Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Электр энергиясини уйда қандай тежаш мумкин?

Электр энергиясини уйда қандай тежаш мумкин?

Тежамкор бўлмасак, энергетикадаги вазият оғирлашиб бораверади

Энергетик кризислар ва нархларнинг ўзгариши кўпчилик одамларнинг электр энергиясидан тежаб фойдаланишига туртки бўлмоқда. Ушбу харажатларни камайтириш учун, энг аввало, уйимизда нима энг кўп электрни «еб қўйяпти» деган саволга аниқлик киритиш, керак бўлса, баъзи одатларимизни ўзгартиришга тўғри келади.

Франциянинг Schneider Electric энергия истеъмолини бошқариш компанияси (Ўзбекистонда ваколатхонаси фаолият кўрсатади) мутахассислари уй хўжаликларида энг кўп энергия истеъмол қилувчи ускуналар рўйхатини тузиб чиқди. Ушбу рўйхатда иситиш ва совитиш жиҳозлари биринчи ўринни банд қилган – уларнинг ҳиссасига жами истеъмолнинг 50–70 фоизи тўғри келади.
«Кондиционер, чангюткич сингари катта жиҳозлар уй хўжалигида электр истеъмолининг катта қисмини олади. Бундай жиҳозларнинг электр сарфи жами истеъмолнинг 50 – 70 фоизини ташкил қилиши мумкин. Бу – жиҳознинг иситиш ёки совитиш мосламаси эканлигига боғлиқ. Иситиш жиҳозлари совитиш жиҳозларига кўра анча кўп энергия талаб қилади», дейди компания инженери Андрюс Перявичюс.

Унинг сўзларига кўра, сув иситиш мосламалари (бойлерлар) энг кўп энергия сарфловчи жиҳозлар рўйхатида иккинчи ўринда туради. Агар бойлерда иситиладиган сув ювиниш, идиш ювиш, кир ювишга ишлатилса, бу харажатлар ҳиссаси йиллик истеъмолнинг 12 фоизигача етиши мумкин. Электр сув иситкичнинг сарф кўрсаткичлари оила аъзолари сонига ҳамда уларнинг тежамкорлик маданиятига чамбарчас боғлиқ. Баъзи ҳолатларда у ойига 400 киловатт-соатгача етади.

Бундай ускуналарнинг истеъмолини фақатгина қатъий назорат орқали камайтириш мумкин. Масалан, уйда узоқ вақт бўлмаган пайтингиз «таътил» режимини ёқиб қўйиш мумкин. Шунингдек, сувдан ҳеч ким фойдаланмайдиган соатларда бойлерни ўчириб қўйса ҳам бўлади.

Бошқа жиҳозлар

Ўртача олганда, кир ювиш машинаси йиллик истеъмолнинг 2–5 фоизини, идиш ювиш машинаси 2–3 фоизини, электр плита ва духовка 8 фоизини ташкил этади. Табиийки, ушбу электр жиҳозларнинг сарфи улардан қанчалар кўп фойдаланишимизга боғлиқ. Кир ва идиш ювиш машиналарини фақат тўлдирган ҳолда ишлатиш орқали энергия сарфини анчагина камайтириш мумкинлиги исботланган.

Компьютерлар, телевизорлар, гаджетлар ҳам бугунги кунда анча оммалашган ҳамда жами харажатларимизнинг тахминан 10 фоизини «еб қўяди». «Ушбу ускуналар одатда уйдаги тармоқда уланган ҳолда қолдирилади ва ёқилмаган вақтда ҳам ток олади», дейди А.Перявичюс.

Чироқлар ва музлаткич

Уйимизни ёритиш учун ўртача статистикага кўра, жами харажатларнинг тахминан 10–12 фоизи кетади. Агар ёруғлик диодли лампалар ўрнига қуйма лампалардан фойдаланилса, бу кўрсаткич бир неча баравар юқори бўлиши ҳам мумкин. Чироқ ҳақида гап кетганда, электрни тежашнинг энг оддий усули – ҳеч кимга керак бўлмаган хоналарда чироқни ёқиқ қолдирмасликдир.

Стандарт музлаткич йилига ўртача 150 киловатт-соат энергия истеъмол қилади. Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, музлаткич хона девори ёки бурчагига ўта яқин қўйилса ва ҳаво айланиши яхши бўлмаса, жуда иссиқ хонада турса, энергия сарфи ошиб кетади. «Яна бир жиҳат – музлаткич 3/4 қисмга тўлдирилган ҳолатда самарали ишлайди. Шу сабабдан унинг эскирган нарсалар билан тўлиб қолишига йўл қўймаслик керак», дейди А.Перявичюс.

Хулоса ўрнида айтганда, уйда ҳамда офисда аксарият энергия тежамкор ечимларни тез ва осонлик билан рўёбга чиқариш мумкин. Бунинг учун алоҳида инвестиция ёки катта бир меҳнат талаб этилмайди. Аввало, ўз хонадонимизни (ёки офисимизни) вақт ажратиб аудитдан ўтказишимиз лозим бўлади. Ҳар ким бугунги истеъмол кўрсаткичидан қатъи назар, тежаш учун қандайдир ортиқча нарсани топади.

Бу ерда яна бир жиҳатни унутмаслик лозим. Фанда «Хулқ-атвор иқтисодиёти» деган назария бор (унинг асосчиларидан бири бўлган Ричард Талер 2017 йилда Нобель мукофотига лойиқ кўрилган). Ушбу назарияга кўра, одамлар баъзида ўз хулқ-атворига зид бўлган, иқтисодий иррационал ҳаракатлар қилади. Масалан, фитнес-клубга абонемент сотиб олади, аммо бормайди.

Энергия ҳамда сув ресурсларидан фойдаланишда тежамкор ва масъулиятли бўлиш, аввало, ҳеч бўлмаганда, ўз истеъмолини қатъий назорат қилиш кўникмаларини шакллантиришда айнан шу иқтисодий моделдан самарали фойдаланиш мумкин. Оддий мисол: сизнинг телефонингизга ҳар ой келадиган ойлик электр истеъмоли тўғрисидаги одатдаги қуруқ статистик маълумот билан бирга, ушбу хонадон бир ойда ўз маҳалласи, тумани ва республикадаги ўртача истеъмолдан кўпроқ/камроқ ишлатгани кўрсатиб берилса, бу маълумот ҳар қандай одамни ўйлашга, ўз истеъмолини «жиловлашига» жуда кучли туртки бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг