Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танасидан игналар топилган чақалоқ бўйича жиноят иши ёпилди. Аслида нималар бўлганди?

Танасидан игналар топилган чақалоқ бўйича жиноят иши ёпилди. Аслида нималар бўлганди?

А.Абдумажидовнинг рентген суратлари

Кадр: «YouTube»

Бундан бир неча ой муқаддам тошлоқлик 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Жорий йилнинг 14 март куни ушбу кичкинтой Азизбек Абдумажидов соғайиб, уйига ҳам қайтган эди.

Шу билан мазкур ҳолат унут бўлгандек эди гўё. Чақалоқ уйига соғ ҳолатда қайтганининг ўзи барчасини унутишга сабаб бўлиши мумкин. Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор. Игна ва сим бўлаклари гўдак танасига қандай кириб қолгани ҳақида ҳеч ким сўнгги маълумотни бермади.

Ҳолбуки, Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Гулноза Раҳимова содир бўлган ушбу ҳодиса бўйича ҳақиқатни аниқлаш ҳамда қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида 2018 йил 24 январда Тошлоқ тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилгани ва А.Абдумажидовнинг танасига игналарнинг тушиш сабабларини аниқлаш мақсадида қатор экспертизалар тайинланганини айтган эди.

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, А.Абдумажидовнинг иши бўйича сўнгги маълумотларни билиш учун Фарғона вилоят прокуратурасига расман мурожаат қилдик ва қуйидагича жавоб олдик:


«Фарғона вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан 2017 йил 11 февралда туғилган А.Абдумажидовнинг ички аъзоларидан кўплаб игналар топилгани юзасидан ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Аниқланишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилоят филиали томонидан А.Абдумажидов қабул қилиниб, 2018 йил 15 январда ўтказилган тиббий текширувда унинг ички аъзолари турли жойларида кўплаб игналар борлиги аниқланиб, зудлик билан Республика илмий маркази жарроҳлик бўлимига юборилган ва марказнинг жарроҳлик бўлими томонидан А.Абдумажидовнинг ички аъзоларидан жами 11 дона пўлат игна ва сим бўлаги чиқариб олиниб, қолган 3 дона игналар олинмаган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, жарроҳлик операциясида А.Абдумажидовнинг қорин бўшлиғи ва унинг атрофида жойлашган ички аъзоларидан жами 10 дона игна ҳамда тўғри ичак ва сийдик қопи орасидан 1 дона сим бўлаги олиб ташлангани, игналарни характери ва хусусиятларига кўра, оғиз орқали қизилўнгачдан сўнг ошқозон бўшлиғига тушиб, тананинг ҳаракати, мускулларнинг қисқариши, қизилўнгач, ошқозон ичаклар перистальтикаси оқибатида миграция бўлиб, ўз йўналишини ўзгартирган бўлиши мумкинлиги, чақалоқнинг чап бўйин ва чап ёнбош соҳаларида аниқланган игналар ташқи куч таъсири остида танага киритилган бўлиши мумкинлиги, мазкур аниқланган жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган «оғир» шикастлар тоифасига кириши қайд этилган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Ш.Б.нинг айтишича, 2017 йил ноябрь ойининг ўрталарида фарзанди А.Абдумажидов касал бўлгани учун шифохонада даволаниб чиққан. Декабрь ойида фарзандининг чап чов, орқа бел ва бўйин соҳаларида шишлар пайдо бўлган, шифокор маслаҳати билан шишган жойларга маз суртган, фарзанди истималашни бошлагандан сўнг, шифохонага олиб борганида унинг ички аъзоларида игналар борлиги аниқланган. Кейин Тошкент шаҳрига юборилган фарзанди шифохонада даволанган, фарзандига бирон-бир шахс томонидан игна юттирилмаган, балки унинг ўзи игналарни ютиб юборган бўлиши мумкин.

Маълум бўлишича, онаси дўппи тикиш билан шуғулланган, ҳаво ҳарорати совуқ бўлгани боис оила аъзолари барчаси битта хонада яшаб келишган. Онаси Х.Б. 2017 йил ноябрь ойларининг бошларида маҳалласида жойлашган бозордан сотиб олган игналари йўқолиб қолган, ушбу игналар ўралган ҳолда бўлган ва фарзанди уларни ўралган ҳолда ютиб юборган бўлиши мумкин. Чунки гўдак сўнгги вақтларда қўлига кирган буюм ва нарсаларни оғзига солишга ўрганиб қолган. Она фарзандининг кўк енгли футболкасидан аниқланган қон доғи унинг ёнбошига укол қилинганидан сўнг у ердан чиққан қон доғлари ҳам бўлиши мумкинлигини, фарзандини ички аъзоларида игналар топилгани ҳолати бўйича бирон-бир шахсдан гумони йўқлигини билдирган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Х.Б. тирикчилик учун аёллар дўпписини тикишини, 2017 йил ноябрь ойи бошларида Навбаҳор қишлоғида жойлашган бозордан 6000 сўмга бир тўплам игна ва совун сотиб олганини айтган. Кейин ушбу игналарни қўйган жойидан, яъни яшаш хонаси токчасидан топа олмаётганини, ҳаво совуқ бўлгани сабабли қизи, набираси ва турмуш ўртоғи билан битта хонада яшаётганини, невараси ўзи игналарни ютиб юборган бўлиши мумкинлигини, чунки невараси қўлига кирган буюмни оғзига солишини билдирган.

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Марғилон шаҳар болалар шифохонаси жарроҳи Д.Маллаханов ўз кўрсатмасида, 2017 йил декабрь ойида А.Абдумажидовни қабул қилиб, унинг танасидаги шишлар бўйича маз суртишни тавсия қилган. Лекин танада жароҳат излари ёки жароҳатдан қолган асоратлар бўлмагани, ташқи куч таъсирида игналар танага киритилган тақдирда жароҳат излари қолишини билдирган.

Чақалоқ А.Абдумажидов шифохонадан уйига қайтмоқда
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жиноят иши бўйича сўроқ қилинган Тошлоқ тумани марказий шифохонаси болалар бўлими шифокори Х.Ҳошимова ўз кўрсатмасида айтишича, 2017 йил 18 ноябрь куни соат 19.45 ларда Тошлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси қабулхона бўлимига Тошлоқ тумани, Найман ҚФЙ, Истиқлол кўчасида яшовчи 11.02.2017 йилда туғилган Абдумажидов Азизбек олиб келинган. Шундан сўнг навбатчи врач бўлгани учун уни кўрикдан ўтказиб, унга «ўткир ларинготрахеит, гипертермик синдром, биринчи даражали ҳиқилдоқ стенози» ташхисини қўйган. Болачанинг аҳволи оғир бўлиб, 2 кундан буён тана ҳарорати кўтарилиб турган, овози бўғилиб йўталган, оғиз қисмидан нафас олиши қийинлашган. Боланинг томоғини шпател ёрдамида кўрганида, лимфа тугунлари катталашмаган, томоғида қизариш бўлмаган, ўткир ларинготрахеит, яъни ўпка нафас йўлларининг шамоллаши ташхисини қўйган. Боланинг томоқ қисмида ўзгаришлар сезмаган. Бола шифохонада 25 ноябрь кунига қадар даволаниб, сўнгра уйга рухсат берилган. Уни ечинтириб, баданини кўздан кечирган, бироқ танасида жароҳат излари ёки жароҳатдан қолган асоратлар бўлмаган.

Жиноят иши бўйича вояга етмаган А.Абдумажидов билан бирга истиқомат қилиб келган онаси Ш.Б., бувилари Х.Б., У.Қ., опоқилари М.Б. ва А.Х., тоғаси С.У., холаси З.У., келинойиси Ж.У.нинг руҳий ҳолатини текшириш юзасидан ўтказилган суд психиатрия экспертизаси хулосаларига кўра, улар руҳий соғлом бўлиб чиққан.

Суд-тиббий экспертизасининг 2018 йил 7 мартдаги 49-сонли хулосасига кўра, жарроҳлик операциясида А.Абдумажидовнинг қорин бўшлиғи ва унинг атрофида жойлашган ички аъзоларидан жами 10 дона игна ҳамда тўғри ичак ва сийдик қопи орасидан 1 дона сим бўлаги олиб ташланган. Игналар оғиз орқали қизилўнгачдан сўнг ошқозон бўшлиғига тушиб, тананинг ҳаракати, мускулларнинг қисқариши, қизилўнгач, ошқозон ичаклар перистальтикаси оқибатида миграция бўлиб, ўз йўналишини ўзгартирган бўлиши мумкин. Бу жароҳатлар ҳаёт учун хавфли бўлган «оғир» шикастлар тоифасига кириши, бироқ вояга етмаган А.Абдумажидовнинг баданига ташқи томондан киритилганини характерловчи излар ва белгилар мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Жиноят иши бўйича гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган М.Низомитдинов ўз кўрсатмасида, вояга етмаган А.Абдумажидовнинг қорин бўшлиғидан 2 дона игна қайта чарви халтасига ўралган ва мустақил ҳолатдалиги, 2 дона игна қорин бўшлиғи чап ёнбош каналида қийшиқ кўндаланг ҳолатдалиги, 1 дона игна ингичка ичак тутқичида тўғри жойлашгани, 1 дона игна кўндаланг чамбар ичак тутқичида, 1 дона игна қорин олди девори чап томонида, 1 дона игна қораталоқда кўндаланг жойлашгани, 1 дона игнасимон ичак бўшлиғида, сим бўлаги тўғри ичак ва сийдик қопи орасида ёпишган «V» кўринишдалиги, 1 дона игна чап бўйин мушак орасидан кўндаланг-қийшиқ ҳолатдалиги, шунингдек, бўйин қисмининг ўнг томонидан ҳам 1 дона игна кўндаланг тургани, кўкси оралиғида иккита игна ва бўйин умуртқа поғонаси оралиғида битта игна аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат ушбу кодексда назарда тутилган тартибда топилган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлиги, гумон қилинувчидан, айбланувчидан, судланувчидан, жабрланувчидан, гувоҳдан ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслардан зўрлаш, қўрқитиш, ҳуқуқларини чеклаш ва қонунга хилоф бўлган ўзгача чоралар билан кўрсатувлар олишга ҳаракат қилиш ман этилишини, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозимлиги кўрсатилган.

Жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган А.Абдумажидовнинг ички органларидан игналар топилгани ҳолатида қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмаганини инобатга олиб, 2018 йил 31 март куни жиноят иши бўйича ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган».


Хуллас, кўриб турганингиздек, ҳеч қандай жиноят аломатлари ва характерлари топилмагани сабабли мазкур иш ёпилган. Муҳими, чақалоқ ҳозир соғ-саломат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг