Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тартиб қоидани бузганлар 2 йил имтиҳонга киритилмаслиги маълум қилинди

Тартиб қоидани бузганлар 2 йил имтиҳонга киритилмаслиги маълум қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Шартнома асосида Корея Республикасига вақтинчалик меҳнат фаолиятини муваффақиятли тугатиб, Ўзбекистон Республикасига қайтиб келган фуқаролар учун жорий йил 20-29 октябрь кунлари махсус тест имтиҳони ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар бермоқда.

Махсус тест имтиҳонида 1607 нафар фуқаро иштирок этиши режалаштирилган. Бугунги кунгача Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида карантин қоида ва талабларига риоя қилган ҳолда 500 дан зиёд фуқаро тест имтиҳонини топширган.

Махсус тест имтиҳони ўтказилаётган махсус хонада коррупция ҳолатларини олдини олиш, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилган. Тест жараёни Корея Республикаси Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати масъул ходимлари томонидан назорат қилинмоқда. Фуқаролар учун тест жараёнларини онлайн тарзда кузатиш имкони яратилган.

ИИБ ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари тестга кирувчиларни тегишли ҳужжатлари, фуқаролик паспортларини текширмоқда.

«Афсуски, баъзи ноқонуний хатти-ҳаракатлар, яъни тест қатнашчилари имтиҳонга ўз ўрнига ўзга шахсларни киритишга бўлган уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Агентлик ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида 21 октябрда 8 нафар, 22 октябрда 2 нафар фуқаро имтиҳонга ўзга паспорт билан киришга урингани аниқланди. Имтиҳонга киришга уринган шахслар тегишлилиги бўйича туман ИИБ ходимларига топширилди.

Юқоридаги каби тартиббузарликларни амалга оширган фуқаролар ҳамда фуқаролик паспорти эгалари Корея Республикасининг талабига биноан тест имтиҳонига 2 йил муддатгача киритилмаслиги ҳақида эслатиб ўтамиз. Фуқаролардан махсус тест имтиҳони тартиб қоидаларига қатъий тартибда риоя қилишларини сўраймиз», — дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг