Тадбиркорга тегманг. Лекин контрафакт нима бўлади?!
«Июль-август ойларида барча жойларда мактаб бозорлари ташкил этилиб, уларда дафтар ва китоб савдоси чаққонлашади», — деб ёзмоқда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги расмий сайти.
Мўмай даромад илинжида юрган айрим шоввоз тадбиркорларнинг шу пайтга келиб «куни туғади». «Давринг келди сур бегим» деган матални дастак қилиб «отини қамчилайди». Қайси бир ертўлаларда бекиниб олиб контрафакт маҳсулотлар тайёрлашга киришади, турли айланма йўллар билан божхоначилар кўзини шамғалат қилиб, таълим стандартларига мос келмайдиган матбаа маҳсулотлари билан бозорларни тўлдиради.
Натижада чизсанг йиртилиб, бўясанг ранглари чаплашиб кетадиган расм дафтарлари, катак ва ёзувларини кўз базўр илғайдиган, муқовасида миллий маънавиятимизга мутлақо зид турли суратлар акс этган дафтарлар ўқувчилар сумкасидан жой олади.
Хорижий мультфильмлар ва эртак қаҳрамонлари акс этган, беҳаёлик, «оммавий маданият» тарғиб этилган расм дафтарлари (раскраскалар) эса фарзандларимизни «тарбиялай» бошлайди.
Биринчидан, бу сохта тадбиркорлар «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Давлат рамзлари тўғрисида»ги қонунлар, давлат стандартлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни оёқости қилаётган бўлса, иккинчидан, қоида бўйича ҳалол ишлаётган, солиқ ва мажбурий тўловларни виждонан тўлаётган тадбиркорларнинг манфаатига, энг муҳими, жондан азиз бўлган фарзандларимизнинг соғлигига зиён етказаяпти.
Уларни сотиб олаётган бизлар-чи? Сохта «тадбиркорлар»нинг гуллаб-яшнашига, қинғир ишларини рағбатлантиришга ҳисса қўшмаяпмизми?! Назаримизда, ҳар бир ота-она бугун ана шу саволларни бир марта бўлса-да дилидан ўтказиши керак.
Айтиш керакки, бугун тадбиркорлик — давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз томонидан тадбиркорларга кенг имкониятлар эшиги очилди. Уларнинг фаолиятига аралашиш, турли текширувлар ўтказиш тақиқланган. Аммо бу ишонч, имконият ва имтиёзлар истаган нарсани амалга ошириш, амалдаги қонунларни оёқости қилиш мумкин дегани эмас-ку! Улар ўзларининг номақбул фаолиятини тадбиркорлик дея хаспўшлашга ҳаққи борми?
Айрим «тадбиркор»лар эса дарсликларни ноқонуний чоп этиб, сотувга қўйишмоқда. Бу, ўз навбатида, билим олиш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ўқув дарслиги сифатида тақдим этилган китоблар ҳаддан ташқари кичик форматда, имловий ва услубий хатолар билан, сифатсиз қоғозларда чоп этилмоқда. Бундай контрафакт маҳсулотлар бугун халқ тилидаги «Солнечный» (Илм шуъласи) бозорида «бижғиб», «болалаб» ётибди. Вилоятларга машина-машина қилиб ташиб кетиляпти.
Шу боис Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бошқа ташкилотларни ҳамда жамоатчиликни мазкур муаммони бартараф этишда ҳамкорликка чорлайди. Амалдаги қонун ҳужжатларига чап бераётган бу каби «тадбиркор»лар фаолиятини тартибга солиш, уларга нисбатан кескин таъсир чораларини қўллаш кечиктириб бўлмас вазифа. Зеро, ушбу муаммо бевосита келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тақдири, унинг эртанги куни билан бевосита боғлиқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter