Танзила Норбоева Сенат мажлисида Элмира Боситхоновага танбеҳ берди
Сенат раиси Танзила Норбоева соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага танбеҳ берди.
Ҳодиса Сенат ялпи мажлисида молия вазири Тимур Ишметов давлат бюджетининг 2022 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси юзасидан ҳисобот бераётган вақтда содир бўлди.
Ҳисобот пайтида сенат аъзоси Манзура Салимова чала туғилган чақалоқлар учун зарур дори воситалари қамрови юзасидан савол берди.
«Чалалик — эрта туғилиш билан боғлиқ бўлган чақалоқларимизнинг яшаб кетиш омилига таъсир қилувчи «Сурфактант» дори воситаси бор. Ушбу дори воситаси 6 ойлик муддатда эҳтиёжимизнинг 10 фоизинигина қамраб оляпти, холос. Бу дори воситаси чақалоқларнинг ҳаётини сақлаш учун зарур ҳисобланади. Ушбу дорилар билан узлуксиз таъминланиш чора-тадбирлари бўйича қандай фикрлари бор?», — дея савол берди сенатор.
Ушбу савол бўйича вазир ўринбосари Элмира Боситхонова «10 фоиз деб рақам қаердан олингани таҳлил қилиниб, жавоб берилади», деди.
Танзила Норбоева юқори палатага фақатгина аниқлаштиришган рақамлар олиб чиқилишини айтиб, Боситхоновага танбеҳ берди.
«Бу аудиторияга ҳаммаси таҳлил қилинган, текширилган рақамлар олиб чиқилади. Уни нотўғри дейиш умуман мумкин эмас. Қаердан олдинглар? Олдинги сессияларда ҳам рақамлар нотўғри деган бир-иккитаси бўлганди. Кейин ҳамма рақамлар тўғри эканини кўрсатдик...», — қайд этди Сенат раиси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter