Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танасидан 16та игна чиққан чақалоқ хонадонининг аҳволи оғир

Танасидан 16та игна чиққан чақалоқ хонадонининг аҳволи оғир

Фото: «Халқ сўзи Online»

2018 йилнинг энг шов-шувли бу ғайриоддий воқеаси қандай қилиб хаёлдан кўтарилиш мумкин?! 9 ойлик чақалоқлигидан мамлакатимизга таниқли бўлиб улгурган Азизбек Абдумажидов шу йилнинг 11 февраль куни икки ёшга тўлди. Дадаси Алижон Худойбердиев ва онаси Шоҳсанам Болтабоева ўтган 2018 йилда бўлиб ўтган воқеалар туфайли руҳий зўриқиш онларини бошдан кечирди. Бу йил бошида эса тилаб-тилаб олган фарзанди Азизбекнинг таваллуд кунини «Меҳнатобод» МФЙга қарашли Янги йўл кўчасидаги янги кўчиб ўтган, ҳали қурилиши охирига етказилмаган хўжаликда нишонлашди, деб хабар берди «Халқ сўзи Online».

«Шифокорларга раҳмат. Биринчи операцияси мутлақо бепул, беминнат, муваффақиятли амалга оширилди. Ўғлимнинг аҳволи ҳозир жуда яхши. Лекин Азизбекни ҳар олти ойда пойтахтда кўрикдан ўтказамиз. Ўтган йили 12 сентябрь куни Тошкентга олиб борганимизда шифокорлар ўғлимда ҳаётига хавф соладиган нохуш ўзгаришлар йўқлигини айтишди. Барибир жуда хавотирдаман. Танасида яна 3 дона сим ва игна олиб ташлангани йўқ. Кўкрак қовурғаси ҳамда бўйин қисмида, юрак орқа томони — умуртқа олдига жойлашиб қолган игналарни чиқариб ташлаш учун яна операция зарур. Шифокорларнинг таъкидлашича, бундай амалиёт учун боламиз ҳали етарли жисмоний қувватга эга эмас. Жигарбандим янада кучга тўлиб олиши керак экан. Бу ёғини сўрасангиз, операциядан олдинги майда борди-келди ва бошқа харажатларга ҳам кучимиз етмайди, афсуски. Олти ой муддат «лип» этиб ўтиб кетди. Шу ойда яна Азизбекни шифокор кўригига олиб бориш зарур», — дейди онаси Шоҳсанам Болтабоева.

Фото: «Халқ сўзи Online»

«Биласиз, янги уйга кўчиб ўтиш ва рўзғорни бут қилиб олиш учун қишлоқ шароитида кўп меҳнат талаб этилади, – дейди Азизбекнинг отаси Алижон Худойбердиев. – Буни яширадиган жойи йўқ. Аёлим Шоҳсанам бола тарбияси ва уй ишлари билан машғул. Ўзим ўғлимнинг бошидан кечирган нохуш ҳолатлари туфайли мигрант бўлиб ишлашдан воз кечдим. Ҳозир муқим иш топгунча кунлик ёлланма иш билан машғулман. Тўғри, янги кўчиб ўтган уйимизда 10 сотих томорқамиз бор. Ундан унумли фойдалансак бўлади. Ялқов эмасман-у, агар томорқа билан машғул бўлиб қолсам, кундалик тирикчиликдан қолиб кетамиз. Кейин бизни ким боқади? Амал-тақал қилиб кунлик рўзғорга керак бўладиган маблағни зўрға топиб келяпман. Ҳозир турмуш ўртоғим билан бор диққатимизни ўғлимнинг бутунлай соғайиб кетишига зарур сармоя йиғиш билан бандмиз. Телевизорда кўрсатишяпти, томорқадан унумли фойдаланиш учун шароити бўлмаган шахсларга давлат, банк ва яна айрим ташкилотлар ҳар томонлама ёрдам беришаркан. Тўғриси, шундан умидимиз бор. Туман ҳокимлиги ёки мутасадди ташкилотлар бизнинг оёққа туриб олишимиз ва томорқамиздан унумли фойдаланишимизга биринчи кўмакни кўрсатишса, у ёғига эру хотин эплаб кетардик. Фақат бошланишига қўлимиз калталик қиляпти-да...»

Шоҳсанамнинг айтишича, бир муддат аввал Тошлоқ тумани Халқ қабулхонаси ва туман ҳокимлигига ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бироқ бу мурожаатга бирор-бир жўяли жавоб берилмаган. Тўғри, маҳалла аҳли ёки қариндош-уруғлар томошабин бўлиб туришгани йўқ. Лекин «ҳа» деган туяга мадад, дейдилар.

Маҳалладошларнинг айтишича, янги маҳалла Катта Фарғона каналининг ёқасида жойлашгани учун деҳқончилик қиладиган ерлар зах. Ҳатто, ковланса, бир ярим метрдан сув чиқиб кетаркан. Мевали дарахтлар эса айни мевага кирган паллада зах туфайли қуриб қолаверади. Шунинг учун қўни-қўшнилар чорва боқишни маъқул кўришади. Назаримизда, мурғак Азизбекнинг ота-оналари Алижон Худойбердиев ва Шоҳсанам Болтабоевага ҳам чорва олишда, янада аниқроғи, уларнинг бошига тушган ташвишлардан холи бўлиб оёққа туриб олгунларигача кенг жамоатчилик вакиллари, савобталаб инсонлар ва мутасаддиларнинг ёрдами зарур.

Айни пайтда боланинг ҳаётига хавф етказмайдиган даражада танада жойлашган учта игна ҳалигача организмда қолмоқда. Ўтган йили бу ҳолат юзасидан жиноят аломатлари топилмаганлиги боис тергов ҳаракатлари тўхтатилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг