Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Танага спирт пуркаш коронавирусни йўқ қила оладими? Вирус бўйича муҳим савол-жавоблар

Танага спирт пуркаш коронавирусни йўқ қила оладими? Вирус бўйича муҳим савол-жавоблар

Янги типдаги коронавирус хусусида расмий маълумот тарқатадиган «Koronavirusinfo» канали ушбу касалликка оид айрим керакли савол-жавобларни тақдим этди.

Эслатиб ўтамиз, канал Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АОКА, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил қилинган.

1.Танага спирт ёки хлор пуркаш тожсимон вирусни йўқ қила оладими?

Йўқ, танага спирт ва хлорни пуркамаслик керак. Улар танага кирган вирусларни йўқ қила олмайди. Аксинча, улардан фойдаланиш кийим, кўз ва оғиз учун зарарли бўлиши мумкин. Спирт ва хлордан фойдаланиш тавсия этилган ўринларда қўлланилса, спирт юзаларни дезинфекциялаш учун фойдали бўлади.

2. Тожсимон вирус узоқ масофаларга ҳаво орқали тарқалиши мумкинми?

Йўқ, тожсимон вирус узоқ масофаларга ҳаво орқали тарқалмайди. Бу вирус асосан йўталган ёки аксирган пайтда касал одамнинг оғзидан ёки бурнидан сачраган томчилар орқали юқади. Бу томчилар оғир бўлгани учун ҳаво орқали узоқ масофаларга етиб бориши мумкин эмас. Лекин ўша йўтал ёки акса уришдан сачраган томчилар теккан сиртга ёки нарсага тегиб, кейин қўлини кўзга, оғизга ёки бурунга теккизган одамга ҳам юқиши мумкин. Шунинг учун қўлларни спиртли воситаларда тез-тез тозалаш ёки уларни совун билан ювиб туриш керак.

3. Ишлатилган ниқобларни қайта ишлатиш мумкинми? Ниқобларни қўлни дезинфекциялаш воситаси билан дезинфекция қилиш мумкинми?

Йўқ, ишлатилган ниқобларни қайта ишлатиш ёки ишлатилгандан кейин дезинфекциялаш мумкин эмас. Нафас йўли юқумли касаллигига чалинган, жумладан, тожсимон вирус юқтириб олган киши билан мулоқотда бўлсангиз, ниқобнинг ташқи тарафига инфекция тушган бўлади. Шунинг учун ниқонинг ўша ташқи тарафига қўл теккизмай туриб, ундан халос бўлиш керак. Ниқобни ечгандан кейин қўлларни спирт билан ишқалаш ёки совунлаб ювиш шарт.

4. Ҳомиладор аёллар тожсимон вирус инфекциясига кўпроқ мойил бўладими ёки инфекция асоратлари уларга кўпроқ таъсир қиладими?

Ҳомиладор аёлларнинг тожсимон вирусга чалиниш эҳтимоли кўпроқ экани ёки инфекция асоратларига кўпроқ мойил экани ҳақида аниқ тасдиқланган илмий-тадқиқотлар хулосаси йўқ. Лекин умуман олганда, ҳомиладор аёлларда иммунитет бироз пасайиши ёки бошқа физиологик ўзгаришлар кузатилади, натижада улар нафас йўллари инфекциясига нисбатан кўпроқ заифлашиб қолиши мумкин. Шунинг учун гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда бу вируснинг уларга юқишидан эҳтиёт бўлиш керак: қўлларни доим ювиб юриш, касалланганлардан четланиш керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг