёки уни кавлаб олган бўлади.
Журналистнинг айтишича, деҳқон Россияда ишлаб топилган пул эвазига олинган «Нексия»ни кўрсатиб, «картошка ҳосилидан шуни олдик», деб айтган.
Савол туғилади: давлат раҳбари деярли ҳар бир чиқишида жойлардаги муаммоларни бор ҳолича, бус-бутун кўрсатиш, ҳақиқатни айтишни талаб қилаётган бир паллада телевидение ходимларининг бундай кўзбўямачилик қилишидан муддао нима? Телеканал ижодкорлари бу орқали нимани исботламоқчи? Фикр-мулоҳазаларингизни ушбу хабарда изоҳ сифатида ёзиб қолдиринг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter