Таҳқирланган аёлнинг видеоси қандай қилиб интернетга чиқиб кетди?
Бош прокуратура ахборот хизматининг расмий хабарига кўра, 2018 йил 22 июнь куни фуқаро Н.Т. ариза билан мурожаат қилиб, 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар уни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилишганини билдирган.
Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, 2018 йил 3 июнь куни соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг «Деҳқон бозори»да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишганлиги аниқланган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур этиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган.
2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозир С.Умаров ушланган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳар ИИБда мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ушбу мавзу юзасидан суриштирув ишларини давом эттирган ҳолда воқеа қаҳрамони — жабрланган аёл, каттақўрғонлик Н.Т. билан боғланиб, у билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган эди.
«Xabar.uz»га маълум қилишларича, ушбу видеонинг интернетга тарқалиб кетиш тафсилотлари ҳам маълум бўлди. Гап шундаки, Каттақўрғондан жазман топган С.Умаров бир куни ўша аёлникига боради. Кечаси ухлаб қолганида унинг телефонини «кавлаган» жазмани ушбу видеолавҳани топиб, ўз телефонига ташлаб олади.
Кейинроқ С.Умаровдан аразлаган номаълум жазман алам устида ишдан бўшаб кетган собиқ мелиса «таниши»га бу лавҳани тақдим қилади. У эса бутун дунёга тарқатиб юборади.
Лекин бу ҳақда ҳозирча расмий маълумот йўқ. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter